Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Апрел, 2025   |   30 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:57
Қуёш
05:25
Пешин
12:26
Аср
17:14
Шом
19:20
Хуфтон
20:42
Bismillah
28 Апрел, 2025, 30 Шаввол, 1446

Закот – молиявий ибодат

19.06.2015   543   30 min.
Закот – молиявий ибодат

Маълумки, Рамазон ойида Аллоҳ таоло бандаларига Ўз раҳмати ва баракотини кўплаб нозил қилади. Шундай экан, ўз навбатида инсонлар ҳам бу кунларни ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва эзгу амалларни адо этишга ҳаракат қилиши лозим.

Эзгу амаллар деганда, аввало, чин ихлос-эътиқод, ибодатда бардавом бўлиш, шунингдек, ўзгаларга хайру саховат кўрсатиш ва уларни чиройли кўринишда холис адо этиш тушунилади. 

Бугунги кунда барчаларимиз муборак Рамазон ойида Аллоҳнинг бизга ато этган неъматларидан бахраманд бўлиб турибмиз. Ўзига шукр, ушбу ойни сизу бизлар тинчлик, хотиржамликда, осойишталикда ўтказмоқдамиз. Бу ойнинг дастлабки ўн куни “раҳмат” даҳаси ҳам ўтиб, иккинчи ўн кунлиги, яъни “мағфират” даҳаси бошланди. Бу даҳада холис ният билан рўза тутган бандаларини Аллоҳ таоло аввалги қилган гуноҳларини кечиради, мағфират қилади. Бу даҳаларда рўйи заминга Аллоҳнинг раҳмати ила мағфирати ёғилади. Яратганнинг ўзи қодир қилганича рўза тутиб, таровеҳ намозларини адо этган бандасига албатта Ўз раҳмат ва мағфиратини ато этади.

 

Ислом дини беш асос устида қурилган бўлиб, шулардан бири бу – Закот ибодатидир. Закот Аллоҳ таоло мўмин бандаларига фарз қилган амалларидандир. Ҳақ таоло марҳамат қилиб айтадики: “Намозни баркамол ўқингиз, закот берингиз...”.

 

Бошқа бир оятда эса, “Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг...” (Тавба, 103), деб марҳамат қилган.

 

Закотнинг жорий этилиш ҳикмати шуки, закот туфайли жамиятда бир қадар тенглик пайдо бўлиб, бой ва фақир табақалар ўртасида илиқ муносабатларни вужудга келади, қолаверса, закот берувчининг молини поклаб, уни талофатдан асрашига замин тайёрланади.

 

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Сизлар молларингизни закот (бериш) билан сақлангиз. Касалларингизни садақа (бериш) билан даволангиз ва турли бало-офатларга дуони ҳозирлангиз”.

 

Маълумки, закот муайян миқдордаги маблағга эга бўлган мусулмоннинг зиммасига фарз бўлади. Закотни вожиб қилувчи муайян миқдор шариат тилида – нисоб дейилади. Закот тилло ва кумуш, пул мева ва деҳқончилик маҳсулотлари ҳамда чорва молларидан берилади. Закот бериладиган молнинг нисоби Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) томонларидан қатъий белгилаб берилган.

 

Тиллонинг нисоби (85 гр.) 20 мисқол бўлиб, ундан (2,5 гр.) 0,5 мисқол закот учун ажратилади. Яъни, қирқдан бири демакдир.

 

Закот вожиб бўлиши учун юқорида айтиб ўтилган нисоб миқдори мавжуд бўлиши ҳамда шу нисобга бир йил тўлиши керак.

 

Чорва моллари жумласига туя, қора мол ҳамда қўй-эчкилар киради. Туянинг сони бешта бўлса нисобга етган ҳисобланиб, ундан битта қўй закот учун ажратилади. Қора молнинг нисоби 30 та бўлиб, ундан битта бир ёшли бузоқ закотга чиқарилади. Қўй ва эчкининг сони 40 тага етганида нисоби тўлган ҳисобланиб, ундан битта қўй ёки эчки закотга чиқарилади. Чорва молларидан закот вожиб бўлиши учун тилла ва кумуш учун айтилган шартлар бўлиши, яъни бир йил давомида камаймаслиги, бундан ташқари чорва моллари ярим йилдан кўпроқ вақт давомида яйловда ўтлатилган бўлиши шарт. Аммо, ем-хашакни 6 ойдан ортиқ ташиб келиб боқилган бўлса, закот вожиб бўлмайди. Магар тижорат нияти бўлса, худди бошқа буюмлар қатори ҳисобланади.

 

Деҳқончилик агар лалми ер маҳсулоти бўлса, ундан ушр (яъни ўндан бир), суғориладиган ердан чиққан маҳсулот бўлса, ушрнинг ярми (яъни йигирмадан бир) қисми миқдорида закот чиқарилади. Ушр – ҳосил териб олинган вақтда берилади.

 

Бундан ташқари нақд пул ва тижорат учун олинган моллардан ҳам закот берилади. Уларнинг нисоби эса тилло ва кумушнинг нисобига қиёсан белгиланади. Яъни тилло ва кумушнинг қиймати аниқланиб, шуларга таққосланади.

 

Шуни яхши англамоқ лозимки, юқорида зикр қилинган нисоб миқдорлари закотни вожиб қиладиган қийматнинг энг паст чегараси бўлиб, маблағ миқдори ортган сари ундан чиқариладиган қирқдан бир қисмининг миқдори ҳам ортиб бораверади.

 

Албатта, закотнинг савоби янада мукаммал бўлиши учун уни муносиб ўринларга бериш жуда муҳимдир. Қуръони каримда закот бериладиган ўринлар аниқ баён қилинган:

 

“Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (ғайридин)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир”(Тавба, 60).

 

Бу саккизта ўриндан ғайридинлар, қуллар чиқариб ташланган. Ғайридинлар Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) даврида саҳобалар ижмои ила, қуллар эса, ҳозирги асримизда мавжуд эмаслиги ила бекор қилинган. Айни пайтда юртимизнинг турли билим юртларида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқув шартнома тўловларига ёрдам беришлик энг мустаҳиқ ўринлардан биридир. Зеро улар юртимиз учун келажакда етишиб чиқаётган мутахассислардир. Закотни ота-она ва фарзандлар, шунингдек, эр билан хотин бир-бирларига бериши мумкин эмас. Лекин уни бошқа қариндошларга берса бўлади.

 

Закот ва бошқа садақаларни авваламбор яқин қариндошлар орасидаги эҳтиёжмандларига, қўни-қўшни, маҳалладаги муҳтож, кам таъминланган оилаларга бериш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, меҳрибонлик уйлари, меҳр-мурувват уйларига, ногиронларнинг махсус муассасаларига бериш ўринлидир. Бунда ўша муассасалар, уларда парвариш қилинаётган инсонларнинг нималарга эҳтиёжи бўлса, закоти ҳисобига ўша нарсаларни муҳайё қилиб бериш тўғри бўлади.

 

Закотни кам таъминланган оилалар фарзанди бўлган талабаларнинг контракт-шартнома тўловлари учун ўтказиб берилса ҳам жуда ўринлидир. Айниқса, бу садақаи жория ҳисобланиб, ўша талабанинг келажакда қилган савобли амаллари, амалга оширган яхши ишларидан закот берувчига ҳам савоб етиб туради.

 

Аллоҳ таоло барчаларимизни муборак ойда эзгу амалларни кўпроқ қилишга муяссар айласин!

 

Шайх Абдулазиз МАНСУР

 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

100 та СИР-АСРОРЛИ ИБОРА

28.04.2025   1199   20 min.
100 та СИР-АСРОРЛИ ИБОРА

100 та СИР-АСРОРЛИ ИБОРА

ёхуд

ОДАМЛАР БИЛАН

МУЛОҚОТ (оила, уй, ишхона, жамоат жойлари) ДАГИ

100 та “СЕҲРЛИ СЎЗ”

ни

УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:

(4-қисм)

1)      Ассалому алайкум!

2)      Катта раҳмат Сизга!

3)      Умрбод миннатдорман Сиздан!

4)      Умрингиз узоқ бўлсин!

5)      Хўп бўлади!

6)      Минг бор узр сўрайман Сиздан!

7)      Кечирасиз!..

8)      Сиздан кечирим сўрайман!

9)      Мендан ўтди! Узр сўрайман! Кечиринг!

10)      Сиз нима десангиз шу!

11)      Сизнинг гапингиз мен учун қонун!

12)      Сизнинг гапингиз биз учун қонун!

13)      Лаббай?!?

14)      Эшитаман?!?

15)      Амрингизга мунтазирман!

16)      Миннатдорман!

17)      Жуда тўғри айтдингиз!

18)      Тўғри айтасиз!

19)      Гапингиз ниҳоятда тўғри!

20)      Фикрингиз жуда маъқул!

21)      Илтимос Сиздан, кечиринг!..

22)      Илтимос, мени кечиринг!..

23)      Тўғри айтдингиз!

24)      Сизни жуда яхши тушуниб турибман!

25)      Қўлларингиз дард кўрмасин!

26)      Сизга гап йўқ!

27)      Жуда чиройли!

28)      Жуда-жуда маъқул!

29)      Бу ҳам яхшиликка!

30)      Бунда ҳам бир ҳикмат бор!..

31)      Муаммо йўқ!

32)      Ҳеч қандай муаммо йўқ!

33)      Ҳеч қандай эътирозим йўқ!

34)      Овора бўлманг!

35)      Асло овора бўлманг!

36)      Ҳечам овора бўлманг!

37)      Сизни овора қилганим учун минг бор узр сўрайман Сиздан!

38)      Ҳижолат бўлманг!

39)      Яхши кунларингизда қайтарайлик!

40)      Тўйларингизда қайтарайлик!

41)      Доим хизматларингиздамиз!

42)      Кўнглингиз тўқ бўлсин!

43)      Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади!

44)      Борингизга шукр!

45)      Минг бор узр!

46)      Минг бор-минг бор узр!

47)      Зўр чиқибди, ярашибди!

48)      Минг бор-минг бор узр сўрайман сиздан!

49)      Мен хато қилдим, узр, кечирасиз!

50)      Айбимни тан оламан, кечирасиз!

51)      Узр-узр-узр!

52)      Иккинчи ундай қилмайман, кечиринг!

53)      Бошқа такрорланмайди, кечирасиз!

54)      Бир қошиқ қонимдан кечинг!

55)      “Бунда ҳам бир ҳикмат бор...” дейилади-ю ўзи...

56)      Катта илтимос Сиздан!

57)      Билмай қолибман, узр, кечирасиз!

58)      Ўтиниб сўрайман Сиздан!

59)      Мана шу хислатингизга тан бераман-да!

60)      Шу феълингизга гап йўқ-да!

61)      Сиздан роса ҳам миннатдорман!

62)      Ташаккурларим Сизга!

63)      Эътиборингиз учун катта раҳмат Сизга!

64)      Сизга катта раҳмат меҳрли эътиборингиз учун!

65)      Меҳрли эътиборингиз учун Сизга катта раҳмат!

66)      Сиз нима десангиз – шу!

67)      Сиз қандай айтсангиз, худди шундай бўлади!

68)      Бажарамиз! Хўп бўлади!

69)      Зўр!

70)      Жуда-жуда зўр!

71)      Гап йўқ!

72)      Қойил!

73)      Жуда ажойиб!

74)      Жуда ҳам чиройли!

75)      Мутлақо гап йўқ!

76)      Сизга ёқса бўлди!

77)      Сизга ёққани бизга ёққани!

78)      Ана энди кўнгилдагидай бўлди!

79)      Мана энди хотиржам бўлдим!

80)      Хизматингиздаман!

81)      Ўзингизни эҳтиёт қилинг!

82)      Доим соғ-омон бўлинг!

83)      Ҳорманг!

84)      Жуда хурсанд бўлдим!

85)      Мен Сиздан кечирим сўрайман!

86)      Зўр чиқибди!

87)      Жуда ҳам зўр чиқибди!

88)      Олдиндан катта раҳмат Сизга!

89)      Умуман гап йўқ!

90)      Гап бўлиши мумкин эмас!

91)      Сизнинг ҳурматингиз биз учун чексиз!

92)      Сизнинг ҳурматингиз мен учун чексиз!

93)      Тарбиянгизга қойил қолдим!

94)      Сизга тарбия берган Ота-онангизга минг раҳмат!

95)      Тан бердим!

96)      Тан бермасдан иложи йўқ!

97)      Офарин!

98)      Узр! Узр! Узр!

99)      Мени кечиринг, илтимос Сиздан!

100)      Минг-минг-минг бор кечирим сўрайман Сиздан!

Чегараси йўқ) ...

*СИЗ яна қўшишингиз мумкин...

**ЭНГ муҳими: жумлаларни ЎЗ ВАҚТИДА ва ЎЗ ЎРНИДА ишлатиш !!!

***ЭНГ асосийси: ушбу сўзлар фақат ТИЛдан эмас, балки ДИЛ (!) дан чиқсагина СИР-АСРОРЛИ ва “СЕҲРЛИ” бўлади...

Меҳрибон Парвардигоримиз ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Ўзи буюрган, Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

Иброҳимжон домла Иномов.

Ибратли ҳикоялар