“Салаф” сўзи луғатда – “аввал яшаб ўтганлар”, “аждодлар”, “ўтмишдошлар” деган маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда “салаф” сўзи муайян бир давр билан боғлиқ маънони англатади. Яъни, Набий алайҳиссалом замонларида ва ундан кейинги икки асрда яшаган мусулмонлар “салафи солиҳ”, яъни, “солиҳ аждодлар” дейилади. Бу борада Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида шундай деганлар:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بن مسعود رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: خَيْرُ النَّاسِ قَرْنِي، ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ، ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ، ثُمَّ يَجِيءُ أَقْوَامٌ تَسْبِقُ شَهَادَةُ أَحَدِهِمْ يَمِينَهُ، وَيَمِينُهُ شَهَادَتَهُ
(رواه الامام البخاري والامام مسلم)
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Энг яхши давр менинг даврим, сўнг уларга яқин бўлган, сўнг уларга яқин бўлган даврлардир. Сўнгра шундай инсонлар келадики, уларнинг гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади” (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Мазкур ҳадисга кўра, Ислом уламолари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ва ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонларни “салафи солиҳ”, яъни, “солиҳ аждодлар” деб тавсифлайдилар. Улардан кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан бу номлар қўлланилмайди.
Аҳли сунна вал-жамоа анъанасига кўра, салафи солиҳлар давридан кейин яшаган мусулмонлар “халафлар”, яъни “кейингилар” деб аталади. Халаф яъни, кейинги аср олимлари дарахт ўз илдизидан озиқлангани каби салафи солиҳларнинг қарашлари асосида шаклландилар.
Сўнгги йилларда “салаф солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган, мутаассиб кўринишдаги сохта салафийлар барча ақидавий ва ҳукмий масалаларни ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мувофиқ равишда ҳаётга татбиқ этишни тарғиб қилсаларда аслида, уларнинг қарашлари асосан 18-асрнинг ўрталарида яшаб ўтган наждлик Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг мутаассибона ғоялари устига қурилгандир. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг қарашлари эса Ислом динида биринчи бўлинишга сабаб бўлган Хаворижлар ақидаси билан йўғирилган.
Бу оқим аъзолари диний масаланинг ечимини топишда фақат оят ёки ҳадисни узуқ-юлуқ ҳолда келтириб, унга юзаки ёндашиб, гўё муаммога жавоб топган бўлади. Уларнинг бу услуби авом халққа осон тушунилгандек, гўё тўғридек туюлади. Шу йўл билан ҳам улар ўз тарафдорлари сонини кўпайтиришга уринади.
Салафийлик ғояси тарафдорларининг асосий мақсадлари Қуръон ва суннатни ўзларича маҳкам тутиш ва қарийб 13 асрдирки Ислом умматининг бирдамлигини таъминлаб келаётган фиқҳий мазҳабларни йўқ қилиб, уларни илдизи билан қўпориб ташлашдан иборат. Уларнинг даъвосига кўра, гўё мусулмонларнинг ихтилофдан нажот топиши фақат Қуръон ва ҳадисни қаттиқ ушлаш билан бўлади, мазҳаблар мавжуд бўлар экан, Қуръон ва ҳадисни маҳкам ушлаш амри маҳол эмиш.
Гўёки бу билан улар Қуръон ва суннатни маҳкам тутишмоқда-ю, бутун уммат эътироф этган ва авлги 3 асрда яшаб ўтган мазҳаб бошилар уни маҳкам тутишмагани иддао қилишларини англаш қийин эмас.
Воқеъликда эса, улар мазҳаблар орасидаги жузъий ихтилофларни қоралаган ҳолда, ҳаммани мазҳабни ташлашга ҳамда Қуръон ва ҳадисларни ўрганиб, тушунганича уларга амал қилишга, бошқача қилиб айтганда, ҳаммани ўзи ижтиҳод қилишга чақирадилар. Бу эса, шубҳасиз, янада ихтилофлар ва қарама-қарши фикрларнинг кўпайишига олиб келади. Агар мазҳаблар орасидаги ихтилофлар маълум чегара билан чекланган бўлса, мазҳабсизликнинг бу даъвати эса чексиз ихтилофларга сабаб бўлади ва мусулмонлар ҳаётида даҳшатли фалокатларни келтириб чиқаради.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, фиқҳий мазҳаблар орасидаги жузъий ихтилофлар саҳобалар ва тобеинлар орасида мавжуд бўлган ихтилофлар таъсирида юзага келган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
اختلاف أصحابي لكم رحمة
яъни “Саҳобаларимнинг ихтилофи сизлар учун раҳматдир”, – деб марҳамат қилганлар (Имом Байҳақий, Имом Табароний ва Имом Дайламий ривоят қилишган).
Қолаверса, асрлар давомида барча мусулмонлар амал қилиб келган анъанавий мазҳабларни ва унга эргашган мўмин-мусулмонларни адашганлик ва залолатда айблашнинг ўзи улкан бўхтондир. Бу Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суннатларига ҳам тўғри келмайди. Зеро у Зот:
(لا تجتمع أمتي على ضلالة (رواه الامام ابن ماجه والامام الطبراني
яъни “Аллоҳ умматимни бирор залолатга жамламас”, – дея марҳамат қилганлар (Имом ибн Можа ва Имом Табароний ривоятлари). Машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
ما رآه المسلمون حسنا فهو عند الله حسن
(رواه الامام أحمد)
яъни: “Мусулмонлар яхши деб билган нарса Аллоҳнинг ҳузуруда ҳам яхшидир” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Сохта салафийлар дунёнинг каерига бормасин, мусулмонлар орасида тушунмовчиликлар, ихтилофлар ва ташвишлар авж олади. Бугунги кунда уларнинг ахли сунна вал-жамоадан оғишганлиги, улар на сахобалар ва на тобеъинлар йулидан юрмаётганлари ўз исботини топиб улгурган. Кўплаб уламолар томонидан уларнинг бузғунчи ғояларига нисбатан илмий раддиялар эълон қилинган. Жумладан ХIХ асрда яшаб, ижод этган машҳур ҳиндистонлик олим Муҳаммад Сиддиқ Ҳасан ал-Қанужий (1832-1890) сохта салафийлар ҳақида фикр билдириб, шундай дейди: “Ҳозирги кунда бир риёкор ва шуҳратпараст гуруҳ пайдо бўлган бўлиб, улар Қуръон ва ҳадисни билиш ва унга амал қилишни даъво қилмоқда… Ажабланарлиси шундаки, улар ўзларини энг ихлосли ва энг тақводор, деб бошқаларни мушриклар деб номламоқда. Улар энг мутаассиб ва динда ғулувга кетган кишилардир. Бу диндан эмас, балки Ер юзида тарқалган фитна ва катта фасоддир” (“Тақлиду-л-аимма” 16-17 бетлар].
Ўтган асримизнинг кўзга кўринган етук алломалардан бири марҳум Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “салафийлар” деб атаётганларга раддия сифатида “Салафийлик исломий мазҳаб эмас, балки у муборак давр босқичидир” номли асарларида жумладан шундай дейдилар: “Ислом динининг ўтаган ўн тўрт асрлик тарихи давомида бирор мўътабар имом ёки уламодан эшитмаганмизки, мусулмонларнинг ҳидоятда бўлишларининг ҳужжати “салафийлар” деб номлаган гуруҳга мансуб бўлиш ҳисобланса. Балки, “салафийлик” деган гуруҳга мансуб бўлишнинг ўзи айни бидъатдир” (231-232-бетлар).
Хулоса қилиб айтганда ота-боболаримиз, минг йиллик муъмин-мусулмонлар барчаси аҳли сунна вал-жамоа таълимотида бўлиб келишган. Бирок, йигирманчи мелодий асрнинг ўрталарига келиб, аҳли сунна вал-жамоадан оғишган ваҳҳобийлик оқими тизимидан сизиб, янги ва сохта салафийлик юзага келди. Асрлар давомида Ислом уламолари томонидан ёзилган асарлар ва орттирилган малака, эришилган ютуқларни рад этиб, фақатгина “салафи солиҳлар” даврини эътиборга олиш даъвосида бўлиш сохта салафийликнинг тор моҳиятини намоён этади.
Бугунги кунимизда юртдошларимиз ичида ҳали ҳам билиб-билмай сохта салафийларнинг асоссиз даъволарининг таъсирида юрган кишиларнинг мавжуд эканлиги ушбу тоифанинг илдизларини ўрганиб, унинг асл моҳиятини очиб бериш, уни одамларга, халқимизга тўғри тушунтириб бериш долзарб эканлигини билдирмоқда. Айниқса, бизнинг энг асосий вазифамиз ёшларни бундай сохта салафийлар домига тушиб қолишдан асрашимиз ва бунинг учун эса доим огоҳлик билан уларга қарши илмий раддиялар бериб боришимиз керак бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси,
Абдулатиф Турсунов
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси