Инсон учун ер юзидан ибодатлар ичида энг маҳбуби, афзали бу Қуръони карим тиловатидир. Бу ишга Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам биз умматни қизиқтирганлар. Чунки Қуръони Карим соҳибини шафоат қилади. Шайтон васвасаларидан қўрғон бўлади. Унинг тиловати гуноҳларни ўчирадиган, савобларни кўпайтирадиган гўзал амалдир. Минг афсуслар бўлсинки кейинги вақтларда айрим жоҳил илмсиз динда ғулувга кетган инсонлар бу ишни қилиш динда йўқ намоздан кейин тиловат қилишлик Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам бўлмаган деган ўзларининг нотўғри эътиқодларини илгари суриш ҳолатлари кўпаймоқда.
Аллоҳ таоло Тоҳа сурасининг 124-оятида қуйидагича марҳамат қилади :
«Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, унинг учун танг (бахтсиз)турмуш (қабр азоби) бўлиши муқаррар ва Биз уни Қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз»
Муборак Ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳони ҳар куни Қуръони карим ҳаққини адо этишга буюрганлар. Буни 200-250 оят ўқиш ёки 100 оят ва Ихлос сурасини уч бора ўқиш билан адо этиш, деб тушунтирганлар. Қуръони каримдаги кўпгина суралар ва баъзи оятларнинг фазилатлари зикр қилинган. Ушбу тиловатнинг Қиёмат куни шафоат қилиши, савоблар кўпайтириб ёзилиши, ҳожатларнинг раво бўлиши, беморларга шифо бўлиши, дуоларнинг ижобат бўлиши, тетиклик ва ақлга мусаффолик бериши ва бошқа кўпгина фазилатлари баён қилинган.
Намоздан кейинги зикрлар
Намоздан кейинги зикрлар борасида Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ворид бўлган бўлиб жумладан:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта тасбеҳ, ўттиз уч марта таҳмид, ўттиз уч марта такбир айтса – ҳаммаси бўлиб тўқсон тўққизта бўлади – ва кейин юзинчисида «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамд, ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодийр» (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У ёлғиздир. Унинг шериги йўқ. Подшоҳлик Унга хос. Ҳамду сано Унга хос. У ҳар нарсага қодирдир) деса, гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса ҳам, кечириб юборилади».
Имом Муслим ривоят қилган.
Ушбу биргина ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики намоздан кейинги тасбеҳларнинг нақадар улуғ ва ҳикматли иш эканлиги. Шу боис барчаларимиз доимо ушбу ишдан бардавом бўлсак айрим мутаассибларнинг айтаётган гапларига раддия ўлароқ ушбу ишни мунтазам бажариб борсак иншааллоҳ дунё ва охиратимиз обод бўлишига сабабчи бўлган бўламиз.
Нурулло Маҳкамов,
Чуст туман “Саид Насимхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби
Савол: Болани икки йил эмизмасдан сутдан чиқариб юборса болани ҳаққи ота-онада қолиб кетмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шариатимизда она боласини икки йил тўлиқ эмизсин деган талаб йўқ. Агар сутдан чиқариш болага зарар қилмаса, икки йил бўлмасдан туриб ҳам чиқариш жоиз. Икки йилга етмасдан чиқарса, боланинг ҳаққи ота-онада қолиб кетди дейилмайди. Аллоҳ таоло Бақара сурасида бундай марҳамат қилади:
“Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизадилар...”.
Мазкур ояти карима тафсирида муфассир уламолар: “Эмизиш муддатини икки йил деб белгиланиши вожиб маъносида эмас. Бунга “Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса” сўзи далолат қилади. Аллоҳ таоло эмизиш муддатини охирига етказишни банданинг хоҳишига боғлаб қўйганидан муддатни охирига етказиш вожиб эмаслиги англашилади”, дейишган.
Қолаверса, мазкур оятнинг давомида “Агар ўзаро рози бўлиб, сутдан ажратишни ирода қилсалар, икковларига гуноҳ бўлмайди”, дейилган. Яъни икки йилдан олдин эр ва хотин ўзаро келишган ҳолда, боланинг ҳолатидан келиб чиқиб сутдан чиқаришларида гуноҳ бўлмайди.
Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳ болани икки йилдан аввал сутдан чиқаришда эр ва хотиннинг ўзаро розилиги лозим, икки йилдан кейин эса эр ё хотиндан бирининг розилиги билан чиқариш мумкин, деганлар.
Аммо болага эмиш зарур бўла туриб, сутдан чиқариб юбориш мумкин эмас. Чунки бу унга очиқ-ойдин зарар бериш бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази