Шу йил 20 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков “Экстремизм ва терроризмнинг олдини олишда диний таълимнинг ўрни: Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги тажрибаси” номли халқаро анжуманда онлайн тарзда қатнашди. Унда Россия, МДҲ давлатлари диний соҳа раҳбарлари, муфтийлар, профессорлар, илмий тадқиқодчилар иштирок этди.
Халқаро анжуманда нотиқлар мавзу доирасида маъруза билан қатнашди, ушбу йўналишда қўлланилаётган илғор тажрибалар билан ўртоқлашди, муаммоли вазиятлар муҳокама қилинди.
Хусусан, Ҳомиджон домла Ишматбеков ҳам халқаро анжуманда мавзуси доирасида маъруза билан қатнашиб, бугунги мураккаб даврда бутун дунёга катта ташвиш бўлиб турган экстремизм ва терроризмнинг туб илдизи жаҳолат экани, шу боис Ислом дини бу иллатларни диний таълим ва маърифат билан муолажа қилишга бутун инсониятни даъват этиши, ҳозирги кунда долзарб бўлиб турган масалаларни йирик уламолар, таниқли муфтийлар, дин ва давлат арбоблари муҳокама қилаётганлари тадбирнинг фойдалилиги ва нуфузини бир неча баравар оширишини таъкидлади ҳамда бу бўйича Ўзбекистон тажрибаси ҳақида маълумот бериб ўтди.
Халқаро анжуман иштирокчиларининг якдил фикрига кўра, мутаассиблик, экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш, уларга қарши курашда тенгсиз омил бу соф диний таълимни рағбатлантириш ва жамиятда кенгроқ ёйиш экани таъкидланди ва бу борада ўзаро ҳамкорлик масалалари келишиб олинди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказининг Катта мажлислар залида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» мавзусидаги I илмий-амалий анжумани бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу нуфузли тадбирда Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, шунингдек, диний таълим муассасалари раҳбарлари, бош имом-хатиблар ва ОАВ вакиллари иштирок этмоқда. Анжуманга жами 700 нафарга яқин педагог ва соҳа вакиллари жалб этилган бўлиб, уларнинг 300 нафари бевосита залда, 400 нафари эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашмоқда.
Сўзга чиққан нотиқлар сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий соҳани такомиллаштириш ва замонавий кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга тўхталиб ўтмоқда. Таъкидланганидек, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ислом институти ва мадрасаси ҳамда 4 та халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши илм аҳлига кенг имкониятлар эшигини очди. Тошкент ислом институтида магистратура очилди, тизимдаги 510 нафар педагогнинг 50 нафардан ортиғи PhD ва DSc илмий даражаларига эга бўлди.
Шунингдек, юртимиздаги диний таълим муассасаларига Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси устозлари жалб этилди. 90 та фан дастури ва янги авлод дарсликлари яратилди. Мир Араб, Хадичаи Кубро, Ҳидоя ва Кўкалдош мадрасалари замонавий биноларга эга бўлиб, Иордания, Миср ва Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликлар ривожланмоқда.
Ушбу нуфузли анжумандан кўзланган мақсад ҳам профессор-ўқитувчилар учун илмий-амалий мулоқот майдонини яратиш, педагогларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, таълим жараёнига рақамли ва инновацион усулларни кенг жорий этишдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати