Дин душманларининг исломга қарши олиб бораётган тактикаларидан бири ислом уламолари, имом-домлалар ва аҳли илмларни камситиш, уларнинг обрў-эътиборларини омма мусулмонлари қалбидан тушириш ҳисобланади. Ана шундай тактикалардан яна бири, ислом манбаларига тил теккизиш, уларнинг асл нусха эканлигини, эътиборини камситиш, муҳим эмаслигини таъкидлаш, муаллифга тегишлилик масаласини шубҳа остига қўйиш ҳисобланади.
Дин душманлари юз йиллардан бери “Қуръон”ни Аллоҳнинг китоби эмас, уни Муҳаммад (алайҳиссалом) ўзи тўқиган, ҳатто “Қуръон” XIII асргача қайта ишланиб таҳрирдан ўтиб келган, деб келишади. Мактабларида шундай деб ўқитишади ҳам…
Дин душманлари юз йиллардан бери Суннатни ва ҳадисларни шубҳа остига олиб келишади. Саҳиҳ ҳадислар йўқ, уни Пайғамбар (алайҳиссалом) ўтганидан юз йиллардан кейин ёзишган, деб келишади. Қуръоний, бесуннат деган тоифаларни ана шу иддаолари натижасида вужудга келтиришди.
Дин душманлари юз йиллардан бери “Саҳиҳи Бухорий”нинг ислом динида иккинчи манба эканлигини шубҳа остига олиб келишади. “Саҳиҳи Бухорий”нинг илк қўлёзма нусха йўқ, деб туриб, ундаги саҳиҳдан саҳиҳ ҳадисларини заиф дегувчилар вужудга келган. Бугун ундаги ровийларни каззобга чиқарувчи тоифалар бор.
Дин душманлари юз йиллардан бери Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ёзган “Ал-Фиқҳ ал-акбар” асарини унга тегишли эмас, деб келишмоқда. Бугун уларнинг ноғораларига ўйнаётган тоифалар бор.
“Ал-Фиқҳ ал-акбар” аслида ўрта асрларда калом деб аталган ақида илмининг илк умумий номларидан бири бўлиб, ҳатто шу номда Имом аш-Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳам асари бўлган. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи бу борада бир эмас, ҳатто шу номда “ал-Фиқҳ ал-акбар”(катта)→“ал-Фиқҳ ал-авсат”(ўртача)→ “ал-Фиқҳ ал-абсат” (кичик) номли асарлар битган. Лекин бугунги тоифалар буларни инкор қилишдан чарчашмайди…
Дин душманлари юз йиллардан бери ваҳҳобий, салафий каби тоифаларни чиқариб келади. Улар аввалига аҳли суннат ва жамоат таълимотининг асосчилари бўлмиш Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ ва Имом Ашъарий раҳимаҳуллоҳни аҳли суннат ва жамоатдан эмас, деб келишди. Сўнг Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳни Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи мазҳабида эмас, деб чиқишди, икковининг ақидаси бошқа-бошқа деган даъвони кўтаришди. Энди эса, бира йўла ҳанафийлар эътиқоди ёзилган “ал-Фиқҳ ал-акбар”ни Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига тегишли эмас, деб жар солишмоқда. Душманларнинг босқичли режаларини билиб олинг!
Дин душманлари юз йиллардан бери Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг “Зоҳири ривоят” туркумидаги 6 та асарига гап топишади, Имом Сарахсий раҳимаҳуллоҳнинг фиқҳда энг катта асари “Мабсут”ни ўзи ёзмаган, дейишади.
Дин душманлари юз йиллардан бери ислом динининг ҳужжати бўлган Имом Ғаззолийга ва унинг асарларига таъна қилиб келади…
Дин душманлари юз йиллардан бери Аҳмад Яссавий қуддиса сирруҳу “Девони Ҳикмат”ни ўзи ёзмаган, деб келади, Абдураҳмон Жомий ҳазратлари томонидан “форсий Қуръон” деб таърифланган Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”ларини ширкона китоб деб келишади…
Дин душманлари юз йиллардан бери қўллаб келаётган тактикаларини билиб олинг! Улар бизни асл манбаларимиздан айиришмоқчи. Ҳар куни ўқийдиган оятларимиз мавжуд “Қуръон”ни, ҳадисларимиз тўплами “Саҳиҳи Бухорий”ни, ақидамиз матни “ал-Фиқҳ ал-акбар”ни, фиқҳимиз жамланмаси “Мабсут”ни, тасаввуфимиз ва руҳий тарбиямиз манбалари бўлмиш ғаззолийлар, яссавийлар, румийлар ёзган асарларни қалбимиздан йўқ қилишмоқчи…
Дин душманларига хизматчи бўлаётганлардан эҳтиёт бўлинг!!!
Ҳайбатулло РАШИДОВ - Шўрчи тумани “Толли ота жоме масжиди” имом хатиби
Бу оят тақводорларга ваъда қилинган жаннатни сифатлаб бериш маъносида бўлиши мумкин. Оят “тақводорларга ваъда қилинган жаннат кофирларга ваъда қилинган дўзахга ўхшаш бўладими?” деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Яъни жаннат билан дўзах бирбирига ўхшаш эмас.
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда жаннат ҳақида бундай марҳамат қилади: “Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли: ичида айнимаган сувли анҳорлари, таъми ўзгармаган сутли анҳорлари, ичувчилар учун лаззатбахш хамрли анҳорлари, мусаффо асалли анҳорлари бор. Улар учун унда барча мевалар ва Раббиларидан мағфират бордир. Улар дўзахда мангу қоладиган, ўта қайноқ сув билан суғорилиб, ичаклари титилиб кетадиган кимса (кофирлар)га ўхшармиди?” (Муҳаммад сураси, 15-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда бундай демоқда: “Сифати шундай доимий неъматлар ичра бўлган кишилар мудом азобланадиган, сифатлари ана ундай бўлган кимсалар каби бўлурми?” Яъни жаннатийлар дўзахийлар каби бўлмайди. Шундан олдин келган оят ҳам ушбу оятга қиёс қилинади.
“Унинг остидан анҳорлар оқади, мевалари доимийдир”. Яъни жаннатнинг мевалари доимий бўлиб, асло тугаб қолмайди. Улар дунё мевалари ва унинг неъматларига ўхшамайди. Дунё меваларининг ҳар қандай тури вақти билан тугаб қолади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло охират жаннатининг мевалари ва ундаги жамики неъматлар узлуксиз, доимий эканини ҳамда кофирларга охиратнинг азоби ҳам бардавом эканини хабар қилди.
“Ва соялари…” Аллоҳ таоло жаннатнинг сояси ҳам узлуксиз экани, унда ботиши билан сояси ҳам йўқоладиган қуёш бўлмаслигини баён этиб, ундаги барча неъматларнинг давомийлиги ва манфаатли бўлишини билдирди. Сояда манфаат бор, лекин зарар йўқ, қуёшда эса фойда билан бирга зарар ҳам бордир. Худди шундай, дунё ҳаётида барча нарсаларда фойдали тарафлари билан бирга зарарли жиҳатлар ҳам бўлади. У неъматлар келиши вақти билан тўхтаб, завол топади. Аллоҳ таоло охиратдаги соя, жаннатдаги барча неъматлар зарарсиз, узлуксиз, боқий бўлишини ва улар дунёдаги сояга ва неъматларга ўхшамаслигини хабар қилди.
“Шу тақво қилганларнинг оқибатидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”. Яъни кофирларнинг жазоси дўзахдир. Бу оят нинг зоҳирини эътиборга оладиган бўлсак, гўзал оқибат ширкдан сақланганларга бўлиши айтилди. Чунки Аллоҳ таоло кофирларнинг оқибати дўзах эканини зикр қилди. Яъни улар нинг оқибати, жазоси дўзахдир. Жаннат эса ширкдан сақланганларнинг мукофотидир.
“Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”. Яъни кофирларнинг жазоси дўзахдир. Ёки ушбу иборанинг маъноси: “Тақво қилганлар нинг оқибати жаннатдир, кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”.
Муфассирлардан баъзилари Аллоҳ таолонинг “Бу тақво қилганларнинг оқибатидир” оятининг маъносини бундай баён қилади: “Уларнинг амаллари, яхшиликларининг оқибати жаннатдир. Аллоҳ таолонинг ягоналигига куфр келтирган кимсалар амалларининг оқибати эса дўзахдир”.
Имом Абу Мансур МОТУРИДИЙнинг “Таъвилотул Қуръон” асаридан
Абдулатиф АЛЛОҚУЛОВ таржима қилди.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws