Бизнинг ҳанафийлик мазҳабимиз мўътадиллиги, миллий урф-одатларга бағри кенглиги, турли минтақалардаги шарт-шароитларга мос келиши ва бошқа омиллар туфайли кўплаб мусулмон мамлакатлари халқлари томомнидан қабул қилинган. Ҳозирда мусулмонларнинг тақрибан 47 % ҳанафий мазҳабига эргашадилар. Бугунги кунда мусулмонларнинг бирлигини кўролмаётган бир қанча оқимлар намоён бўлиб қолди. Баъзи бирлари ҳанафий мазҳабига қарши тарғибот олиб борса, яна баъзилари бутунлай мазҳабларга қарши фаолият олиб боришади. Буларнинг ҳар иккиси ҳам ислом динини парчаланишга олиб борувчи тоифалардир. Айримлар сўрашади: “Шиалик яхшироқми ё сохта салафийликми?”. Буларнинг бирортаси ҳам яхши эмас. Балки иккиси ҳам адашган, бир-биридан ёмон оқимлардир. Уларни адашган ака-укалар дейиш ҳам мумкин. Бунга бир нечта далиллар келтириш мумкин:
1. Шиалик йўналишида 3 талоқни умуман эътиборга олишмайди. Сохта салафийликда эса, 3 талоқни бир талоққа ҳисобланади. Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда ҳам, қолган 3 мазҳабда ҳам, сароҳатан айтилган 3 талоқ 3 талоққа ўтади. Бунга ижмоъ қилинган.
2. Шиалик йўналишида умуман таровиҳ намози ўқилмайди. Сохта салафийликда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳажжудларига қиёсан 8 ракат ўқилади. Бизда эса, Умар розияллоҳу анҳу замонида саҳобалар ижмоси билан жорий қилинган 20 ракат таровиҳ намози ўқилади.
3. Шиалик йўналишида таҳоратда оёққа масҳ тортилса, сохта салафийликда юпқа пайпоққа масҳ тортилади. Тўрттала мазҳабда оёққа ҳам, юпқа пайпоққа ҳам масҳ тортилмайди. Пайпоққа масҳ тортиш ҳақидаги биттагина заиф ҳадисни эътиборга олган ҳолда барча фуқаҳолар айтишадики, агар пайпоқда маҳсига қўйилган шартлар топилса, масалан, ўзи тикка тура олса, урфий сафар – 1 фарсах (5554м)лик йўлда юришга яраса, ичига сув кирадиган юпқа ва тешик бўлмаса, унга масҳ тортиш жоиздир.
4. Шиалик йўналишининг зоҳирий белгиси шуки, улар Пайғамбаримиз саҳобаларини сўкишади, уларга нисбатан нолойиқ гаплар гапиришади. Сохта салафийлар саҳобаларни сўкмасаларда, уларнинг гапларини, ишларини қабул қилишмайди. Мисол учун, боя айтганимиз 3 талоқни 3 талоққа ҳисоблашмайди, ҳолбуки, бу Умар розияллоҳу анҳу даврида амалда жорий қилинган. Таровиҳни ҳам 20 ракатлигини қабул қилишмайди, бу ҳам Умар розияллоҳу анҳу даврида саҳобалар ижмоси эди. Усмон розияллоҳу анҳу даврида жорий қилинган жумъа намозидаги иккинчи азонни бидъат деб қабул қилишмайди. Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу кичик фарзанди бўйнига оят ва дуолардан тумор таққанини қабул этишмайди. Бу икки оқимни бир-биридан ёмон демасдан яна нима дейиш мумкин. Булар худди икки фарзанддан бири отасини сўкса, иккинчиси унга итоатсизлик қилиб, айтганини қилмаётганга ўхшайди. Саҳобаларни бадном қилди нимаю, уларни халқ олдида эътиборсиз қилди нима?! Булар саҳобаларнинг номини айтса ё эшитса розияллоҳу анҳу ҳам дейишмайди. Худди бир ўртоғини тилга олингандек муомалада бўлишади. Абу Ҳурайра деб қўяди. Саҳобага нисбатан эҳтироми йўқми, Имом Абу Ҳанифага ва бошқа мужтаҳид уламоларга эҳтиром кўрсатишармиди. Мусулмонларга нисбатан жуда одобсиз муомалада бўлишади. Намоз ўқиётган кишини кофир дейишади. Нимага? Намозда Фотиҳа сурасини ўқиш фарз. 3-4 ракатда ўқимаса, ё билмагани учун ўқимаган бўлса, у фарзни тарк этди, кофир бўлди дейишади, айрим чаласаводлари.
Сохта салафийлар орқасида намоз ўқиса намоз қайтариб ўқиладими?
Бу саволнинг жавоби тафсилотни талаб қилади. Агар сохта салафий юпқа пайпоққа маҳс тортувчи ва шунга ўхшаш таҳоратни тўлиқ бажо этмайдиганларидан бўлса, муқтадий намозини қайтадан ўқиб олади.
Сохта салафийлар авлиёларни ва кароматни тан олишмайди. Ҳолбуки, уларнинг даъволарига қарши Қуръони каримда ва аҳодиси набавийда кўплаб далиллар ва мисоллар мавжуд. Закариё алайҳиссалом кафилликка олган Биби Марямнинг меҳробда, ибодатхоналарида пайдо бўлган нозу неъматлар Аллоҳ таоло томонидан Биби Марямга берилган каромат ва авлиёлик экани Каломуллоҳда собит бўлган. Осим розияллоҳу анҳуни ўлдирилгач, мукофот сифатида белгиланган катта миқдордаги пулни олиш мақсадида унинг бошини кесишга борган мушрикларни бир гуруҳ арилар талагани ва Осим розияллоҳу анҳунинг жасадларини ҳимоя қилгани, кейинчалик жасад юқолиб қолгани каби жонли мисоллар ҳадисларда сероб.
Жумъа кунларининг бирида бир имом домлага телефонга бир мусулмон томонидан смс хабар юборилган. Унда қуйидаги маънодаги гаплар ёзилган эди: “Эй фалончи! Аллоҳнинг сенга ва оилангга лаънати бўлсин. Чунки сизлар Мотуридий ақидасидасизлар. Сен минбардан туриб шеър айтасан...” Буни қаранг, жумъа кунида жумъа билан табриклаш ўрнига бир мусулмонни, имомини авлоду аждоди билан қўшиб лаънатламоқда. Сабабни қаранг, имом Мотуридийнинг ақидавий мазҳабида бўлганлиги учун. Агар бундай сохта салафийларга, ҳатто уларнинг катта-катта раҳнамоларига ҳам имом Мотуридийнинг китобини берсангиз, уни тўлиқ ўқиб, тушуна олишмайди. Унинг сўзини тушинишга илму ақллари ҳам етмайди. Масжидда минбардан туриб шеър айтмаслик даъвосига келадиган бўлсак, масжидда ҳеч бир имом манъ қилинган лағв, бемаъни ва масжидга, минбарга нолойиқ шеърлар айтмайди. Айтиладиган шеърлар оят, ҳадисларнинг шарҳи, эзгуликка чорлайдиган, ёвузлик, ножўя ишлардан қайтарадиган ҳикматли сўзлар бўлади. Қолаверса, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шоирлари бўлган. Масжиди набавийда Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу учун минбар қўйилгани ҳақида “Жоми-ут Термизий”да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят собит бўлган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳассон розияллоҳу анҳуга мушрикларга шеърлари билан жавоб қайтаришини буюрганлар ва унга Жаброил (алайҳиссалом)ни илҳом бериб туриши учун Аллоҳдан мадад сўраганлар. “Сунани Абу Довуд” ва “Сунани Насоий” китобларида келганки, Маккага қазо умрасини қилишга борилганида Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбани тавоф қилаётганларида у зотнинг олдларида бир ривоятда Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу, бошқа ривоятда Каъб ибн Молик шеър айтиб туриб боришарди. Умар розияллоҳу анҳу уларни маломат қилмоқчи бўлганларида, Росулуллоҳ уларнинг шеърлари мушрикларга найза санчишдан кўра оғриқлироқ эканини айтиб, уларни тинч қўйишини айтганлар.
Бугунги глобаллашув ва нохолис ахборотлар кенг тарқалиб бораётган замонда биз мусулмонлар зирак бўлишимиз, оқни қорадан, яхшини ёмондан ажрата оладиган бўлишимиз лозим. 14 асрдан бери эътиқод қилиб келаётган ҳанафий мазҳабимизни маҳкам тутишимиз, уни яхшилаб ўрганиб, амал қилишимиз, ҳар хил гуруҳ ва тоифаларнинг тузоғига тушмаслигимиз учун диний билимларимизни ошириб боришимиз зарур.
Ҳошимжон Низомиддинов - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси.
Ўзбекистонда ноёб Қуръон яратиш бўйича жаҳон хаттотлар танлови 26 август куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида эълон қилинади. Танлов «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафоруми доирасида ўтказилади, хабар бермоқда UzDaily.uz.
«Дунё Қуръони: хаттотлик анъаналаридан — келажак мероси сари» лойиҳасини хаттот ва Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Хаттотлик мактаби директори Ҳабибулло Солиҳ тақдим этади. Бу ҳақда тадбир ташкилотчиси хабар берди.
Танлов доирасида турли мамлакатлар ва хаттотлик мактабларининг исломий хаттотликдаги энг яхши анъаналарини бирлаштирган ноёб Қуръон яратиш кўзда тутилган.
Танловнинг тантанали эълони «Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмунлари» мавзусидаги ялпи сессиянинг якуний қисми бўлади. Сессия 26 август куни соат 09:30 дан 12:00 гача ўтказилади.
Тадбир доирасида оммавий ахборот воситаларининг стереотиплар ва исломофобияни енгишдаги ролига бағишланган халқаро муҳокама ҳам бўлиб ўтади. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Жазоир, Уммон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг давлат тузилмалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этади.
Форум дастуридан Қуръоний ва қўлёзма меросга бағишланган лойиҳалар ҳам ўрин олган. Улар орасида «114 Қуръон: ислом оламининг 114 хаттотлик дурдонаси», «Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва ривоятлар» халқаро лойиҳаси ҳамда «Сунъий интеллект — қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити» лойиҳаси бор.
Ўзбекистонда хаттотликни ривожлантиришга институционал даражада ҳам эътибор қаратилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Хаттотлик мактаби фаолият юритмоқда. Мактабда сулс, насх, настаълиқ, руқъа, девоний ва куфий каби анъанавий ёзув услубларини ўргатиш режалаштирилган.
Хаттотлик санъати Самарқанд вилоятидаги янги Имом ал-Бухорий мажмуасида ҳам намоён этилган. Мажмуа пештоқлари ва айвонлари деворлари «Саҳиҳ ал-Бухорий»дан олинган ҳадислар битилган ёзувлар билан безатилган. Мажмуа ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илмий мактаби ҳам фаолият юритади.
Халқаро медиафорумнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади.
Тадбирда қарийб 50 мамлакатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 га яқин вакили иштирок этади. Улар орасида медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари бор.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати