Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 8 августдаги 345-сонли қарорига мувофиқ, жорий йил 1 ноябридан бошлаб фуқароларга “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларни кўрсатиш фақат маҳаллий туроператорлар томонидан амалга оширилаётгани ҳақида хабар берилган (https://t.me/uzbektourismofficial/12498) эди.
“Умра” зиёратига боришда қарорда келтирилган талаблардан келиб чиққан ҳолда махсус лицензияга эга бўлмаган туроператорлар хизматидан фойдалинишда огоҳ бўлишни ва кейинчалик турли кўнгилсиз ҳолатларга тушиб қолмаслик учун лицензияга эга бўлган (https://umra.uzbektourism.uz/uz/umrahratings) туроператорлар билан ҳамкорликда ишлаш тавсия этилади (https://t.me/uzbektourismofficial/12646).
Лицензияга эга бўлмай “Умра” тадбирларини ташкил этиш билан шуғулланаётган 23 та тадбиркорлик субъектига камчиликларни бартараф этиш бўйича муддатлар белгиланиб, кўрсатмалар берилди.
Белгиланган муддатларда камчиликларни бартараф этмаган “Орзу Травел” МЧЖ, “Ласточка - Планета” МЧЖ, “Premier Wanderlust” МЧЖ, "Bobissalam-Travel” МЧЖ "Muslim-Tour MT” МЧЖ, “Delta Smart Project” МЧЖ ларнинг “чиқиш туризми” фаолияти билан шуғулланишга асос бўлган лицензиялари Тошкент шаҳар Туризм бошқармасининг қарорлари билан амалдаги қонунчиликка асосан 10 кун муддатга тўхтатилди.
Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши доирасида улуғ мутафаккир, тасаввуф олими Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Ушбу нуфузли тадбирда Туркий давлатлар ташкилоти, Бутунжаҳон мусулмон донишмандлар кенгаши, IRCICA, ICESCO, Ал-Азҳар уламолар кенгаши вакиллари ҳамда етук шарқшунос ва исломшунос олимлар иштирок этмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маъруза қилдилар.
Муфтий ҳазратлари Саййид Яҳё Бокувийнинг тасаввуф тарихидаги мақоми ва унинг таълимоти ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, нутқда аллома нафақат тасаввуф, балки диний илмлар, табиий ва аниқ фанларни эгаллаган қомусий олим бўлгани, ўттизга яқин асарлари инсон нафсини тарбиялашда муҳим қўлланма экани таъкидланди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга таянган ҳолда қалб саломатлиги ва поклиги инсон ҳаётининг бош мезони эканини баён этиб, туркий халқларни боғлаб турган умуммаънавий илдизларга алоҳида урғу бердилар:
«Ҳазрат Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Яҳё Бокувий каби буюк зотлар илгари сурган нафс тарбияси, инсонпарварлик ва юксак ахлоқ ғоялари бугун ҳам қардош халқларимизни бирлаштириб турувчи мустаҳкам маънавий кўприкдир. Бундай улуғ сиймолар меросини ҳамкорликда ўрганиш халқларимизнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлаш ва ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга хизмат қилади».
Уч кунлик анжуман давомида Ўзбекистон илмий жамоатчилиги ҳам маърузалар билан иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати