Имом Дайнурий, Ториқ ибни Шаҳобдан ривоят қиладилар:
Шом фатҳ қилинди. (Шом ўлкаси ҳозирги Сурия, Фаластин ва Иордания ерларининг ҳаммасини жамлаган катта бир ҳудуд бўлган.) Бу ерлар азалдан бой ерлар дейилган. Бойлигининг биринчи сабаби кўҳна маданиятларнинг кўплигидир. Фаластин ерларига борган киши беш минг йиллик қадриятларнинг уфуриб турганини ҳис қилади. Тош кўчалардан юриб, Масжид ул-Ақсонинг атрофини кезган киши ажойиб ҳисни сезади. Бу ерда мусулмон, насроний ҳамда яҳудийлар бирга яшаётганини кўрасиз.
Ҳозирда авж олиб турган Фаластин можароси Масжид ул-Ақсодан етмиш километр наридаги Ғазо секторида бўлади. Жанжалнинг сабаби эса бойлик ва бошқа кўзланган мақсадлардир. Аслида бу ерларнинг асосий таланишининг сабаби кўҳна маданият, кўплаб пайғамбарларнинг макони бўлганлигидир.
Мана шундай ерларни ўзида жамлаган кўҳна Шом Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврларида фатҳ қилинди. Умар ибн Хаттобни Шомга таклиф қилишганларида, Ҳазрати Умарнинг туяга ўтирган, оёқларида ковуш, изорларини белларидан пастга боғланган, бошларида эса салла бор эди. Шомга кираётганларида эса туялари билан чуқур сувга кечган пайт оёқларидаги ковушига сув кирмаслиги учун ечиб олиб қўлтиқларига қистирилган бир ҳолат эди. Халифани кутиб олишга чиққан асҳоблари буни кўриб:
- Эй мўминлар амири! Бу нима қилганингиз? Ҳозир сизни Шомни фатҳ қилган шонли лашкарингиз қарши олади. Қолаверса бу ернинг руҳонийлари сизни кутиб олишга чиқади. Сиз эса бу аҳволдасиз – деди.
Шунда Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:
- Аллоҳ таоло бизни Ислом билан иззат қилган қавммиз. Ислом билан азиз бўлганмиз. Иззатни ва азизликни Аллоҳ таолонинг ўзидангина талаб қиламиз, бошқасидан эса ҳеч қачон – дедилар.
Бу уммат Ислом билан азиз бўлди ва фақат Ислом билан бўлсагина азиз бўлишда давом этади. Ислом билан яшасак, унинг руҳиятини топсак анашу ҳақиқий азизликдир.
Исломнинг риояси фақат масжидларда, маросимларда ёки қабристонларда эмас балки, бозорларимизда, масжидларимизда, маърузаларимизда, уй ва оилада, олди-бердимизда ҳам мусулмонга хос тарзда бўладиган бўлса, биздан азиз қавмнинг ўзи бўлмайди. Мусулмонлар бир-бирларига нафрат ва адоват билан эмас, меҳр-муҳаббат ила боқсалар, фитна чиққан маҳалда ақл билан иш кўриб, аҳли илм устозларни маҳкам тутсак, биздан иззатлироқ қавм бўлмайди.
Аммо биз бугунги кунга келиб аҳли илм устозларни муҳокама қиладиган бўлдик. Илмсиз авомлигини тан олган ва ўзлигини унутган айрим кимсалар уламоларни очиқчасига муҳокама қиладиган бўлдилар. Бу умматнинг мағлубияти ўз уламоларига эргашмасдан, балки уларни муҳокама қилишдан бошланади. Одамлар орасига фитна солаётган, тўғри йўлдан барчани чалғитаётганлар айнан шуни хоҳлашади. Яъни уларнинг мақсади дин пешволарининг шаънини, қадрини обрўсизлантиришдир. Улар бу йўлда ҳеч нарсадан қайтмаяпти. Ҳар томонлама кучга тўлган ёш қатламни ўзларига қурол қилиб олишяпти. Уларни имомларига, уламоларига қарши қилиб қўйишяпти. Ёд ғояларни уларнинг онгига сингдиришяпти.
Бугун биз айтамизки, бировларнинг қўлида жаҳолат қуроли бўлиб қолишдан огоҳ бўлинг. Илмингиз етмаган нарса ҳақида турли фикрлар чиқаришдан олдин унинг асл моҳияти ҳақида аҳли илм устозлардан сўранг. Тушунишга улгурмай аҳли илм устозлар айтган сўзларни ўзбошимча муҳокама қилишдан сақланинг. Фитнанинг авж олишига сабабчи бўлиб қолманг. Уламолар бир гапни гапириш учун бу мавзуни икир-чикирига қадар ўрганиб кейин бир хулосани баён қилишади.
Яқиндагина кўтарилган соқол ва ҳижоб масаласи ҳам аслида бундай авж олиши, бу умматнинг фақатгина шу муаммонинг атрофида айланиб қолишига сабаб бўладиган нарса эмас эди. Аслида аҳли илм устозлар «Соқолни олиб ташла» демаяпти, аксинча чиройли ва тартибли қўйиш тарафдори бўлишяпти. Қолаверса, «Ҳижобни еч» демаяпти, бурқа (ниқоб)дан эҳтиёт бўл деган масалани илгари суришди. Чунки бугунги кунда аёлларнинг бурқаси билан ёшларнинг узун ва тартибсиз соқоли фитна кийимига айланиб бўлди. Аёл кишидаги кўз, фитнанинг маконидир. Шунингдек, бурқа кийганда асосий назар ҳам аёл кишининг кўзига тушади. Барча фитналарнинг бошланиши эса назар орқали бўлади. Буларнинг ҳаммасини долзарб масалага олиб чиқиб, умматни чалғитиб ўз мақсадларини қисман уддалаётганларга кўмакчи бўлиб қолишдан тийилинг! Муаммо Исломда эмас, ўзимизда. Аввало ўзимизни ислоҳ қилсак, қолган ҳамма нарса ўз ўрнида бўлади. Барчангизни бирдамлик ва ҳамжиҳатликка чақириб қоламан.
Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
Ўзбекистон элчихонаси томонидан Бобур номли халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда ўзбекистонлик тарихшунос ва бобуршунос олимлардан иборат делегациянинг Покистонга ташрифи амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф Бобур ва Бобурийлар даврига оид тарихий-маданий меросни ўрганиш, Покистон ҳудудида сақланаётган мазкур даврга оид тарихий манбалар, қўлёзмалар, экспонатлар ва артефактлар билан танишиш, шунингдек, икки мамлакатнинг илмий-тадқиқот ва маданий муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил эилди.
Делегация аъзолари дастлаб Лаҳор шаҳрида Бобурийлар даврига оид тарихий обидалар ва манзилгоҳларга ташриф буюриб, ўрганишлар олиб борди. Хусусан, Лаҳор музейи, Ислом галереяси ҳамда қатор илмий-тадқиқот муассасаларида бўлиб, мазкур муассасаларда қатор илмий учрашувлар ўтказди ва бобурийлар даврига оид тарихий манбалар билан танишди.
Лаҳор шаҳридаги Панжоб университети раҳбарияти билан илмий ва академик ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Сафар давомида мазкур университет ҳузуридаги Бобурийлар мероси маркази билан ҳамкорликда Бобурийлар сулоласининг 500 йиллигига бағишланган илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Иштирокчилар Бобур ва Бобурийлар тарихи, уларнинг Марказий ва Жанубий Осиё тамаддунидаги ўрни, мазкур даврнинг сиёсий, маданий ва илмий меросини ўрганиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон олимлари Исломобод шаҳрида Покистон Миллий тилни ривожлантириш департаменти раҳбарияти Қуаид-и-Аъзам университети, Аллома Иқбол университети, Покистон Миллий кутубхонаси ҳамда қатор илмий-тадқиқот муассасаларига ташриф буюриб, қўлёзмалар, бобурийлар даврига оид экспонатлар ва бошқа тарихий манбалар билан танишди.
Ўзбекистон вакиллари Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Илмий ва технологик ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси бош координатори Муҳаммад Иқбол Чоудҳари томонидан қабул қилинди.
Унда Бобур ва Бобурийлар меросини чуқур ўрганиш, уни асраш ва мусулмон дунёси илмий доиралари ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Келгусида мазкур ташкилот билан ҳамкорликда Бобурийлар меросига бағишланган йирик халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Ташрифнинг асосий тадбири Исломобод шаҳрида «Заҳириддин Муҳаммад Бобур: муштарак цивилизациявий мерос ва Ўзбекистон-Покистон муносабатлари кўприги» мавзусида ташкил этилган бўлди.
Конференцияда Покистон Миллий мерос ва маданият вазирининг ўринбосари Фараҳ Наз Акбар, Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев, Покистондаги «Бобур форуми» раҳбари Рамзан Муғал ҳамда тарихчи ва бобуршунос олимлар ҳамда ёш тадқиқотчилар иштирок этди.
Дипломатик ваколатхона раҳбари ўз нутқида икки мамлакат ўртасидаги тарихий, маданий, маънавий ва цивилизациявий алоқалар узоқ тарих ва чуқур илдизларга эга эканини қайд этди.
– Ушбу муштарак тарихда Заҳириддин Муҳаммад Бобур Жанубий Осиёда улкан давлатчиликка асос солгани халқларимизни бирлаштирувчи муҳим тарихий омил бўлди, – деди Ўзбекистон элчиси. – Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон-Покистон муносабатлари барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам ва яқин дўстона мулоқот натижасида икки томонлама муносабатларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Алоқаларнинг бундай даражасида умумий тарихий ва маданий меросни ўрганишнинг нақадар муҳимлиги, бу борада яқиндан ҳамкорлик қилиш икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бобур номли халқаро жамоат фонди раиси ўринбосари Рустам Мамасолиев ўз чиқишида Бобур ва унинг илмий-адабий мероси бутун минтақа тарихида алоҳида ўрин тутишини урғулади.
– Ўзбекистонда Бобур ва бобурийлар меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш борасида жуда катта ишлар амалга ошириляпти, – деди у. – Бобурийлар меросини чуқур ўрганишда покистонлик олимлар ва илмий муассасалар билан қўшма тадқиқотлар, илмий анжуманлар, нашриёт лойиҳалари ва академик алмашинувларни кенгайтириш жуда муҳим.
Покистон Миллий мерос ва маданият вазирининг ўринбосари Фараҳ Наз Акбар, ўз навбатида, бобурийларнинг Покистон тарихидаги муҳим ўрнига тўхталди.
– Бобурийларнинг Покистондаги тарихий-маданий меросини асраш ва келажак авлодларга етказишга ҳукумат даражасида эътибор қаратиляпти, – деди Фараҳ Наз Акбар. – Биз Ўзбекистон билан тарихий алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш, илмий ҳамкорлик ва маданий алмашинувларни қўллаб-қувватлашга, буюк аждодларимиз қолдирган меросни биргаликда ўрганиш ва тарғиб қилишга тайёрмиз.
Бобур номли халқаро жамоат фонди делегацияси ташрифи давомида Панжоб вилоятида жойлашган Бобурийлар даврига оид қатор тарихий қадамжоларда ўрганишлар олиб бориши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати