“Оқиб келувчи” савоблар ҳақида эшитганингиз бор. Уларни бир сўз билан “садақаи жория” дейилади. Оқиб келувчи гуноҳлар ҳам бор эканлиги ҳақидачи, эшитганмисиз? Ундай бўлса эшитинг.
Қиёмат куни инсон ўзининг ҳисобига ёзилган катта-катта гуноҳларни кўриб ҳайрон қолади. Чунки, у бу гуноҳларни ўз қўли билан қилмаган, лекин шунга қарамай унинг ҳисобига ёзиб қўйилган бўлади. Ўзи қилмаган аммо, унинг номаи амалига ёзилган гуноҳларнинг номини “оқиб келувчи” гуноҳлар дейилади. Бу гуноҳлар киши қабрида ётганида, яъни вафот этганидан кейин ҳам унинг номаи амалига ёзилиб бораверади. У тўхтовсиз ва давомли тарзда оқиб келаверади. Кун ўтган сайин кўпая боради, ойлар, йиллар давомида тоғдек-тоғдек гуноҳларга айланади. Унинг келишини тўхтатиб бўлмайди.
Тоғдек-тоғдек бу гуноҳлар қаердан келди, нима учун унинг ҳисобига ёзиб қўйилди?
“Оқиб келувчи” гуноҳларнинг манбаи инсоннинг ўз қўлида. У ҳаёти давомида қайсидир гуноҳ-маъсият ишни қилади ва бошқалар ҳам унга эргашиб шу ишни давом эттиради. Натижада, бошқаларнинг қилган гуноҳлари ҳам унинг зимасига тушади. Чунки, у ушбу гуноҳ ишнинг “ташаббускори”, ўзгалар унга эргашувчилардир.
Бугунги кунда ижтимоий тармоқ воситалари “оқиб келувчи” гуноҳларнинг асосий манбаига айланиб бормоқда. Кимлардир томонидан ўзларининг турли хилдаги беҳаё суратлари, видео ёзувлари, бошқалар ҳақида тарқатилаётган туҳмат ва бўҳтон сўзлар, одамларни обрўсизлантириш, ўртага нифоқ ва фитна солиш, айниқса диний тафриқабозликка сабаб бўладиган мақола ҳамда аудио ва видео ёзувларнинг тарқатилиши аввало, ўша кишиларнинг қаттиқ гуноҳкор бўлишларига сабаб бўлса, иккинчидан уларни қўллаб-қувватловчилар, уларга эргашувчиларнинг гуноҳларига ҳам шерик бўлишларига олиб келади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда огоҳлантирган:
َلَيَحْمِلُنَّ أَثْقَالَهُمْ وَأَثْقَالًا مَّعَ أَثْقَالِهِمْ ۖ وَلَيُسْأَلُنَّ يَوْمَ الْقِيَامَةِ عَمَّا كَانُوا يَفْتَرُونَ))
яъни: “Албатта, улар ўзларининг юк (гуноҳ)ларини ҳам, у юклари билан бирга (бошқа) юкларни ҳам кўтарурлар ва албатта, қиёмат кунида ўзлари тўқиб олган (ёлғон)лари тўғрисида сўралурлар” (Анкабут сураси, 13-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:
من دعا إلى هدًى، كان له من الأجر مثلُ أُجور من تَبِعه، لا ينقُص ذلك من أُجورهم شيئًا، ومن دعا إلى ضلالةٍ، كان عليه من الإثم مثلُ آثام من تبعه، لا ينقُصُ ذلك من آثامهم شيئًا»
(رواه مسلم)
яъни: “Ким ҳидоятга чақирса, унга эргашувчининг савобидек ажр бўлади. Бу билан амал қилган кишиларнинг савобидан бирор нарса камаймайди. Ким залолатга чақирса, эргашувчи кишининг гуноҳидек унга гуноҳ ёзилади. Бу билан амал қилган кишиларнинг гуноҳидан бирор нарса камаймайди” (Имом Муслим ривояти).
Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: Вафот этганидан кейин гуноҳлари ҳам тўхтаган кишига жаннат бўлсин. Вафот этганидан кейин ҳам гуноҳлари юз-икки юз йиллар давомида тўхтамай келадиган ва шу гуноҳлари туфайли қабрида ҳам, охиратда ҳам азобланадиган кишига вайл (дўзах) бўлсин.
Эй, биродар! Ижтимоий тармоқларга қўйган суратларингизни кўздан кечириб чиқинг. У ерга жойлаштирган маълумотларингизни тафтиш қилинг. Гуноҳ-маъсиятга ундовчи суратми, мақолами, инсонлар ўртасида фитна-фасод, буғзу-адоват қўзғатувчи постларми бўлса вақт ўтказмай тезда ўчириб ташланг. Токи, бошқа инсонлар сизнинг тарқатган материалларингиздан таъсирланиб сиз тарғиб қилган гуноҳ ишларни қилиб улгурмасинлар. Акс ҳолда уларнинг қилган гуноҳлари “оқиб келувчи” гуноҳга айланиб сизнинг ҳисобингизга ёзилади.
Шу билан бирга қилган номаъқул ишингиздан тезда тавба қилинг. Чунки, ҳеч бир инсон ўз ажали қачон келишини билмайди.
Ҳозирги кунда “бидъат” сўзини кўпчилигимиз тез-тез эшитамиз. Таъбир жоиз бўлса, бу сўзни билган ҳам, билмаган ҳам, тушунган ҳам, тушунмаган ҳам ишлатмоқда.
Аллома ибн Ҳажар Маккий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Фатҳул Мубийн” асарида бидъатнинг луғавий маъносини қуйидагича келтирган:
“Бидъат сўзи луғатда – ўхшаши бўлмаган, янги нарсани пайдо қилиш”, деган маънони беради.
“Баҳрул Лайолий шарҳи Бадъул Амолий”да эса, бидъатнинг луғавий маъносини: “Аввал бўлмаган, ўхшаши йўқ нарсани пайдо қилиш” деб келтирган.
Шундан келиб чиқиб, мазкур уламолар бидъат хоҳ ибодатларда, хоҳ одатларда бўлсин, яхши ёки ёмон бўлсин, Қуръон ва суннатда мавжуд бўлмаган янги пайдо бўлган нарса деб қараганлар.
Уламолар луғавий бидъатни беш қисмга бўлганлар.
Биринчиси: Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки бу илмни билмасдан Қуръон ва суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади.
Демак, Қуръон ва суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб.
Иккинчиси: Ҳаром бўлган бидъат. Мўътазила, жабария ва ҳозирги салафий ҳамда аҳли суннага зид бўлган турли фирқа ва оқимларни таъсис этиш. Чунки булар ҳам Исломнинг илк даврларида бўлмай, кейинчалик турли мақсадларда ташкил қилинган бўлиб, асосан соф Ислом ақидасини нотўғри талқин қилиш, Исломга ва мусулмонларга зарар бериш билан танилган. Шунинг учун бундай фирқа ва оқимларга кириш ҳаром ҳисобланади.
Учинчиси: Мустаҳаб бидъат. Масжидларга миноралар қуриш, маъҳад ва мадрасалар барпо этиш, Қуръон қироатини эшитиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш учун турли мажлислар ташкил қилиш мустаҳаб бидъатлар сирасига киради.
Тўртинчиси: Макруҳ бидъат. Масжидларга зийнат бериш.
Бешинчиси: Мубоҳ бидъат. Еб-ичиш, кийим-кечак, маскан-манзилларда кенгчиликка йўл қўйиш. Яъни агар ҳалолдан бўлса, киши ўзи яшайдиган манзилини чиройли таъмирласа, фахр ва кибрдан холи бўлиб, қимматбаҳо кийим кийган бўлса ва емоқ-ичмоғида кенгчиликка йўл қўйса, гуноҳкор бўлмайди. Чунки шаръан бу пайтда мазкур ишлар мубоҳ саналади.
Бидъатнинг шаръий-истилоҳий маънолари
Бидъатнинг шаръий – истилоҳий маъноларини “Баҳрул Лаолий шарҳи Бадъул Амолий” асарининг соҳиби қуйида уч қисм қилиб келтирганлар:
الزِّيَادَةُ وَالنُّقْصَانُ فِي الدِّينِ مِنْ غَيْرِ إِذْنِ الشَّارِعِ
1. “Шореънинг изнисиз динда зиёда ва нуқсонга йўл очиш”.
جَعْلُ غَيْرِ الدِّينِ دِينًا أَوْ مَا يَكُونُ مُشَابِهًا بِالدِّينِ وَلَيْسَ مِنَ الدِّينِ
2. “Диндан бўлмаган нарсани дин деб билиш ёки динга ўхшаш мартабага кўтариш”.
عَمَلٌ مُحْدَثٌ عَلَي نِيَّةِ الْعِبَادَةِ
3. “Динда асли йўқ бўлиб, янги пайдо бўлган нарсани ибодат ниятида бажариш”.
Мазкур таърифларга асосланиб фуқаҳолар икита фиқҳий қоидани жорий қилганлар.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْإِبَاحَةُ
1. “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”. Яъни, аслида ҳамма нарса мубоҳ ва тозадир.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْحُرْمَةُ
2. “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”.
Зоҳиран қараганда бир-бирига зид бўлган бу икки қоидани татбиқи шундайки, агар бир киши дунё ишларини осонлаштириш, одамларнинг оғирини енгил ва узоғини яқин қилиш мақсадида бирор нарса масалан машина, телефон ёки турли фойдали мосламалар ўйлаб топиб ихтиро қилса, “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”, қоидасига биноан бу яхши ва мақталган иш ҳисобланади.
Аммо, ибодат ниятида динда бирор нарсани жорий қилиш, суннат бўлмаган амални суннат деб эътиқод қилиш, “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”, қоидасига биноан бидъат ва ҳаром иш ҳисобланади.
Бидъатнинг турлари.
“Саҳиҳи Бухорий” китобини шарҳлаган Имом Қасталоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Имом Байҳақий Имом Шофеъийдан нақл қилиб: “Китобу суннатга ва ижмога хилоф бўлган ишлар залолатга чорловчи бидъатдир. Аммо, китобу суннатга хилоф бўлмаган яхши ишлар бидъат эмас, балки “Муҳдасоту маҳмуда” яъни кейин пайдо бўлган мақталган ишлардир”, деганлар (Қасталоний. Ж. 1. Б. 302).
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ سَنَّ فِي الإسلام سُنَّةً حَسَنَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا یُنْقَصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ وَمَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً سَیِّئَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ عَلَيْهِ مِثْلُ وِزْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَایُنْقَصُ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْءٌ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Исломда чиройли йўлни жорий қилса, бас у учун унинг ажри ва ундан кейин унга амал қилганларнинг ҳам ажри бўлади. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмайди” (Имом Муслим ривояти).
Мана шу ва бошқа далилларга таяниб, уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).
Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Шариатнинг аслига хилоф бўлмай, шу билан бирга фойдали ва хайрли амаллар бидъати ҳасанадир. Шаръий асосга эга бўлмаган амал ёки эътиқодни жорий қилиш бидъати саййиа дейилади”, деганлар. (“Фатҳул Борий” китоби, Ж. 4. Б. 253).
Бидъати ҳасана – бунга ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровиҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилди ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, деди.
Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.
Бидъати саййиа эса, шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, у шариатимизда рад этилган. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ
“Ким бизнинг бу динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, ҳадисда кўзланган мақсад диннинг асосий манбалари бўлмиш Китоб, суннат ва ижмога хилоф бўлган ишларни пайдо қилиш бўлса, бас, у рад қилингандир. Аммо дунёвий ҳаётнинг равнақига хизмат қиладиган, инсонларга манфаат берадиган ишларни пайдо қилиш, гарчи Китобу суннатда асоси мавжуд бўлмаса-да, зинҳор бидъат дейилмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси