Мусулмон одам ҳар доим шариатга мувофиқ иш кўради, ҳаёт кечиради. Агар ўзи (нафси) истаганидек яшаш тарзига ўтадиган бўлса, албатта, мувозанат бузилади, руҳи бўғилади, мўминлигига путур етади.
Таҳорат бузилганидек, ахлоқ ҳам бузилади. Таҳоратни бузадиган амаллар бўлганидек, хулқни бузувчи иллатлар ҳам бор. Бугун уларнинг кони интернет аталмиш кўринмас, аммо имкони жуда кенг бўлган оламдир. Аллоҳ сақласин, лоқайд бўлсак, ундан тарқалаётган иллатлар нафақат ўзимиз, аҳлимиз, балки фарзандларимизга ҳам зарар бериши мумкин.
Мусулмон киши биродарининг жони ва моли қаторида, унинг сирини ҳам ҳимоя қилади. Бугун интернет тармоқларига “миш-миш”ларсиз кириш тўйга тўёнасиз боришдай гап бўлиб бормоқда. Бировнинг сирини фош қилиш гўё қаҳрамонликдай, бирга ўн қўшиб олиб чиқишлар урф бўлмоқда. Булар мусулмон учун ўта хатарлидир. Биз тилимизни, кўзимизни, фаржимизни, оёғимизни, қўлларимизни асрашга масъулмиз. Ахир Аллоҳ таоло қиёмат куни аъзоларимизни гапиртиради. Улар бизга қарши гувоҳлик беради...
«Бугун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўйгаймиз. Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида қўллари сўзлаб, оёқлари гувоҳлик берур» (Ёсин сураси, 65-оят).
Ширк ва куфрда бўлган бандалар қиёмат куни дунёда қилган қилмишларидан тониб, тиллари билан нотўғри гувоҳлик беришга ҳаракат қилишар экан. Қўшнилари ва қариндошлари уларнинг мушрик бўлгани ҳақида гувоҳлик беришса ҳам, тан олишмас экан. Аллоҳ таоло уларнинг оғизларини муҳрлаб қўйишга буюргач, қолган аъзолари унинг кирдикорларини бирма-бир айтиб, гувоҳлик берар экан.
Шундай экан, киши таҳорати синганда қайта олгани, Рамазонда еб-ичишдан тийилгани, доимо гуноҳ ишлардан узоқ тургани каби интернетдаги зарарлардан ҳам сақланиш лозим. Айни пайтда, саҳар ё ифтор қилгани, жуфти ҳалоли билан ўйнаб-кулгани каби, интернетдан фойдаланиш жоиз бўлган ўринларда фойдаланади.
Мўмин “замон билан ҳамнафас бўлиш” тушунчасини янглиш англаб, алданмайди. Қўл телефони, интернет ва медиа олами ўз домига тортиши, тақво, ҳилм, хушудан узоқлаштириши каби кўзга кўринмас иллатлардан ўзини эҳтиёт қилади. “Интернетни ёш болалар ҳам ишлатиб юрибди-ку”, деб эътиборсиз бўлиш ярамайди. Биз қаерда, қайси ёшда бўлмайлик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарбия қилган уммат бўлиб қолишимиз керак.
Интернет ва қўл телефони бизни ўзгартирмаслиги, аксинча, биз Аллоҳнинг изни билан, интернетни, қўл телефонини ҳам ўзгартиришимиз лозим. Таъбир жоиз бўлса, телефонимизни “тарбия” қилишимиз, бу орқали ўзимизни ислоҳ этишимиз керак. Хўш, ҳозир телефонингизни бир “синаб” кўрингчи, унда қанча кераксиз нарсалар бор экан?! Телефонингиз (яъни ўзингиз) нечоғлик тарбияли, мусулмонга хос ахлоқдан насибадор эканингизни билиб оласиз!..
Мухторхон ЖАЛОЛОВ,
Шаҳрисабз туманидаги “Бобо Салим”
жоме масжиди имом-хатиби
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари Ислом ишлари ва вақфлар бош бошқармаси ҳамкорлигида ўзбекистонлик имом-хатиблар учун БААда малака ошириш ўқувлари бошланди. Бу ҳақда мазкур жараёнда иштирок этаётган Масжидлар билан ишлаш бўлими хабар берди.
Мазкур ўқув курсларининг асосий мақсади икки қардош мамлакат диний соҳа вакиллари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, илғор маърифий ёндашувлар, замонавий иш усуллари ҳамда долзарб диний-ижтимоий масалалар юзасидан фикр алмашишдан иборатдир.
Сафар доирасида бўлиб ўтган навбатдаги илмий-амалий машғулот давлатчилик асослари, бағрикенглик маданияти ва замонавий диний-ижтимоий ёндашувлар мавзусига бағишланди. Унда БААнинг тараққиёт йўли, қонун устуворлиги ва жамият барқарорлигида «васатийя» (мўътадиллик) тамойилининг ўрни муҳимлиги таъкидланди. 200 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув истиқомат қилаётган ушбу мамлакатда инсон қадри ва ўзаро ҳурмат асосий мезон эканига урғу берилди.
Ўз навбатида, БАА томони Ўзбекистоннинг бой цивилизацияси ва дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимиз меросини юксак эҳтиром билан тилга олди.
Малака ошириш жараёнида иштирокчилар масжидлар фаолиятини ташкил этиш, жамиятда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, хусусан, маъруза ва суҳбатларни замонавий ахборот технологиялари — интерактив тақдимотлар ва проекторлар орқали кўргазмали етказиш бўйича илғор амалиётлар билан яқиндан танишмоқдалар.
Тадбир давомида БАА раҳбариятининг глобал миқёсдаги инсонпарварлик ва хайрия ташаббуслари ҳам алоҳида эътироф этилиб, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва диний соҳа ходимларининг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган мазкур манфаатли сафарни ташкил этган мутасаддиларга самимий миннатдорлик билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати