Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Август, 2026   |   14 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:20
Қуёш
05:44
Пешин
12:25
Аср
17:07
Шом
19:08
Хуфтон
20:28
Bismillah
27 Август, 2026, 14 Рабиъул аввал, 1448

Илмсизлик – тараққиёт эгови

20.07.2022   1648   1 min.
Илмсизлик – тараққиёт эгови

Одамзод ўзига ато этилган ақл ва илмни ишга солиб, жаҳонда рўй бераётган илмий кашфиёт ва изланишлардан бохабар бўлиб турмаса ва ўз ҳаётига тадбиқ этишни кечиктирса, тараққиётда қолоқликка мубтало бўлади. Ҳозирги замонимизда техника тараққиёти марказида қайси мамлакатлар турибди, нима учун улар шу даражада илгарилаб кетди, деган саволга жавоб қидириб кўрайлик. Оддийгина қилиб айтадиган бўлсак, улар илмсизлик, кўр-кўрона ҳаёт кечиришдан кўра, машаққатли ва оғир бўлса-да, илмий кашфиёт ва изланишлар йўлини танлади. Бу йўлда қандай йўқотишлар, умидсизликларга дуч келмасин, барибир муайян мақсад сари олға интилаверди. Ниҳоят, уларга илм ёруғ йўл кўрсатди.

Бугунги кунда жоҳиллик ва илмсизликка чўмган халқлар энг охирги русумда яратилган жиҳоз ва мато ишлаб чиқарадиган давлатларга қарам бўлиб қолаëтгани сир эмас. Чунки бундай халқлар устига бостириб бориш шарт бўлмай қолди. Бир парча темирни олгин-да, компьютер ёки шунга ўхшаш нарса шаклига айлантиру тилло баҳосида сот, ўзи келиб жон-жон дея олиб кетади, деган шиор бугунги куннинг “тараққиёт шиори” десак нотўғри бўлмаса керак. Бир аср олдин илмий техника ютуқларидан етарли даражада фойдаланилмаган юртимизда ҳаммаси ўз ўрнига қайта бошлади.

Эндиги авлод ҳам илм йўлида шунга яраша ҳаракат қилиб, фидойилик кўрсатса, жаҳолат ва илмсизликдан тезроқ қутуламиз ва илғор халқлар сафига қўшиламиз, иншааллоҳ.

 

"Ҳижрий-қамарий тақвим"дан.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ботил даъво: ЮРТИМИЗ РАҲБАРЛАРИ ТОҒУТМИ?

22.08.2026   26070   4 min.
Ботил даъво: ЮРТИМИЗ РАҲБАРЛАРИ ТОҒУТМИ?

Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?

“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.

“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.

“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?(Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.

Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.

Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.

Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.

Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.

Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.

Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.

Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.

Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.

 

Ўткирбек Собиров

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

МАҚОЛА