Миссионерлик сўзидаги миссия - лотин тилидан олинган бўлиб “вазифа топшириш”, миссионер эса “ вазифани бажарувчи” деган маънони англатади.
“Миссионерлик” ҳақида «Ислом энциклопедия» китобида: «Миссионерлик (миссия сўзидан)-бирор динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш. Миссионерлик асосан, насронийликка хос. Тўртинчи асрдан пайдо бўлган. 13-16 асрларда насроний миссионерлиги Ҳиндистон, Хитой, Японияга кириб борди. Католик черковида миссионерлик Испания ва Португалия империялари ташкил топгач (15-16 асрлар), фаолиятини кучайтирди. Миссионерлик Рим империясига янги ерларни ўз таъсири остига олишда ката ёрдам берди. Католик миссионерлигига раҳбарлик қилиш учун папа Григорий 15 1662 йилда Диний тарғибот конгрегациясини таъсис этди. Миссионерлик 19 асрда фаоллашди, айниқса, насроний миссионерлари Африкада фаолиятларини кучайтирдилар ва ўз мамлакатларининг сиёсатини ўтказишга ёрдам бердилар. Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуни 5-моддасига кўра, Ўзбекистонда Миссионерлик фаолияти манъ этилган ».
Миссионерлик-бир динга эъиқод қилувчи халқлар орасида бошқа динни тарғиб қилишни тушинилади. Ҳозирги кунда миссионерлар ўзларининг вақтинчалик яхши муомилалари ва ўзларининг ғаразли мақсадлари яширинган услублари билан айрим кишиларни йўлдан адаш тирмоқдалар.
Миссионерлар турли соҳаларда ўз фаолиятини олиб боради.
Масалан: Таълим соҳасидаги фаолияти, миссионерлар таълим тизимида ўз фаолиятини амалга оширишда алоҳида эътибор берадиган жиҳатлари қуйидагилар:
— мактабга янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш учун таъмирлаш материаллари олиб берилади;
— ибодатга қатнайдиганларнинг бевосита таъмир ишларида қатнашиши таъминланади;
— ибодатга келувчиларнинг ахборотларига таяниб, янги ўқув йили арафасида муҳтож оилаларнинг болаларига дафтар, қалам ва бошқа канцелярия моллари олиб берилади;
— “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларига болалар кийим-бошлари ва ўйинчоқлар совға қилинади;
— Тил ва компьютер ўргатиш марказлари, ҳатто мактаб ёшигача бўлган болалар учун шу йўналишдаги ихтисослашган боғчалар очиш орқали ҳам ёшлар орасида тегишли тарғибот ташкил этилади.
Тиббиёт сохасида фаолияти одамларга бепул дори-дармон бериш, бепул хайрия ёрдамларини кўрсатиш, бепул миссионерлик адабиётини тарқатиш каби услубларидан фойдаланишади.
Масалан, миссионерлар касал ётган кишини олдига боришади. Унга дори-дармон учун пул бериб, уни аҳволини сўраган бўлишади. Кун ўтиб яна кўргани келишади. Бу сафар унга атрофдаги одамларни эътиборсизликлари ҳақида гапиришади. Ўзларини эса “ яхши одамлар” эканлигини тушинтиришади. У кишини ҳам ўзларига қўшилса, яхши бўлишини айтишади. Ва қайтаётиб бепул миссионерлик китобларидан ташлаб кетишади. Орадан кунлар ўтавергач, у касал киши аста-секинлик билан тузала бошлайди. Энди, у кишини ўзларининг миссионерлик йиғилишларига боришга ундайдилар. У киши миссионерлик “ўлжа”сига айланганлигини ҳали билмайди. Бу ҳол халқимиз орасида турли қарама-қаршиликка сабаб бўлмоқда. Жумладан, миссионерларга қўшилган киши вафот этганида унинг жасадини қабристонга қўйиш билан боғлиқ муаммолар келиб чиқади. Шунингдек, миссионерларга қўшилган киши ўз ўғлини хатна қилдиришни хоҳламаса, унинг қариндош –уруғи эса болани хатна қилишни талаб қилади. Миссионерларга қўшилган киши ўз қизини миссионерликка қўшилган кишига эрга бермоқчи бўлади. Ва бу қизнинг турмушга чиқиши ҳам муаммога айланади.
Маълумки, мамлакатимиз аҳолисининг 90% дан ортиқроғи Ислом динига эътиқод қилади. Ислом дини шариатига кўра ҳам ўз динидан бошқа динга ўтиб кетиш қораланади. Миссионерлик миллий ва диний қадриятимизга путур етказадиган, халқимиз бирлигини бузадиган ҳаракатлардан ҳисобланади. Миссионерлик ва унинг оқибатлари ҳақида оиламизда фарзандларимизга, маҳалладошларимизга кўпроқ тушунтиришимиз лозим бўлади.
Шундай қилсак, миссионерликнинг салбий оқибатларини бир қадар олдини олишга ҳаракат қилган бўламиз.
Хулоса ўрнида: Ислом бу муқаддас дин бўлиб, қадимдан ота-боболаримиз шу дин аҳкомларига амал этиб яшашган. Биз ҳам ота-боболаримиз йўлидан огишмай борсакгина тўғри йўлни танлаган бўламиз. Афсуфки, ҳозирги кунда диний қадриятларимизга, маънавиятимизга раҳна солишга, диний можароларни келтириб чиқаришга интилаётган айрим нопок кимсалар, миссионерлик йўли билан фарзандларимизни йўлдан оздиришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳол, ғанимларимиз режалаштирганидек, ижтимоий, оилавий низолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Асрлар мобайнида авлодларнинг миллий қадриятлари, улар ҳаётининг асосий омили бўлиб хизмат қилган муқаддас динимиз келажак авлод учун ҳам шундай бўлиб қолажак. Аллоҳ таоло берган улуғ неъмат тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиб, диёримизни ёвуз ниятли кучлардан сақлаш ҳар-бир мусулмон зиммасидаги бурчдир.
Билолхон Инамов,
Чуст тумани “Мавлоно Лутфуллоҳ” жоме
масжиди имом-хатиби
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати