498-CАВОЛ: Мен Тожикистонданман. Исломни ўрганиб, унга амал қилишга ҳаракат қиламан. Мен Сурия ҳақида сўрамоқчи эдим. Интернетда баъзи ўзбек олимлари Сурияда жиҳод бор, ким инкор этса фосиқ, мунофиқ деб, чақиряптилар. Сиз бунга нима дейсиз?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Интернетдаги даъватчилар маърузаларида жиҳод ҳамма учун фарз экани ҳақида сўз юритади. Аслида, жиҳод икки қисмдан иборат:
1. Талаб жиҳоди – фарзи кифоя. У ҳозир йўқлигига уламолар иттифоқ қилишган. Чунки, ҳозирда давлатлар ўртасида тинчлик битими мавжуд бўлиб, урушмасликка келишилган.
2. Мудофаа жиҳоди – фарзи айн. У душманлар мусулмонлар яшайдиган юртга уруш қилиб, бостириб кирса, ҳимоя учун фарз бўлади.
Маълумки, жиҳоднинг ўзига яраша қоидалари бор. Биринчидан, жиҳодга сафарбар қилиш учун “Халифа” бўлиши лозим. Ваҳоланки, халифалик масаласи тарихда қолгани барчага маълум. Қолаверса, жиҳод жорий бўлиши учун умматнинг ижмоси ҳам талаб этилади. Булар чақираётган “жиҳод”га Ислом умматининг деярли барчаси қарши экани кундек равшан.
Бугунги кунда жиҳодга тарғиб қилаётган гуруҳлар қайси сиёсий кучларга хизмат қилаётганларини ўзлари ҳам билмайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким номаълум байроқ остида жанг қилса ва бу йўлда ўлдирилса, демак, у жоҳилият ўлимини топибди” деб айтганлар. Яъни, кимки номаълум байроқ остида, уни кимнинг қўлида эканини, унинг мақсади қандайлигини билмаган ҳолда жанг қилса ва бу йўлда ўлса у жоҳилиятда ўлгандек бўлади.
Динимиз ҳатто уруш остида бўлган ва душман заминларида яшаган, лекин жанговорлик сифатига эга бўлмаган инсонларнинг ўлдирилишига ҳам рухсат бермайди. Жиҳодга чақираётганларнинг аксарият халқи мусулмон бўлган ўлкаларда бегуноҳ инсонлар ўлдирилаётган, нишонга олинаётган ҳужумларга шаръан рухсат кўзи билан қараши жуда ачинарлидир.
“Нисо” сурасининг 93-оятида бир мўмин кишини қасддан ўлдирганлар жаҳаннам азобига дучор бўлиши хабар берилган.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда “Дунёнинг йўқ бўлиб кетиши Аллоҳ наздида бир мўминнинг ноҳақ ўлдирилишидан кўра енгилроқдир” деб, бу жиноятнинг оқибати қанча ёмон эканига ишора қилмоқдалар (Ибн Можа ривояти).
Бузғунчи тоифалар ўзларига тегишли веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда “шаҳидлик”, “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” каби тушунчаларни бузиб талқин қилиш натижасида айрим ёшларни ўзларининг тузоқларига илинтиришга муваффақ бўлишаётгани ачинарли ҳол, албатта.
Машҳур олим, марҳум Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ айнан низоли ҳудудларни ичида бўлган ва террорчилар хусусида шундай деган эдилар: “Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш” дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш” дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бугун орамизда юрибдилар, деб хаёл қилсин. Ул зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?!”
Динимизда бегуноҳ инсон қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Ислом ҳатто чумолига ҳам озор беришдан қайтаради. Бундай ваҳшийликни қилаётганлар диндорлик ҳақида қанча лоф урмасин, қилган ёвузликлари бу даъволари сохта эканини фош этмоқда. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати. @diniysavollar
Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги байрами муносабати билан “Дунё” АА орқали Ўзбекистон халқига самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади:
– Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Қардош Ўзбекистон халқини истиқлол айёми билан самимий муборакбод этиб, тинчлик, тараққиёт ва янги ютуқлар учун Аллоҳ таолодан хайрли дуолар сўрайман.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон улуғвор тарихий йўлни босиб ўтиб, мард ва олижаноб ўзбек халқининг мустаҳкам иродаси туфайли юксак ютуқларга эришди. Бугун мустақил Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий соҳаларда катта тараққиётга эришаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Ўзбекистонни иккинчи Ватаним деб билиб, уни ҳамиша қалбимда асраб келаётган инсон сифатида қардош ўзбек халқининг ютуқларидан чин дилдан қувонаман. Ўзбекистон ривожи ва фаровонлиги йўлида бор куч-қувватини аямай келаётган фидокор раҳбар – Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг беқиёс меҳнатларини алоҳида эътироф этаман.
Ўзбекистон Президенти бошчилигида мамлакат сўнгги ўн йил давомида Учинчи Ренессанс даврини бошдан кечирмоқда. Ўзбекистон бугун давлат раҳбарининг юксак сиёсий тафаккури ва саъй-ҳаракатлари туфайли ислом оламида ёрқин нур сочаётган маданий-маънавий марказга айланди.
Ушбу заҳматларнинг ёрқин намунаси бўлган Ислом цивилизацияси марказини бутун дунё мусулмонларига тақдим этилган бебаҳо туҳфа десак, муболаға бўлмайди. Ўзбек мутафаккирларининг қимматли илмий-маънавий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш Ўзбекистон заминининг асрлар давомида шаклланиб келган маърифат ва ирфон маркази мақомини яна бир бор ифодалайди.
Ўзбекистон етакчиси билан ҳар бир учрашув ва мулоқот мен учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, кўрсатаётган юксак эътибори учун чексиз миннатдорлик билдираман. Яқинда Ўзбекистон Президенти томонидан “Эл-юрт ҳурмати” орденининг топширилиши менда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотди ва бундан бениҳоя фахрланаман.
Мустақил Ўзбекистон билан барча соҳаларда алоқаларимизни янада кенгайтириш халқларимиз учун кўплаб имкониятлар яратади. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасида қарор топган мустаҳкам қардошлик муносабатлари, ўзаро ташкил этилаётган учрашувлар алоҳида қадр-қимматга эга бўлиб, бизга маънавий куч бағишлайди.
Давлат раҳбарларимизнинг саъй-ҳаракатлари ва оқилона сиёсати туфайли Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар барча соҳаларда кенгайиб, қардошлигимиз иттифоқчилик даражасига кўтарилди.
Ўзбекистон қалбимда алоҳида ўрин тутади. Бу мамлакатнинг ҳар бир ютуғидан беҳад қувонаман ва унинг доимо юксак чўққиларни забт этиши учун дуолар қиламан.
Ўзбекистонда олий диний таълим олиб, Озарбайжон ва Кавказда Шайхулисломлик мақомига кўтарилган инсон сифатида Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг миллий-маънавий қадриятлари ҳамда тарихий меросимизга берилаётган эътиборни юксак қадрлайман.
Дунёда кечаётган мураккаб даврда қардош халқларимиз ўзларининг тарихий-маънавий меросларига суянган ҳолда муносиб келажак қуриш йўлида ишонч билан одимламоқда. Туркий давлатлар ташкилоти доирасида муносабатларимизнинг янада кенгайиши Аллоҳ таолонинг бизга кўрсатаётган лутфу карамидир.
Озарбайжоннинг ишғолдан озод этилган ҳудудларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва қайта тиклаш ишлари, диний-маънавий меросни қайта тиклаш жараёнига туркий давлатлар орасида биринчи бўлиб ўз эзгу туҳфаларини тақдим этган Ўзбекистон халқи ва давлат раҳбарига чин қалбимиздан миннатдорлик билдирамиз.
Яна бир бор Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан қардош ўзбек халқини самимий муборакбод этиб, энг эзгу тилакларимни йўллайман.
Аллоҳ таоло Ўзининг улуғ раҳмати ва карамидан барчамизни баҳраманд этсин. Эзгу орзу-ниятлар ва хайрли мақсадларимизнинг рўёбга чиқишида Аллоҳ мададкор бўлсин. Омин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати