Имом Мотуридий эса ташбеҳ қўрқуви ва таътил хавфи билан ҳаракат қилиб, чуқур кетган ҳар икки фикрни қабул қилиш зарур эмас деган қарашда бўлган. Унга кўра, тавҳид аҳли бўла олиш учун Аллоҳнинг исм ва сифатларини исбот қилиш мажбурияти бор. Зеро, Аллоҳнинг зотини, Раб эканини, камчилик ва нуқсонлардан поклигини билиш фақат исм ва сифатлари орқалигина мумкиндир.
Имом Мотуридий айтади: «Биз оламнинг Яратувчиси бир ва қадим эканини исбот этдик. У ҳолда Унинг ўхшаши, зидди ва тенги йўқ бўлиши керак. Чунки буларнинг барчаси улуҳият (илоҳийлик)га зиддир. Агар Аллоҳга ўхшаш бирор борлиқ мавжуд бўлганида эди, бу ё қадим (аввали йўқ бўлиши керак), ёки ҳадис (кейин пайдо бўлган) бўларди. Ҳар икки жиҳат ҳам ботил бўлгани сабабли Аллоҳ яратилганларга ўхшашдан муназзаҳдир. Худди шу тарзда Аллоҳнинг исм ва сифатлари ҳам яратилганларнинг исм ва сифатларига ўхшамаслиги лозим.
Аллоҳнинг барча исм ва сифатлари азалийдир. Фақат сифатларни ифода этган калима ва лафзлар ҳадис бўлиб, бу илоҳий сифатларнинг махлуқотлар сифатларига ўхшамаслигини тўлиқ маънода очиб беришга етарли эмас. Шу билан бирга, Аллоҳ ҳақида бошқа йўл орқали маълумот олиш имкониятимиз йўқлиги сабабли бу лафзларга мурожаат этишга мажбурмиз. Аллоҳни ўрганишимизда ишлатадиган сўзлар Унинг зотини зеҳнда идрок этишимизга ёрдам берадиган ва зотида мавжуд бўлган маъноларни тушунтирувчи усуллар ҳисобланади. Гарчи бу лафзлар баъзи ҳолларда Аллоҳ муназзаҳ бўлган маъноларни зеҳнда гавдалантирса ҳам, ташбеҳни ўртадан олиб ташлашда бошқа лафзларни ишлатиш билан бу хатарни йўқ қилиш мумкин. Масалан, “Аллоҳ олимдир, фақат биз билган олимлар каби эмас, Унинг илми ҳам бизнинг илмимизга ўхшамайди”, деймиз».
Шуни билиб олиш керак, тавҳид ақидаси барча ташбеҳ ва ўхшатиш хавфини йўқ қилади. Тавҳид ақидаси бошланишида ташбеҳга ўхшаб кўрингани билан охирида танзиҳга боради1.
Бундай тоза мантиқ ишлатган Абу Мансур Мотуридий Аллоҳни насслар (ояту ҳадислар)да келган исм ва сифатлар билан таърифлашни зарур деб билади. Унга кўра, сифатларни исбот этиш Аллоҳни ҳар хил нуқсонлардан пок этиш ғоясига таянгани боис, хоҳ зотий бўлсин, хоҳ феълий – барча илоҳий сифатларнинг қадим бўлиши шарт. Чунки, агар улар ҳодис бўладиган бўлса, у ҳолда Аллоҳнинг азалдаги комиллиги ҳаққоний бўлмай қолади. Бу эса илоҳийлик билан мувофиқ келмайди.
Масалан, “Аллоҳнинг илми ва қудрати азалда йўқ эди” дейилса, бунинг маъноси “жоҳил ва ожиз эди” деган бўлиб қолади. Бу қарашнинг нотўғрилиги маълум. Қолаверса, қудрати йўқ бўлган ҳолда Ўзига илм яратиши, илми йўқ бўлган ҳолда қудрат яратиши мумкин бўлмагани сабаб бошқага муҳтож бўлишига тўғри келади. Бу ҳам илоҳийликка зиддир. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг барча сифатлари қадим ва зоти билан қоййим бўлиши шартдир.
Имом Мотуридий илоҳий исмларнинг қадим бўлиши шартлигини ақлий ва мантиқий далиллар билан исбот қилиб бўлгач, бу исмлар ифода этган маъноларнинг Аллоҳ зотида мавжуд бўлмоғи зарурлиги ҳақида тўхталади. Аллоҳнинг олим экани маъноси илми тенгсиз, қодирлигининг маъноси қудрати чексиз деганидир.
Аллоҳнинг бу сифатлар билан қандай васфланиши масаласига келганда эса, Имом Мотуридий бу мавзунинг билиб бўлмаслиги фикридадир. Чунки сифатларнинг кайфиятларини билиш, Аллоҳга ўхшаш бошқа борлиқнинг борлигини тақозо эттиради. Бу эса имконсиздир.
Имом Мотуридийга кўра, Аллоҳнинг сифатлари на Унинг зотидир ва на ундан ташқаридадир. Шу сабабдан ҳам муътазилий оқими илгари сурган тааддуди қудома (азалийларнинг биттадан кўп бўлиши; яъни биттадан кўп илоҳларнинг борлиги) муаммоси ўртага чиқмагани каби, сифат-мавсуф иккилигидан ҳам сўз юритилмайди. Чунки иккита бошқа-бошқа борлиқдан гап очиш учун бирини бошқасидан ажратиш лозим бўлади. Ваҳоланки, Аллоҳнинг зоти билан сифатларини бир-биридан ажратишнинг имкони йўқдир2.
Муҳаммадайюбхон ҲОМИДОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари
идораси бўлим мудири
Тасаввуф масаласи ҳам салафийлар томонидан қаттиқ танқидга олинган ва кўр-кўрона рад этиладиган мавзулардан биридир. Тасаввуф, тариқат, сулук, шайх, мурид ва шу каби атамаларни эшитишлари билан мавзуни инкор қилишга тушиб кетадилар. Лекин аслида ҳам шундайми?
Минг йиллардан бери Исломнинг руҳи бўлиб келган ва Ислом уммати оғишмай амал қилиб келаётган бу мавзу рад этилиши керакми?!
Тасаввуф – бу Аллоҳни таниш ва нафсни поклашни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илмдир. Тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, мавзусининг шарафи биландир.
Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билиш-таниш экан, у ўз-ўзидан исломий илмларнинг энг шарафлиси бўлади. Тасаввуф бизга нима қилсак, Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак, қалбимизда бўлишини истаганимиз “Аллоҳ севгиси” ҳосил бўлади, каби саволларга жавоб беради ва бу мақомга эришиш йўлларини ўргатади.
Тасаввуфга уламолар томонидан кўплаб таърифлар берилган. Шайх Иброҳим ибн Муваллид Роққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг китобларида бу таърифларни юздан ошиғини жамлаган.
Шайх Муҳаммад ибн Али Қассоб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф бу – саодат асрида шарафли қавмнинг энг олийжаноб кишисидан содир бўлган энг гўзал хулқлардир”, деган.
Шайх Абу Муҳаммад Жаририй раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – ҳар бир гўзал хулқни олиш ва ҳар бир ёмон хулқни тарк қилишдир”, деди.
Шайх Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – гўзал хулқ билан бир маънода бўлиб, кимнинг хулқи сеникидан гўзал бўлса, тасаввуфи ҳам гўзалдир”, деган.
Шайх Абу Ҳафс Найсобурий раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – унинг барчаси одобдир. У ҳар бир вақт, ҳар бир ҳол ва ҳар бир мақомнинг одобидир”, деган.
Тасаввуф баъзи кишилар: “Бу нарса ҳижрий учинчи асрдан кейин пайдо бўлган бидъат, аввалги даврда бўлмаган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда “Тасаввуф” сўзи бирор марта зикр қилинмаган”, деб даъво қилаётганидек кейин пайдо бўлиб қолган бидъат илм эмас, балки у барча шаръий илмлар қатори Исломнинг аввалидан мавжуддир.
Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда “Тасаввуф” сўзини бирор марта келмагани уни исломий илм эмаслигига далил бўлмайди. Чунки бошқа исломий илмларнинг ҳам номлари Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган. Агар Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган нарсаларни инкор қилсак, жуда кўплаб нарсалардан воз кечишимизга тўғри келади.
Тасаввуф Исломнинг аввалги асрларидан бери мавжуд бўлиб, у ҳам бошқа исломий илмлар қатори Қуръон ва суннатдан олинган. Бунга Қуръон, ҳадис ва тобеинларнинг сўзларида далиллар бор. Аввал айтганимиздек тасаввуфнинг асосий вазифаси инсоннинг нафсини тарбиялаш, гуноҳлардан поклаш ва ботиний амалларини тартибга солишдир.
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 120-оятида бундай марҳамат қилган:
﴿وَذَرُوا ظَاهِرَ الْإِثْمِ وَبَاطِنَهُ﴾
“Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!”.
Аллома Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бу ояти каримани тафсир қилиб: “Ошкора гуноҳдан ташқи аъзолар билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган. Махфий гуноҳдан қалб билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган” деган.
Зоҳирий аъзолар билан қилинадиган гуноҳларни тарк қилишни ва унга бериладиган жазоларни фиқҳ фани ўргатса, қалб касалликларини даволашни айнан тасаввуф ўргатади. Бошқа ояти каримада шундай дейилади:
﴿قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا﴾
“Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди” (Шамс сураси, 9-оят).
Дарҳақиқат, инсон охиратда ютуққа эришиши учун, жаҳаннам оловидан омонда бўлиши учун бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳ ва қалб касалликларидан ўзини поклаши керак.
Аллоҳ таоло бу ояти карималарда бандаларини куфр, ширк ва гуноҳлардан ўзларини поклашга буюрмоқда. Мана шу поклашни ўргатадиган фанни “Тасаввуф” деб номлаш инсонлар орасида урф бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида тасаввуф эҳсон деб номланган. “Жаброил ҳадиси” деб номланган машҳур ҳадиси шарифда “эҳсон” айни тасаввуф экани намоён бўлди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлига қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
“Менга иймон ҳақида хабар бер”, деди.
“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди.
“Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деди у.
“Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
“Менга Соат (қиёмат)дан хабар бер”, деди.
“Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, дедилар.
“Унинг аломатларидан хабар бер”, деди.
“Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга:
“Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?” дедилар.
“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дедим.
“Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди”, дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда диннинг асллари иймон, Ислом, эҳсон, зоҳирий ва ботиний амалларни ислоҳ қилиш ва охират куни ҳақида ва буларнинг барчаси дин эканлигини хабари берилмоқда.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган “Ислом”ни фиқҳ илми ўргатади. “Иймон” қисмини ақоид илми ўргатади. Бизнинг мавзумизга бевосита боғлиқ бўлган “эҳсон” қисмини эса тасаввуф илми ўргатади ва бу ҳадиси шарифда бунга амалий намуна ҳам бор.
Жаброил алайҳиссалом: “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
Тасаввуфнинг асосий мақсадларидан бири ҳам банда қилаётган ҳар бир ибодатида, амалида Аллоҳ уни кўриб турганини ва бу амалига қиёмат куни албатта савол-жавоб бўлишини қалбан ҳис қилдиришдир.
“Тасаввуф” сўзи Исломнинг дастлабки асрида ишлатилмаган бўлса-да, кейинги даврларда “сўфий” сўзи ишлатилганини кузатишимиз мумкин.
Уламолар мутавотир ҳадиснинг қандай бўлиши ва шартларини баён қилиб айтадиларки “Мутавотир ҳадис – унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади”.
Шундай экан, тасаввуф илми ҳам иккинчи асрдан (тобеинлар асридан) то шу кунгача минглаб шариатимиз пешволари орқали ҳам нақлан, ҳам амалан мутавотир ҳолатда бизгача етиб келган. Шунинг ўзи ҳам тасаввуф илмининг шаръий илм эканига етарли далил бўлади.
Машҳур муҳаддис олим, Шайх Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ: “Суҳбатларимиз ва таълим-тарбиямиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳиҳ ва машҳур санад билан етиб борган тариқат одобидир”, деган.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси