Мусулмонлар орасида турли ихтилофларни қўзғаётган бемазҳабларнинг фаолиятлари ҳам ўзига хос. Одатда, ихтилофни қўзиган шахс одамларга кўринмайди. Балки ўз одамини юбориб, «фалончига мана бу саволни бер, у ундай деса, сен бундай дегин» қабилида гап ўргатади. Ҳалиги одам унинг айтганини қилиб, мусулмонлар ичида ихтилоф қўзғайди. Бу ҳолат бир эмас, бир неча кишидан, бир неча марта такрорлангандан кеийн, ихтилоф тарқалиб, ўз кучини кўрсата бошлайди. Баъзи одамлар, биз нотўғри иш қилаётган эканмиз деб, ихтилофчига ергашади. Бошқалари шубҳага тушади. Учинчиси: «Шу пайтгача қилган ибодатимиз нима бўлди?» дейди ва ҳоказо. Охири, одамлар орасида катта нохушлик содир бўлади.
Бу пайтда ихтилофчиларнинг «мулла»си ўзининг югурдакларига яна бошқа бир ихтилофни ўргатиб, уларни кишилар ичига юборишга тайёрлаётган бўлади. Югурдаклар эса, ўзларига айтилган, ихтилоф қўзғаш учун тўқилган сафсатани тўтиқушдек такрорлашга ошиқаётган бўладилар. Аммо аста-секин уларнинг сирлари фош бўлиб, башаралари кўпчилик ичида намоён бўлмоқда.
Муҳтарам имом домлаларимиздан бирлари масжидда намозхонларга бир масалани баён қилибди. У кишининг олдига бир одам келиб: «Сиз хато қилдингиз, аслида бундай бўлади», дебди. Домла: «Бу гапни қаердан олдингиз?» деса, «китобда бор», дебди. Имом домла: «Ўша китобни олиб келинг, ўқиб кўрайлик», дебди. Ҳалиги одам китобни олиб келиб, мазкур масала ёзилган жойини қўли билан кўрсатибди. Домла ўқиб кўрсалар, «Бу масалада мана бу гапни айтганлар ҳам бор», деб ихтилофчининг гапи ёзилган ва давомида: «Аммо бу гапнинг тўғриси бундай», деб домланинг гапи ёзилган экан. Домла: «Мана, мен айтган гап тўғри экан-ку», деб кўрсатсалар, ихтилофчи: «Мен ўқишни билмайман», дер эмиш. Араб тилини билмайдиган одам ўша тилдаги китобни кўтариб олиб, олим одам билан тортишгани келибди!
Кейинчалик, маълум бўлишича, ихтилофчиларнинг «мулла»ларига ҳам кўрсатмалар чет элдаги хўжайинларидан келар экан. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, дунё мусулмонлари орасида ихтилоф қўзғаш ишлари халқаро марказдан бошқариб борилмоқда. Эндиликда ихтилофчи бемазҳабларнинг «мулла»ларига марказдан факс, электрон почтада ёки интернет орқали кўрсатмалар келмоқда. Улар мазкур кўрсатмаларни таржима қилиб, югурдакларни кўтариб олиб, мўмин-мусулмонлар ичида ихтилоф уруғини сочмоқдалар. Ушбу сатрларда зикр қилинаётган ихтилофлар нафақат Ўзбекистон, Ўрта Осиё ёки МДҲ давлатларида, балки бутун дунёда мусулмонларнинг бошини қотирмоқда.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ.
“Ихтилофлар сабаблар ечимлар" китобидан.
Бугун, 2 сентябрь куни Бухоро шаҳридаги Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасида янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриш, олдинда турган устувор вазифаларни белгилаш ҳамда таълим сифатини янги босқичга олиб чиқишга бағишланган кенгайтирилган мударрислар кенгаши бўлиб ўтди.
Анъанага кўра, тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Тинчлик-осойишталик, илм даргоҳи фаолияти ривожи ҳамда талабаларнинг илм йўлидаги саъй-ҳаракатларига муваффақият ва барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Шундан сўнг таълим муассасаси директори Жалолиддин домла Сабуров, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Нарзилло домла Аҳмедов ҳамда маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Асадуллоҳ домла Нажмиддиновлар кун тартибидаги асосий масалалар юзасидан маъруза қилдилар.
Кенгаш давомида янги ўқув йилида амалга ошириладиган ташкилий ва ўқув-услубий ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан:
Таълим сифатини ошириш: Дарс машғулотларини юқори илмий савияда, замонавий педагогик технологиялар ва интерфаол усуллар асосида ташкил этиш;
Маънавий-маърифий тарбия: Талаба-ёшларни асрий миллий ва диний қадриятларимизга садоқат руҳида камол топтириш, уларда китобхонлик ва илмга бўлган рағбатни янада кучайтириш;
Ижро интизоми ва масъулият: Устоз-мударрисларнинг йиллик режалари, янги ўқув дастурлари талаблари ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш.
Йиғилиш якунида янги ўқув йилида масъулият ва фидойилик билан меҳнат қилиш лозимлиги қайд этилиб, устоз-мураббийларнинг машаққатли ва шарафли фаолиятига улкан зафарлар тиланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати