Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Май, 2025   |   19 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:27
Қуёш
05:03
Пешин
12:24
Аср
17:26
Шом
19:40
Хуфтон
21:10
Bismillah
17 Май, 2025, 19 Зулқаъда, 1446

Ҳизбут-таҳрир ва унинг кирдикорлари

15.07.2022   911   3 min.
Ҳизбут-таҳрир ва унинг кирдикорлари

Инсонлар жамоаланиш бўйича иккига бўлинади. Раҳмоннинг жамоаси ва шайтон малайлари. Аллоҳ таолонинг жамоаси тарқоқ бўлиши асло мумкин эмас. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Динларини (фирқаларга) бўлиб, (турли) гуруҳларга айланганлар (учун) бирор нарсада (Сиз масъул) эмассиз. Уларнинг иши Аллоҳга (ҳавола). Сўнгра (У) уларни қилиб юрган амалларидан огоҳ қилур» (Анъом сураси, 159-оят).

Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ Муовия розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Уларнинг ҳаммаси дўзахдадир. Биргина фирқа бундан мустасно”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Ўша бир тоифа ким, эй Аллоҳнинг Расули!” дейишди. У зот: “Жамоатдир”, дедилар. Сўнг қўшимча қилиб айтдилар: “Албатта, яқин орада шундай қавмлар келади, қутириш касали беморни қандай эгалласа, уларни ҳавои нафс худди шундай эгаллайди”, дедилар.

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган нарсалари воқеликда содир бўлди. Ҳавои нафсга эргашиш кўпайди. Фирқалар, жамоалар кўпайди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло:

«Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади» (Оли Имрон сураси, 103-оят), деб марҳамат қилади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: «“Ўзларингиздан олдингилар йўлига худди (камон ўқининг) патлари бир хил жойлашгани каби, изма-из эргашасизлар. Ҳатто улар зобб (эчкиэмар)нинг инига кирган бўлсалар, сизлар ҳам албатта кирасизлар. Саҳобалар айтишди: “Ё Расулуллоҳ! Яҳудийлар ва насороларми?” Пайғамбар алайҳиссалом: “Унда ким?” дедилар.

Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Мўмин мўмин учун худди бир-бирини мустаҳкамлаб турувчи бино кабидир”.

Аммо бу ҳизблар-жамоалар ўзаро бир-бирларидан нафратдадирлар. Бир-бирларини таъна қиладилар, айблайдилар. Ҳатто бир киши: “Бу ҳизблар дин душманларининг ирода-истакларини, яъни умматни тафриқага солиш, хотирини паришон қилиш, оқибатда умматни заифлаштириш каби ишларни қилишяпти” деса, тўғри бўлади.

Хуллас, “Ҳизбут таҳрир” жамоаси қаттиқ адашган тоифалардан. “Ҳизбут таҳрир” пасткаш жамоа бўлиб, Урдунда пайдо бўлган. “Ихвонул муслимин”дан ажраб чиққан. “Ихвончилар” уларга бу йўлдан қайтишлари учун элчилар юборишган. Лекин улар қайтишдан бош тортишган. Уларнинг етакчиси Тақиюддин Набаҳоний эди.

Улар ақида масалаларида қуйидагиларни айтадилар: “Ақидавий ҳукм фақат ақлдан олинади. Агар самъий, яъни, нақлий далилдан олинса, у фақат қатъий далил бўлиши керак”.

Ҳизбчилар сафсата сотишга ўргатилган, динимизга мухолиф жамоадир.

Ҳизбчиларнинг етакчисидан: “Нима учун сизларда Қуръон ёдлатиладиган мадрасалар йўқ?” деб сўралганда, у бундай жавоб берган: “Мен дарвешлар етиштирмоқчи эмасман”.

Кўриб турганингиздек, илм, ахлоқ ва қалб тарбияси, зуҳд, тақвога сабаб бўлувчи илмлар улар учун қизиқ эмас. Фиқҳий масалаларда ҳам ҳадларидан ошишган. Масалан, уларнинг наздида эркак киши номаҳрам аёл билан қўл бериб кўришса, жоиз бўлади. Хуллас, “Ҳизбут таҳрир” адашган тоифалардан биридир.

Хулоса ўрнида шуни айтамизки: Ҳизбут-таҳрир” уламолари ўз таъвилларига одатда ҳеч бир ҳужжат келтирмайдилар. Минг­лаб саҳиҳ ҳадислар мавжуд бўла туриб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан аниқ ва саҳиҳ ривоятларни келтирмайдилар. На саҳобалардан, на тобеъинлардан ва на уларнинг атбоъларидан бирон асар тақдим этмайдилар. Барча Ислом уммати бирдек тан олган Аҳли сунна вал жамоа уламолари ижтиҳодларидан ва айтган сўзларидан мисол келтирмайдилар. Барча мусулмонларни бундай бузуқ тоифалардан узоқ бўлишга даъват этамиз

Муҳибуллоҳ Ҳудойбердиев Тўрақўрғон тумани бош имом хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Аллоҳнинг ёрдами яқин

16.05.2025   1194   3 min.
Аллоҳнинг ёрдами яқин

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бир ажойиб ҳолат ҳақида фикр юритдим: баъзида мўминнинг бошига бир иш тушса, у астойдил дуо қилади, аммо дуоларининг ижобати кўринмайди. Умидсизликка тушай деганда, унинг қалбига қаралади. Агарда у Аллоҳнинг фазлидан умидини узмагани ҳолда тақдирига рози бўлса, дуонинг ижобати тезлашади. Бу маънолар Аллоҳ таоло нозил қилган ояти каримада ўз ифодасини топган: «...Ҳатто Пайғамбар ва иймонли кишилар: “Аллоҳнинг ёрдами қачон (келар экан)?» деган эдилар. Огоҳ бўлингки, Аллоҳнинг ёрдами (ҳамиша) яқиндир”»[1].

Шундай ҳолат Яъқуб алайҳиссалом билан ҳам бўлган. У зотнинг ўғиллари Юсуф алайҳиссалом дом-дараксиз йўқолиб қолганида, кушойиш келишидан ноумид бўлмаганлар. Кейинги ўғиллари ҳам тортиб олинганида, у зот Аллоҳнинг фазлидан умидларини узмаганлари ҳолда: «...Шоядки, Аллоҳ уларнинг (Юсуф, Бинямин ва Мисрда қолган ўғлимнинг) барчаларини (бағримга) қайтарса...»[2], деганлар.

“Дуойимнинг ижобат бўлиш муддати узайиб кетди”, деб қайғурманг. Аллоҳ таоло сизнинг тазарруингиз, ялиниб-ёлворишларингизни кўришни ирода қилмоқда. Сизни қилган сабрингизга ажр ила мукофотламоқчи. Сиз шайтон билан жанг қилишингиз учун ҳам дуойингизнинг ижобатини кечиктириш ила сизни синаяпти.

Гоҳида Аллоҳ таоло сизнинг азиймат, қатъиятингиз нақадар қувватли экани ва балога қанчалик сабрли эканингизни кўриш учун ҳам дард бериб имтиҳон қилади. Агар сабр қила олсангиз, демак, сиз итоаткор бандалар сафидасиз. Борди-ю, иродасизлик қилсангиз, зиёнкорлардан бўласиз. Сабрдан кейин фақат ва фақат ечим, ёруғ кунлар бор.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу  анҳу: “Сабр қилсанг, ажрга эга бўласан, барибир ёзилгани бўлади. Сабрсизлик қилсанг, гуноҳкор бўлиб қоласан, барибир ёзилгани бўлади”, деганлар.

Шоир айтади:

Балою имтиҳон келса, аларга ҳар он ризо кўрсат,
Синов берган сиҳатни ҳам Ўзи бергай аниқ, албат.
Бандасига не ҳукм этса, ҳикмати бор, итоат қил,
Битганидан қутулмоқлик чорасиздир, бил, эй ғофил!
Ноумидлик ханжарини кўкрагингга урма аммо,
Ки Аллоҳнинг қудратила ечилгайдир ҳар муаммо.

 Аллоҳдан умидингизни узманг. Синовларга сабр қилинг, шундагина улкан ажрларни қўлга киритасиз. Фазл ибн Саҳл айтади: “Касалликларда неъматлар бор”. Бу борада қуйидагиларга эътиборли бўлинг:

– гуноҳлардан тозалаш;
– савобни қўлга киритиш;
– ғафлатдан уйғониш;
– соғлик неъматини эслаб қўйиш;
– тавбага шошилиш.

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Бақара сураси, 214-оят.
[2]  Юсуф сураси, 83-оят.