Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Август, 2026   |   5 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:08
Қуёш
05:35
Пешин
12:27
Аср
17:17
Шом
19:22
Хуфтон
20:45
Bismillah
18 Август, 2026, 5 Рабиъул аввал, 1448

Ёшларни мутаассиб ғоялардан асрайлик

20.07.2022   1312   6 min.
Ёшларни мутаассиб ғоялардан асрайлик

Халқимизнинг аксарияти, барча алоқа воситалари, хоссатан интернет йўналиши бўйича тарқатилаётган бузғунчи ёт ғоялар ва мафкураларга нисбатан нозик ва пок хилқатдирлар. Чунки халқимизнинг ёшларида мазкур иллатларга қарши курашиш қуввати умуман йўқ ёки ўта оз бўлиши мумкин. Бунинг учун эса юқорида айтиб ўтилганидек ёшларнинг онгида мазкур иллатларга қарши курашиш иммунитетини ҳосил қилиш учун уларни омматан эмлаш керак. Воқеликда эса мана шу эмлашдан юз ўгирилиб, «ёшларнинг онги ҳали шаклланмаган, ўзлари оқ билан қорани ажратадиган бўлиб, ҳаёт йўлини танлаш ёшига етганида ўзи ажратиб олаверади, ҳозир эса уларни ҳар хил ғоялар ва мафкуралар билан чалғитмаслик керак» деб керакли фурсат қўлдан бой берилмоқда. Албатта, ҳозирги кунда бонг уриб халқимизни огоҳлантирилаётган ёт ғоялардан бири экстремистик ғояларни тарқатаётган турли-туман фирқаларнинг ғояларидир.

Бунга қарши курашишни эса бир қанча йўллари бор, улардан:

Биринчи ва энг муҳими, ҳозирги кунда эътибор берилмаётгани ёшларнинг онгида ўзларининг дини, эътиқодига бўлган маълумотларни тўғри, соф ва режали асосда жойлаштириш керак. Бунинг учун эса ёшларни шифокорлар томонидан омматан эмлаш йўлга қўйилганидек, диний мутахассислар томонидан ёшларни соф Ислом ақийда ва тушунчалари билан эмлаш керак. Бу маънавий эмлашни эса барча мажбурий таълим муассасаларида қўллаш энг самарали услубдир. Акс ҳолда кеч бўлади. Касаллик ривожланиб, катта жароҳатларни, балки қурбонларни келтириб чиқарадиган даражага борганидан кейин унга ҳар хил чора ва муолажаларни қўллашнинг фойдаси бўлмай қолади. Мазкур ҳақиқатни бир эмас, бир неча мамлакатларнинг аҳолисини ичида бўлаётган ҳодисалардан ҳам билиб олсак бўлади.

Иккинчи: ҳозирги кунда ҳаётни интернетсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Демак, ўз-ўзидан уни мутлақо ман этиб, унинг фаолиятини тўхтатиб қўйишга имконият йўқ. Шунинг учун ҳам ёшларни онгида уларга ижобий таъсир қила оладиган услуб билан интернетдан фойдаланиш қонун-қоидалари ва биринчи ўринда динимиз белгилаб берган одоблар билан таништириш керак ва бу борада таништирувчиларни ўзлари ибрат бўла олар даражада бўлишлари мақсадга мувофиқдир.

Учинчи: Ёшларнинг онгида ҳар хил кўнгилочар ўйинлар ёки бўш вақтларни зерикмаслик учун ҳар хил бекорчи машғулотлар билан зое қилишни ўргатадиган ҳар қандай ташвиқот ва тарғибот услубларига қарши курашиш керак.

Тўртинчи: ёшларни мазкур иллатлардан огоҳлантириб, қайтариш билан биргаликда уларни кўнгилларини эгаллай оладиган, ҳар тарафлама фойдали ва самаралироқ бўлган ғоялар билан таъминлаш керак.

Бешинчи: Интернет сайтларида ёшларни зериктирмайдиган, балки улар учун янгилик ва кашфиёт сифатида қабул қилинадиган даражадаги ижобий, ахлоқий, диний маълумотларни кўплаб тарқатиш керак (бунда савоб нимаю гуноҳ нима ва бу иккаласига нисбатан қандай муносабатда бўлиш керак ва уларни амалга ошираётганларга Аллоҳ таоло тарафидан қандай муомала қилинади). Ёшларнинг қалбида эса ҳар қандай нарсани билиб, ҳар қандай махфий нарсани кўриб ва кузатиб турувчи Аллоҳ таолонинг борлиги ва Ягоналиги тўғрисидаги эътиқодни шакллантириш керак.

Олтинчи: Ёшлар нима учун ёт ғояларни тарқатаётган интернет сайтларидан кўплаб фойдаланадию, керакли ғояларни тарқатаётган интернет сайтларидан деярли умуман фойдаланмайди. Буни ҳам таҳлил қилиб, ўз ўрнида муолажа қилиш керак. Бунинг асосий сабабларидан бири эса, ёт ғояларни тарқатаётган сайтлар бир неча ўн минглаб бўлса, миллий қадриятлар, диний ва ахлоқий маълумотларни тўғри ҳолда тарқатаётган сайтлар бармоқ билан санарли даражада озлигидир. Қолаверса, ёт ғояларни тарқатаётганлар учун ҳеч қандай чеклов ва ҳар хил тўсиқлар умуман йўқ. Лекин уларга қарши иммунитетни ҳосил қиладиган маълумотларни тарқатадиганлар учун эса албатта ҳар хил чеклов ва тўсиқлар бор. Баъзида мана шу чеклов ва тўсиқлар тақдим қилинаётган маълумотларни сохталаштириб, унинг ижобий таъсирчанлигини йўқотади. Натижада у маълумотни ўрганаётганлар бир икки марта кириб ўқиганларидан кейин ўзларида зерикишни ҳис қилади, натижада “қармоқ” сифатида тақдим қилинган ёт ғояларнинг ўлжасига айланади. Сўзимиз исботи учун баъзи бир маълумотларни тақдим этамиз. Масалан: жамиятимиз равнақи ва ёшларимизнинг тарбияси учун ҳеч қандай манфаати бўлмайдиган сайтлар борки бир кунда бир неча минглаб ёшлар айнан шу сайтларга киради ва ўзларига қандайдир бефойда маълумотларни олади. Биз бу ўринда хориждан туриб ёт ғояларни ва ҳар хил кўнгилочар ўйинлар, бузғунчилик ва фаҳшни тарғиб қиладиган сайтларни келтирмадик. Чунки уларнинг сон-саноғи йўқдир. Ва шундай расмий сайтлар ҳам борки (баъзиларнинг шахсиятига тегиб кетмаслиги учун уларнинг номларини зикр қилмаймиз) уларга бармоқ билан санарли даражада одамлар киради, ҳаттоки ўша соҳанинг мутахассислари мажбур бўлганлигидан фойдаланадиган сайтлар ҳам бор. Ёки миллийлик, маънавият ва баъзи бир диний маълумотларни тарқатадиган сайтлар ҳам борки, улардан фойдаланаётганлар ҳам ўта озчиликни ташкил этади. Бунинг сабаби эса ҳаммага маълум.

Еттинчи: Ёт ғояларга қарши иммунитетни шакллантириш учун сафарбар қилинган мутахассислар холис, ҳақиқий ватанпарвар, миллатпарвар ва шу билан бирга ўзи тарғиб қилаётган миллийлик ва маънавият талабларига ҳақиқатан амал қилиб, жонли ўрнак бўла оладиган бўлиши керак.

Саккизинчи: Бу борада ҳар тарафлама халқнинг ҳурмат ва эътиборига сазовор бўлган, уларнинг ишончини қозонган, доимо ўзининг шахсий манфаатларидан кўра юрт ва халқининг манфаатларини юқори кўра оладиган даражадаги намунали мутахассислар иш олиб боришлари керак. Буни белгилаш учун эса ҳар хил илмий унвонларининг кўплиги эмас, балки унинг етказаётган маълумотларига кўпчиликнинг қулоқ солиб, унга амал қилаётганига назар солиш керак.

 

Ҳошимжон Низомиддинов,

Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим

муассасаси ўқитувчиси 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон олимлари Бобур ва Бобурийларнинг Покистондаги меросини тадқиқ этмоқда

18.08.2026   7770   4 min.
Ўзбекистон олимлари Бобур ва Бобурийларнинг Покистондаги меросини тадқиқ этмоқда

Ўзбекистон элчихонаси томонидан Бобур номли халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда ўзбекистонлик тарихшунос ва бобуршунос олимлардан иборат делегациянинг Покистонга ташрифи амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф Бобур ва Бобурийлар даврига оид тарихий-маданий меросни ўрганиш, Покистон ҳудудида сақланаётган мазкур даврга оид тарихий манбалар, қўлёзмалар, экспонатлар ва артефактлар билан танишиш, шунингдек, икки мамлакатнинг илмий-тадқиқот ва маданий муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил эилди.

Делегация аъзолари дастлаб Лаҳор шаҳрида Бобурийлар даврига оид тарихий обидалар ва манзилгоҳларга ташриф буюриб, ўрганишлар олиб борди. Хусусан, Лаҳор музейи, Ислом галереяси ҳамда қатор илмий-тадқиқот муассасаларида бўлиб, мазкур муассасаларда қатор илмий учрашувлар ўтказди ва бобурийлар даврига оид тарихий манбалар билан танишди.

Лаҳор шаҳридаги Панжоб университети раҳбарияти билан илмий ва академик ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Сафар давомида мазкур университет ҳузуридаги Бобурийлар мероси маркази билан ҳамкорликда Бобурийлар сулоласининг 500 йиллигига бағишланган илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Иштирокчилар Бобур ва Бобурийлар тарихи, уларнинг Марказий ва Жанубий Осиё тамаддунидаги ўрни, мазкур даврнинг сиёсий, маданий ва илмий меросини ўрганиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон олимлари Исломобод шаҳрида Покистон Миллий тилни ривожлантириш департаменти раҳбарияти Қуаид-и-Аъзам университети, Аллома Иқбол университети, Покистон Миллий кутубхонаси ҳамда қатор илмий-тадқиқот муассасаларига ташриф буюриб, қўлёзмалар, бобурийлар даврига оид экспонатлар ва бошқа тарихий манбалар билан танишди.

Ўзбекистон вакиллари Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Илмий ва технологик ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси бош координатори Муҳаммад Иқбол Чоудҳари томонидан қабул қилинди.

Унда Бобур ва Бобурийлар меросини чуқур ўрганиш, уни асраш ва мусулмон дунёси илмий доиралари ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.

Келгусида мазкур ташкилот билан ҳамкорликда Бобурийлар меросига бағишланган йирик халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Ташрифнинг асосий тадбири Исломобод шаҳрида «Заҳириддин Муҳаммад Бобур: муштарак цивилизациявий мерос ва Ўзбекистон-Покистон муносабатлари кўприги» мавзусида ташкил этилган бўлди.

Конференцияда Покистон Миллий мерос ва маданият вазирининг ўринбосари Фараҳ Наз Акбар, Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев, Покистондаги «Бобур форуми» раҳбари Рамзан Муғал ҳамда тарихчи ва бобуршунос олимлар ҳамда ёш тадқиқотчилар иштирок этди.

Дипломатик ваколатхона раҳбари ўз нутқида икки мамлакат ўртасидаги тарихий, маданий, маънавий ва цивилизациявий алоқалар узоқ тарих ва чуқур илдизларга эга эканини қайд этди.

– Ушбу муштарак тарихда Заҳириддин Муҳаммад Бобур Жанубий Осиёда улкан давлатчиликка асос солгани халқларимизни бирлаштирувчи муҳим тарихий омил бўлди, – деди Ўзбекистон элчиси. – Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон-Покистон муносабатлари барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам ва яқин дўстона мулоқот натижасида икки томонлама муносабатларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Алоқаларнинг бундай даражасида умумий тарихий ва маданий меросни ўрганишнинг нақадар муҳимлиги, бу борада яқиндан ҳамкорлик қилиш икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бобур номли халқаро жамоат фонди раиси ўринбосари Рустам Мамасолиев ўз чиқишида Бобур ва унинг илмий-адабий мероси бутун минтақа тарихида алоҳида ўрин тутишини урғулади.

– Ўзбекистонда Бобур ва бобурийлар меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш борасида жуда катта ишлар амалга ошириляпти, – деди у. – Бобурийлар меросини чуқур ўрганишда покистонлик олимлар ва илмий муассасалар билан қўшма тадқиқотлар, илмий анжуманлар, нашриёт лойиҳалари ва академик алмашинувларни кенгайтириш жуда муҳим.

Покистон Миллий мерос ва маданият вазирининг ўринбосари Фараҳ Наз Акбар, ўз навбатида, бобурийларнинг Покистон тарихидаги муҳим ўрнига тўхталди.

– Бобурийларнинг Покистондаги тарихий-маданий меросини асраш ва келажак авлодларга етказишга ҳукумат даражасида эътибор қаратиляпти, – деди Фараҳ Наз Акбар. – Биз Ўзбекистон билан тарихий алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш, илмий ҳамкорлик ва маданий алмашинувларни қўллаб-қувватлашга, буюк аждодларимиз қолдирган меросни биргаликда ўрганиш ва тарғиб қилишга тайёрмиз.

Бобур номли халқаро жамоат фонди делегацияси ташрифи давомида Панжоб вилоятида жойлашган Бобурийлар даврига оид қатор тарихий қадамжоларда ўрганишлар олиб бориши режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари