Бугун, 5 май куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Ислом цивилизациясида илмий анъана: манбалар, долзарб масалалар ва салоҳият” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Анжуман очилиш маросимида олий мартабали меҳмон Малайзия Қироличаси Раджа Зарит София иштирок этиб, икки давлат ўртасидаги илмий дипломатия ва гуманитар алоқалар янги поғонага кўтарилганини таъкидлади.
Шунингдек, тадбирда маҳаллий ва хорижий олимлар, давлат ва жамоат арбоблари билан бир қаторда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов, диний таълим муассасалари раҳбарлари, мударрислар, имом-хатиблар, отинойилар қатнашди. Анжуман иштирокчилари ялпи мажлис ва учта шўъбада ислом илмий меросини ўрганишнинг замонавий масалаларини муҳокама қилди.
Конференция доирасида Малайзия технология университети ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Имом Мотуридий, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва Тошкент давлат шарқшунослик университети ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Шунингдек, Малайзия томонидан “Вақф” хайрия жамоат фондига 20 000 нусха Қуръони каримнинг ҳадя қилиниши ва Қиролича хонимга “Малайзия Ислом санъати музейи тўплами” китоб-альбомининг тақдим этилиши анжуманга янада файз бағишлади.
Мазкур нуфузли тадбир халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш ва ислом маърифатини кенг ёйиш йўлидаги хайрли қадамлардан бири бўлди.
#yangiliklar
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати