Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Август, 2026   |   7 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:37
Пешин
12:26
Аср
17:15
Шом
19:19
Хуфтон
20:41
Bismillah
20 Август, 2026, 7 Рабиъул аввал, 1448

Тинчлик – буюк неъмат

19.07.2022   7911   3 min.
Тинчлик – буюк неъмат
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
 
Муборак Ислом дини  ўз номи билан тинчлик динидир.Муқаддас ва буюк динимизнинг асосий таълимотларидан бири инсонларни тинчликка чақириш, кишиларни меҳр- мурувватли, меҳр оқибатли бўлишга, миллати, динидан қатъий назар, бир-бирларига  иззат-ҳурмат кўрсатишга чорлайди. Биз мусулмонларнинг муқаддас китобимиз Қурьонда: "Эй,имон келтирганлар. Ёппасига итоатга киришигиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз!" (Бақара,208 оят.), деб марҳамат қилинди. Ушбу оятда барча инсонлар бирлашган ҳолда тинчлик йўлини тутишлари лозимлиги уқтирилади. Тинчлик-бу ислом динининг шиоридир. Шунинг учун ҳам барча мусулмонлар ўзаро муомалаларини доимо бир-бирларига тинчлик тилаш, яьни саломлашиш билан бошлайдилар.
 
Пайғамбар (с.а.в.) ҳадисларининг бирида: "Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганида оиласи тинч, тану-жони соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан", - деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти). Демак инсонга икки хил моддий ва маьнавий неъматлар Аллоҳ таоло томонидан берилган. Моддий неъматларни ҳамма билади, маънавий неъматларга: иймон, ислом, ақл ва тинчлик каби кўзга кўринмайдиган, бироқ моддий неъматларга қараганда қадрлироқ бўлган нарсалар мисол бўла олади. Кўпинча инсонлар неъматнинг қадрига у қўлдан кетгандан кейингина етадилар. Соғликнинг қадри беморликда, бойликнинг қадри фақирлик етганда, тинчликнинг қадри эса нотинчлик вақтида билинади. Буюк неьмат бўлмиш тинчлик ва хотиржамлик қарор топган юртда тараққиёт ва ривожланиш бўлади. Дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Аллоҳнинг буюрган ишларини мукаммал адо этиш учун тинчлик ва осойишталик лозим. Бугунги кунда айрим юртлардаги нотинчликлар оқибатида кўпгина бегуноҳ одамлар азият чекмоқдалар. Маълумки, жорий йилда Қозоғистон республикасида бўлиб ӯтган тартибсизликлар ӯша юртда яшаб келаётган инсонларга кӯп нохушликларга сабаб бўлди.
 
Бунинг оқибатида кӯпгина бегуноҳ инсонлар қурбон бўлиб, фарзандлар отасиз, аёллар эрсиз, болалар онасиз қолди. Ислом дини асл моҳияти ила инсон учун тинчлик ва омонлик динидир. Абу Хурайрадан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в): "Қайси бир мусулмон киши иккинчи бир мусулмон биродарига тиғ кўтарса, то ўша тиғни қайтариб ўрнига қўймагунча  Аллоҳнинг фаришталари унга лаънат айтиб турурлар"-дейилган. (Муслим ривояти). Яна бир ҳадисда: "Мўмин кишини ҳақорат қилиш гуноҳ, у билан жанг қилиш эса куфрдир",-деб марҳамат қилинган. Демак ҳақиқий мусулмон ноҳақ бошқаларга тили ва қўли билан озор бермасагина ҳақиқий мўмин бўлар экан. "Жанжал бўлган жойдан қирқ кунлик барака учади"- деб бежизга айтилмаган. Юртимиздаги ҳар бир фуқаро тинчликдек азиз неъматни кўз қорачиғидай асраши лозим. Буюк Роббимиз жонажон юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонликни ато айласин! 
 
Бухоро шаҳар Сайфиддин Бохарзий
масжид имом-хатиби Камолов Равшан.
МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

19.08.2026   11756   2 min.
18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.

Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.

Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.

1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.

1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.

Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.

2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари