Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Апрел, 2026   |   20 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:32
Қуёш
05:54
Пешин
12:30
Аср
17:02
Шом
19:00
Хуфтон
20:16
Bismillah
09 Апрел, 2026, 20 Шаввол, 1447

Мусулмонлар учун дўстона туризм: етакчи мамлакатлар ва Ўзбекистон учун имкониятлар

25.12.2023   2637   11 min.
Мусулмонлар учун дўстона туризм: етакчи мамлакатлар ва Ўзбекистон учун имкониятлар

Саёҳатлар ландшафти кенгаймоқда. Мусулмонлар учун дўстона туризм (МДТ) яратиш барча юртлар учун долзарб масалага айланяпти – ислом динига эътиқод қилувчилар сони 2 миллиардга яқинлашди, ахир. Бу эса мусулмон саёҳатчилар учун жозибали саёҳат ва дам олиш имкониятларини яратиш билан бўлади. Бу борадаги муваффақиятли тажрибаларни ўрганиш Ўзбекистон учун ҳам фойдали.

Ўзбекистон мусулмон дунёсини ўзига жалб қила олади. Юртимиз – 

  • Ислом маданияти ўчоғи;
  • машҳур алломалар ватани;
  • минг йиллик ўтмиш билан боғланган тарихий мафтункор бинолари бор;
  • лаззатли таомлари билан машҳур;
  • Ипак йўлининг марказида жойлашган Шарқ гавҳари.

Мамлакатимизга мусулмон сайёҳлар оқими йилдан йилга ортиб бормоқда. Аммо сайёҳларда Ўзбекистон ҳақида янада яхшироқ таассурот қолиши учун шарт-шароитлар янада яхшиланиши керак.

Мусулмонлар учун дўстона туризм – туризм саноатининг ихтисослашган шакли. У Ислом тамойилларига мувофиқ равишда мусулмон саёҳатчиларни қабул қилишга қаратилган. Бунда йўналишлар, турар жойлар, кўрсатиладиган хизматлар ва объектлар (масканлар) мусулмон ташриф буюрувчилар учун қулай, Ислом дини талабларга мос бўлади.

Аммо бу нафақат мусулмондар учун – барча учун инклюзив ва меҳмондўст муҳит яратиш вазифасидир.

Маълумот учун: Мусулмонларнинг глобал саёҳат индекси (GMTI) маълумотларига кўра, дунё бўйлаб мусулмон саёҳатчиларнинг умумий сони 2023 йилда 140 миллионга етиб, пандемиядан олдинги даражага яқинлашган. Ҳисоб-китобларга кўра, бу кўрсаткич 2028 йилга бориб 230 миллионга етиши кутилмоқда, бунга сарфланадиган маблағ эса 225 миллиард доллар атрофида бўлиши мумкин.

2022 йил мусулмон сайёҳатчилар учун энг қулай мамлакатлар рейтингида кучли йигирматаликда Малайзия етакчи, Туркия, Саудия Aрабистони ва Индонезия 2-ўринни эгаллаган, Ўзбекистон рейтингда сезиларли яхшиланиб, 7 поғона юқорилаб, 9-ўринни эгаллаган.

Дунё бўйлаб муваффақиятли МДТ ташаббуслари

Малайзия – етакчи давлат

Фото: Hari Anggara

Малайзия мусулмонлар учун дўстона туризми билан машҳур. Мамлакат “ҳалол” сертификатига эга муассасаларга, кўплаб масжидларга, бой Ислом меросига эга. Куала-Лумпур халқаро аэропорти намоз ўқиш жойлари ва таҳорат олиш учун шинам имкониятларга эга, бу каби шарт-шароитлар барча йирик савдо марказлари, анжуман саройлари, диққатга сазовор жойларда мавжуд.

Малайзияда озиқ-овқат, маҳсулотлар ва хизматлар учун яхши ташкил этилган “ҳалол” сертификати тизими мавжуд. Малайзия Ислом тараққиёти департаменти (JAKIM) сертификатлаштириш жараёнини назорат қилади. Ислом туризм маркази (ITC) Малайзияда ислом туризмини тарғиб қилиш ва мусулмон саёҳатчилар учун маълумот ва хизматлар кўрсатишни ривожлантириш билан шуғулланади. Малайзия ҳалол маҳсулот ва хизматларга йўналтирилган “Ҳалол Парк” ташаббусини амалга оширди. Бу парклар “ҳалол” сертификатига эга ишлаб чиқариш қувватларини, тадқиқот марказларини ва логистикани бирлаштиради.

Туркия – тарих ва меҳмондўстлик

Серқирра ислом тарихига эга Туркия мусулмонлар учун дўстона манзил сифатида танилган: масжид-у намозхоналар, ҳалол таомхоналар ва кўплаб диққатга сазовор жойлари бор. Истанбул аэропортида саёҳатчилар учун махсус намоз хоналар ташкил этилган, йирик бозорлар, кўнгилочар масканларида ҳам намозгоҳлар, таҳоратхоналарни топиш мумкин.

Туркия ҳукумати Ислом туризмини фаол равишда тарғиб қилиш ва ташриф буюрувчи мусулмонларга дўстона муносабатни яхшилаш бўйича ташаббусларни амалга ошириб келмоқда. Бунга ҳалол туризмни тарғиб қилиш ва мусулмон саёҳатчиларни қулай жойлаштириш вазифалари киради. Туркияда маҳсулот ва хизматларнинг ҳалол стандартларига мувофиқлигини сертификатлаш учун Турк стандартлари институти ва Ҳалол аккредитация агентлиги каби ташкилотлар фаолият юритади.

Бирлашган Араб Амирликлари – ҳашамат ва қулайлик

БAA, хусусан, Дубай ва Aбу-Даби мусулмонлар учун дўстона туризмни қулай қилиш намунасидир. Юқори даражага мувофиқ турар жойлар, умумий овқатланиш, оилавий дам олиш, диққатга сазовор жойларда мусулмон саёҳатчилар учун кенг қамровли хизматлар яратилган. Жумладан, ногиронлар учун қулай бўлган таҳорат жойларини учратасиз. Дубай халқаро аэропортида мусулмон саёҳатчилар учун махсус жой – “Halal Traveler's Lounge” ажратилган.

Индонезия – хилма-хиллик

Дунёнинг энг йирик мусулмон давлати Индонезия мусулмонлар учун дўстона туризмнинг хилма-хил турларини таклиф қилади: мамлакат ҳалол таомлардан тортиб, сокин исломий дам олиш масканларигача бўлган қулай шарт-шароитлар тизимини яратган.

Бу ерга ташриф буюрувчилар учун ҳалол ресторанлар, намозгоҳлар ва маданий масъулият биринчи ўринга қўйилган кўплаб масканлар мунтазир.

Индонезия ўзининг “Aжойиб Индонезия” кампанияси орқали ҳалол туризмни фаол тарғиб қилиб келмоқда. Мамлакат меҳмонхоналар, ресторанлар ва туризм билан боғлиқ хизматларни ҳалол сертификатлашга сармоя киритган.

МДТ – мусулмон бўлмaгaн дaвлaтлaрда

Япония – меҳмондўстлик

Япония мусулмон саёҳатчиларни жойлаштиришда, уларга хизмат кўрсатишда сезиларли ютуқларга эришяпти. Нарита халқаро аэропорти ва Токиодаги савдо мажмуалари намозгоҳлар билан таъминланган, меҳмонхоналарда эса истагингизга кўра ҳалол таомлар таклиф қилинади.

Киото ва Токио шаҳарларидаги баъзи ресторан ва меҳмонхоналарда ибодат қилиш жойлари бор, “ҳалол” сертификатини фахр билан намойиш этишади.

Жанубий Корея – хушмуомала меҳмондўстлик

Жанубий Корея ҳам мусулмон сайёҳларни кутиб олишда анча фаоллашган. Мамлакатнинг сайёҳлик ташаббуслари доирасида хизмат кўрсатувчи провайдерлар учун мусулмон туристларнинг талаблари ва одатлари ўргатиладиган тренинглар ўтилади.

Жанубий Кореядаги йирик аэропортлар, савдо марказлари ва машҳур сайёҳлик жойлари мусулмон саёҳатчиларнинг намозларини ўқишлари учун махсус намоз жойларини тақдим этади. Сеул ва Пусан каби шаҳарларда турли ошхоналар, жумладан, ҳалол талабларига жавоб берадиган корейс таомларини таклиф қилувчи “Ҳалол” сертификатига эга ресторанлар сони ортиб бормоқда.

Жанубий Корея ўзини мусулмон сайёҳлар учун янада жозибадор қилиш учун “Мусулмонларга дўст Корея” дастурини ишга туширди. Бу ташаббус ҳалол объектлар, жумладан, меҳмонхоналар, ресторанлар ва туроператорларни сертификатлашни ўз ичига олади.

Ўзбекистонда мусулмонлар учун дўстона туризмни ривожлантириш

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессиясидаги нутқида туризм соҳасига киритилаётган ҳар бир доллар келгусида 3-4 баробар даромад келтиришини, яратилаётган ҳар бир янги иш ўрни бошқа тармоқларда яна иккита иш ўрни ҳосил қилишини айтди.

Шу билан бирга, имконияти чекланган сайёҳлар учун қулай шароитларни янада яхшилаш, инклюзив туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида 2025 йилни “Бутунжаҳон инклюзив туризм йили” деб эълон қилиш ва махсус декларация қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.

“Инклюзив туризм” мусулмонлар учун дўстона туризм (МДТ) тушунчасини ҳам ўз доирасига олади. Шу боисдан, Ўзбекистонда мусулмонлар учун дўстона туризмни янада ривожлантиришда қуйидаги йўналишларни такомиллаштириш лозим:

“Ҳалол” сертификати ва стандартлар – меҳмонхоналар, ресторанлар ва хизматлар учун “ҳалол” сертификатининг аниқ стандартларини белгилаш ҳамда халқаро тажриба ва талабларни ўрганиш.

Рақамли платформалар ва иловалар – ҳалол хизматлар, масжидлар ва мусулмонлар учун қулай бўлган бошқа қулайликлар ҳақида реал вақтда маълумот берувчи рақамли платформалар ва мобил иловаларни ишлаб чиқиш ва тарғиб қилиш.

Ҳалол хизматларини диверсификация қилиш – ҳалол хизматлар турларини ошириш, жумладан, дам олиш, кўнгилочар, оилавий овқатланиш масканларида ва турар жойларда мусулмон саёҳатчиларнинг турли эҳтиёжларини қондириш имкониятларини яратиш.

Қулай ибодат жойлари – аэропортлар, савдо марказлари ва сайёҳлик жойларида ибодат жойларини ва қулайликларни яратиш. Келгусида жамоат (халқ) учун ҳизмат қиладиган объектлар қурилишида (лойиҳалашда) ушбу шартларни ҳисобга олиш ва режалаштириш.

Давлат-хусусий шериклик – мусулмонлар учун дўстона туризм инфратузилмасини ривожлантириш учун давлат ва хусусий сектор ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш. Ушбу ҳамкорлик молиялаштириш имкониятларини оширади ва барқарор ўсишни таъминлайди.

Сертификатлаш учун давлат грантлари – “ҳалол” сертификатини олмоқчи бўлган корхоналарга (ташкилотларга) молиявий ёрдам ёки грантлар тақдим этиш. Бу кўпроқ муассасаларни сертификатлаш жараёнидан ўтишга ундайди, бу эса мусулмонлар учун қулай туризм экотизимини яхшилайди.

Исломий молия хизматлари – мусулмонлар учун дўстона туризм билан шуғулланувчи корхоналар эҳтиёжларини қўллаб-қувватловчи молиявий маҳсулотларни таклиф қилиш учун ислом банклари, исломий банк дарчалари, исломий суғурта (такафул) хизматлари бозорини ривожлантириш. Бу шариатга мувофиқ молиялаштириш ва инвестиция имкониятларини ўз ичига олади.

Қонунчилик – МДТ ривожини таъминлаш мақсадида, тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, бу учун маъсул вазирлик ва идораларни бириктириш ҳамда қонуний фаолият олиб бораётган тадбиркорлар фаолиятига аралашмаслик шартларини қонун орқали янада мустаҳкамлаш.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистон туризм саноати катта потенциалга эга. Мусулмонлар учун дўстона туризм йўналишида амалга ошириладиган ислоҳотлар ҳам маҳаллий туристлар, ҳам хорижлик туристлар (зиёратчилар) учун манфаатли бўлади. Ривожланиш ва рақобат даврида яшаётганимиз боис, эркин ва қулай шартлар асосида ривожланишимиз муҳим аҳамият касб этади.

Искандар Турсунов,
Ислом иқтисодиёти ва молияси мутахассиси

 
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Президентимиз янгиланган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди

09.04.2026   224   3 min.
Президентимиз янгиланган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди

Президент Шавкат Мирзиёев Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топганининг 690 йиллиги муносабати билан реконструкция қилинган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди.


Маълумки, Мовароуннаҳрни ягона давлат сифатида бирлаштирган Соҳибқирон пойтахти Самарқанд бўлган қудратли салтанат тузди. Ўзининг дунёга машҳур “Темур тузуклари” орқали давлатни бошқаришнинг ҳуқуқий мезонларини белгилаб берди. Илм-фан ва маданият ривожига ҳам беқиёс ҳисса қўшиб, Иккинчи уйғониш даври – темурийлар Ренессансига асос солди.


Унинг даврида бунёд этилган бебаҳо обидалар ўзбек халқининг миллий ғурури ва ўлмас тарихий мероси бўлиб хизмат қилмоқда.


Бобомизнинг “Адолат ҳар бир ишда ҳамроҳимиз ва дастуримиз бўлсин”, дея таъкидлаган ҳикматли сўзлари бугун Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларда яққол акс этмоқда.


Ушбу улуғ зот таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида жорий йил 5 февраль куни Президентимизнинг тегишли қарори қабул қилинди.


Ҳужжатга кўра, ҳар йили апрель ойи “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилиниб, таълим муассасалари, илмий марказлар ва маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчи ва санъаткорлар иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари ва маърифий тадбирлар ўтказилади.


Қарор ижроси доирасида дунёдаги машҳур музейларнинг энг илғор тажрибаларини қўллаган ҳолда Темурийлар тарихи давлат музейи биноси реконструкция қилинди, замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Рақамлаштириш орқали имкониятлари кенгайтирилиб, экспозициялари янгиланди, жумладан, хориждаги тўпламлардан харид қилинган экспонатлар билан бойитилди.


Жумладан, музейнинг биринчи қаватида “Буюк Соҳибқирон – Иккинчи Ренессанс асосчиси” бўлими ташкил этилди. Иккинчи қаватда эса сунъий интеллект ва “ақлли” технологиялар асосида Амир Темур даври ва темурийлар ҳақида интерактив экспозициялар жойлашган. Шунингдек, 3D форматдаги экспонатлар ҳамда хариталар намойиш қилинган.


Давлатимиз раҳбари Темурийлар тарихи давлат музейининг янгиланган экспозицияси ва ташриф буюрувчилар учун яратилган шароитлар билан танишар экан, аждодлар меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарғиб этишнинг нақадар муҳим эканига урғу берди.


– Дунё ҳавас қилгулик тарихимиз, меросимиз бор. Соҳибқирон тарихини жамлаган музей замонга муносиб янги қиёфага келгани яхши бўлди. Энди буни аҳолимизга, ёшларга, хорижлик меҳмонларга етказиш энг катта вазифамиз. Янги Ўзбекистонни юксалтириш учун керакли билимларни қаердан олиш мумкин десангиз, буларнинг барчаси – аждодларимиз қолдирган меросда, илмда. Шу боис, ёшларимизни, нуронийларни, умуман, аҳолимизни маҳаллабай тарзда музейларга олиб келиб, буюк тарихимиз ҳақидаги билимларини оширишимиз лозим, – деди давлатимиз раҳбари.


Президент Шавкат Мирзиёев ташриф асносида Темурийлар тарихи давлат музейининг меҳмонлар китобига дастхат қолдирди.


President.uz

 

Президентимиз янгиланган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди Президентимиз янгиланган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди Президентимиз янгиланган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди Президентимиз янгиланган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди Президентимиз янгиланган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди Президентимиз янгиланган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди Президентимиз янгиланган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди Президентимиз янгиланган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди
Ўзбекистон янгиликлари