Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
1. Ўзининг ака-укасига, опа-синглисига закот берса бўладими?
Бўлади. Закотни фақат ўзининг ота, она, бобо, бувиларига ва ўзининг зурриёди ўғил-қиз, набираларига бериб бўлмайди.
2. Аёл киши ўзи тақиб юрган битта ёки ундан кўпроқ тилла буюмларга ҳам закот берадими?
Ҳанафий мазҳабида аёлларнинг тақинчоқларидан, агар улардаги тилла миқдори нисобга етса, закот чиқарилади. Бунда тақинчоқларнинг сони эмас, вазни эътиборга олинади. Тақинчоқлардаги тилла миқдори 85 граммга етса, улардан закот берилади. Яъни мазкур тилла миқдорининг икки ярим фоизи қиймати закот сифатида берилади.
3. Рўза тутган аёл овқатнинг тузини торса бўладими?
Аёл киши баъзан овқатнинг тузини тотиб кўришига тўғри келади. Баъзан, у-бу емиш сотиб олишда ҳам таъмини тотиб кўрмаса бўлмайди. Бундай ҳолларда, томоқдан ўтмаслик шарти билан емакнинг таъми ёки тузини тотиб кўрса бўлади.
4. Ҳайз ёки нифосли аёллар рўзани нима қилади?
Ҳайз ва нифос кўрган аёллар рўза тутмайдилар. Аёллар Рамазонда ҳайзли ёки нифосли бўлиб қолсалар, покланганларида қазосини тутиб берадилар. Бундай ҳолатдаги аёллар ифтордошларига кўрсатмасдан еб-ичишлари исломий одоблардандир.
5. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар рўза тутадими?
Ҳомиладор ва эмизикли аёллар ўзларини ё фарзандларининг соғликларига зарар бўлмаса, рўза тутишлари мумкин. Аммо касалланиб қолишдан ёки боланинг саломатлигига таъсир қилишидан хавотирланишса, рўза тутишмайди. Кўзи ёриганидан кейин ёки эмизиш даври тугагач бир кунига бир кун қазо тутиб беришади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Фидя – киши зиммасидаги нарсани адо қилиш мақсадида мол ёки шунга ўхшаш нарсани беришидир (“Лисонул араб”).
Шариатимиз икки тоифа кишиларни рўза тутмасликларига рухсат бериб, ўрнига Рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя беришга буюрган.
Биринчиси: Қарилик сабабли умуман рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган ёши улуғ кексалар.
Иккинчиси: Сурункали касал бўлиб, одатда тузалишига умид бўлмаган ва рўза тутиш уларнинг саломатлигига жиддий зиён етказиши мумкин бўлган беморлар (“Баҳрур роиқ”).
Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “(Рўза тутишга) мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир” (Бақара сураси, 184-оят).
Фидя – Аллоҳ таоло бандаларига берган енгилликдир.
Ҳар кунлик фидянинг миқдори ярим соъ буғдой (тахминан икки килограмм) ёки бир соъ хурмо ёҳуд бир соъ арпадир. Буларнинг қийматини бериш билан ҳам фидя адо бўлади. Ватандошларимизга осон бўлиши учун ҳар йили Рамазон ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан фидянинг ўртача миқдори белгиланиб, эълон қилинади.
Фидяни Рамазон ойи киришидан олдин берилмайди. Ой кириши билан хоҳласалар, ўттиз кунлик рўзанинг фидяларини бирданига жамлаб беради, хоҳласалар ҳар куни бўлиб-бўлиб тўлаб беради (“Фатовойи Ҳиндия”).
Рўза фидясини бир кишига ҳам ёки бир неча кишига ҳам бериш мумкин (“Раддул муҳтор”).
Фидяни мискин, фақир, бева-бечора, етим-есир, ночор ва закот беришга қодир бўлмаганларга берилади. Аммо отаси, онаси, фарзандлари, набиралари, эри, хотини ва закот беришга қодир бўлганларга бериши жоиз эмас.
Фидя бериб юрган қария ёки сурункали беморлар рўза тутишга қодир бўлиб қолишса, берган фидялари бекор бўлиб, тутмаган рўзаларининг қазосини тутишлари вожиб бўлади (“Раддул муҳтор”).
Рўза тутишга ярайдиган қарияларга эса рўза тутиш фарз бўлади. Рўза тутишга қодир бўла туриб фидя берсалар, рўза улардан соқит бўлмайди ва фидяси ўз ўрнига тушмайди (“Раддул муҳтор”).
Тузалишига умид бор, одатда, маълум вақтдан кейин шифо топадиган беморларга рўза тутиш зарар қилса, буларнинг ҳам рўза тутмасликларига шариатимиз рухсат беради. Аммо булар фидя бермайдилар. Тузалганларидан кейин қазо бўлган кунларнинг рўзасини тутиб берадилар.
Афсуски, ҳозирги кунда Рамазон ойида бемор бўлиб, тузалгандан кейин қазосини тутиб беришга лаёқати бўлган баъзи кишилар беморликларида рўзанинг фидясини бериб қўйиб, тузалганларидан кейин “мен қазо бўлган рўзаларимни тутмайман, чунки мен фидясини берганман” демоқдалар. Ваҳоланки, шариатимиз фидя беришни уларга буюрмаган, балки тузалганларидан кейин қолдирган рўзаларининг қазосини тутиб беришларини фарз қилган.
Зиммасида намоз ва рўзаларининг қазоси бор киши вафотидан олдин уларнинг фидясини тўлашни васият қилиши вожибдир. Васият этмай вафот этса, гуноҳкор бўлади. Маййит фидя тўлашга васият қилган бўлса, уни кафанлаш, қабрга қўйиш, қарзларини тўлашдан кейин қолган бор мол-мулклари қийматининг учдан биридан маййитнинг фидясини меросхўрлар адо қилишлари вожиб бўлади. Адо қилмасалар, гуноҳкор бўладилар. Агар марҳум фидя тўлашни васият қилмаган бўлса, ёки мол-мулк қолдирмаган бўлса, меросхўрлар ўз ихтиёрлари билан марҳумнинг фидясини тўлашлари улкан савоб ҳамда маййитга енгиллик ва раҳм-шафқат қилган бўладилар. Мабодо, тўламасалар гуноҳкор бўлмайдилар (“Раддул муҳтор”). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази