Қадимдан либос инсоннинг ижтимоий мавқеи, касб-корини англатган. Боёнлар, мусофир дарвешлар, ҳунарманд-савдогарлар, шунингдек, уруғ ва элатларни-да либосига қараб таниса бўлади. Боиси кийим маданият кўзгуси. Бугун йиртиқ-ямоқ шим, калта пайпоқ кийган ёшлар кўпайиб бормоқда. Бу ҳам маданият белгиси, дегувчилар топилади. Аммо бу каби “урф”лар халқимизнинг қадимдан мерос кийиниш маданиятига таъсир кўрсатаётганини кўриб, оғринамиз.
Биз “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони совриндори, П.Беньков номидаги Республика рассомлар тайёрлаш мактабининг либослар дизайни катта ўқитувчиси Малика Қўзиева билан шу мавзуда суҳбатлашдик.
– Либос инсон хусусияти, феъл-атворига қанчалик боғлиқ ва қадимда туркий халқларда қандай кийиниш услублари бўлган?
– Либос инсоннинг турли хусусияти, маданияти, тарбияси, диди ва феъл-атворини таърифлаб берувчи кўзгудир. Туркий халқларнинг энг қадимги ва илк муҳим бўғинларидан бири бу – оғуз беклари, яъни она сут берган илк фарзанди – ўзбеклар бўлган дейишади. Шунинг учун ҳам туркий халқлар ичида энг катта тарихга эга бугунги турклар Ўзбекистонни ота юртимиз, деб аташади. Шу сабаб туркий халқлар маданияти бир-бирига яқин.
Камолиддин Беҳзод чизиб қолдирган бебаҳо миниатюра асарларида ҳам ота-боболаримизда кийиниш маданияти юксак бўлганини кўриш мумкин. Ундан ҳам аввалги, Афросиёб (Самарқанд), Варахша (Бухоро), Холчаён (Сурхондарё), Қизётган қалъа (Қадим Хоразм-Қорақалпоғистон) каби қадимги деворий суратлар орқали ҳатто эрамиздан аввалги, бугунги кўплаб халқлар ҳали ер юзида бўлмаган даврларда ватанимиз ҳудудида ўзига хос либослар мавжуд бўлганини кузатамиз. Қолаверса, қадимдан Ўзбекистон Буюк ипак йўли орқали Ғарб ва Шарққа кийим-кечак, пойабзал ва бош кийимлар учун барча иқлим ва ўлкаларга зарур бўлган пахта, ипак, қоракўл, момиқ, ошланган кўн ва тери етиштириб етказиб бергани ва бугунги кунда ҳам юртимиз дунёга турли либос учун қимматбаҳо табиий материалларни етиштирувчи энг йирик экспортёрлардан бўлиб келаётгани бежиз эмас. Бу ўзбек халқининг қадимдан юксак дид билан кийиниш маданиятига эга халқлардан бўлганини исботлайди.
– Либосларнинг жамиятдаги аҳамияти ва уларнинг мутаносиблиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
– Либос, айниқса, бош кийим ҳамма даврларда, ҳамма халқларда муҳим аҳамиятга эга бўлган. Бош кийимга қараб одамнинг ижтимоий мавқеи, миллати, қайси элат ёки уруғга мансублиги, қайси табақадан экани, ёши, жинси, оилавий мақомигача билиш мумкин бўлган. Бежиз ҳукмдорлар тож, қаландар-дарвешлар қалпоқ, маълум ёшга қараб хоразмликлар чўгирмани турли рангдагисини, тошкентлик йигитлар уйланган ёки бўйдоқлигига, унаштирилганини билдирувчи каштали дўппилар киймаган. Шунинг учун бош кийим аввало эгасининг мақомини кўрсатиб турувчи “маълумотнома” бўлган. Бош кийим устки либос билан мутаносиб бўлиши ҳам керак. Нафақат кийиниш услуби, балки либослар ранглари ҳам бир-бирига мос бўлса, нур устига нур (бу мутаносибликни, айниқса, аёл-қизлар қойиллатади). Сабаби либос инсоннинг бутун бошли “ID картаси” вазифасини бажаради.
Машҳур рус ёзувчиси Константин Паустовскийнинг 1916 йилда ўзи кўрган ва уни даҳшатга солган воқеа – Ватан озодлиги учун курашган минглаб ўзбекларни Москва кўчалари бўйлаб бир неча кун давомида ҳайдаб ўтилгани ҳақида ёзар экан, уларнинг бошидаги дўпписини асосий белги сифатида кўрсатади: “Кўчалар бўйлаб соқчилар яшил ранг чопондаги минглаб ўзбекларни ҳайдаб боришарди. Ўрта Осиёдаги қўзғолонлар бостирилгач, ўзбекларни Мурманск сари, шимолий қутб темир йўлини қуриб, ўлиб кетмоғи сари бошлаб кетар эди. Қуруқ қор учқунлари уларнинг кумушранг нақшли қора дўппиларини қопларди. Бу маҳкумларнинг ўтиши бир неча кунлаб давом этди…” – деб ёзади у.
– Либослар тарихи мутахассиси сифатида қайси қадимги либосни ҳозирги даврга қайтаришни хоҳлайсиз?
– Мен аслида либослар дизайнериман. Кўпинча тарихий либос ва кийимлар лойиҳалари устида ишлаганим туфайли ва Павел Беньков номидаги рассомлар мактабида узоқ йиллардан буён либослар тарихидан дарс бериб келаётганим сабаб кўп йиллардан буён ўзбек ва жаҳон халқлари либослари тарихини ўрганаман. Табиийки, ўз ижодимда ҳам бу жуда қўл келади. Парижда, Лондонда, Москвада, Люксембургда, Урумчида бўлиб ўтган кўплаб халқаро либос танловлари ва фестивалларда тақдирланган либосларим айнан тарихий мавзуда ишлангани ва дизайнида аньанавий ўзбек матоларидан кенг фойдаланилгани – булар барчаси ушбу соҳада ҳали катта ижодий имкониятлар борлигини кўрсатади.
Кейинги йилларда миллий ўзликни англашга катта эътибор қаратилмоқда, мақом, бахшичилик, миллий ҳунармандчилик каби йўналишлар ривожлантирилмоқда. Бу албатта миллий либослар ривожига, уларни оммалаштиришга хизмат қилди. Аммо шу билан бирга, миллий матоларимиздан, айниқса, аёллар кийимларида ишлатиладиган ипак матолардан дидсизларча фойдаланиш ҳоллари афсуски кўпайди. Бу муаммоларнинг ечими миллий либослар тарихини чуқур таҳлил қилиб ўрганишда, деб ҳисоблайман.
– Ёшлар кийинишда Ғарбга кўр-кўрона тақлид қилиши ҳақида фикрингиз қандай?
– Биласизми, бундай мавзуларнинг кун мавзуси қилиб катта муҳокамага олиб чиқилиши нафақат ёшлар, балки аксарият катта ёшли юртдошларимизда ҳам кийиниш бобида билим ва заковат етарли эмаслигидан далолат беради. Бу ҳолатни мен ёшларимизнинг замонавий бўламан деб ярашса-ярашмаса кийиб, бегона маданиятларга эргашиб кетаётгани, халқимизнинг тарихий меросидан, кийиниш маданиятидан бехабар бўлиб қолаётганидан деб тушунаман. Бундай мавзуларни катта муҳокамага олиб чиқишдан кўра ёшларга ўрнак бўладиган миллий дизайндаги либосларни урфга айлантириш борасида бош қотирсак яхши бўлар эди.
Юлдуз ЎРМОНОВА
суҳбатлашди.
Манба: Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати