Бугун фаровон ва тўкин ҳаётда яшаётганимиз учун Аллоҳ таолога қанча шукр қилсак – шунча кам. Табиийки, ҳаётимизни жуда осонлаштираётган воситаларнинг фойдалари кўп. Бироқ танганинг иккинчи томони ҳам борлигини унутмаслигимиз керак. Гап шундаки, бугун турли ғаразли кучлар ахборот технологиялари орқали фарзандларимизни ёт ғоялар домига тортмоқда.
Ана шундай ёт ғоялардан бири, шубҳасиз, ўзларини салафий деб номлаган сохта салафилардир. Бу оқим XVIII асрда яшаган наждлик Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг мутаассибона ғояларига таянади. У эса, аслида, илк экстремистик ташкилот – хорижийлик ақидасидир.
Шунга кўра, улар наздида, мусулмонлар учун ҳақиқий нажот Қуръон ва ҳадисни маҳкам тутиш бўлиб, ҳар қандай кўринишдаги мазҳаб бу мақсадга эришишда халақит беради.
Улар шу тариқа барча мусулмонларни Қуръон ва ҳадисни ўрганиб, ўз ақли ва иқтидори доирасида амал қилишга, ижтиҳод қилишга чақиради. Имом Аҳмаднинг: “Ким динда тақлид йўқ деса, Аллоҳ ва Унинг расули олдида фосиқдир. Унинг сўзи суннат ва салафи солиҳлар қарашларини рад қилишдир”, – деган таърифи, бизнингча, ушбу қарашга ўринли раддия ҳисобланади.
Абу Бакр Ҳаравийнинг ёзишича, инсонлар динда ё муқаллид (тақлид қилувчи) ва ё мужтаҳид бўлади. Бунда илми йўқ олимларга тақлид қилади, билмаганини олимлардан сўраши ва шу орқали уларга тақлид қилиши фарз ҳисобланади.
Инсонлар ақли, ҳаётий тажрибаси турфа экани эътиборга олинса, бунинг натижасида инсонлар орасида қарама-қарши фикрларнинг кўпайиши ҳолатларини идрок этиш мумкин бўлади.
Энг муҳими, фиқҳий мазҳаблар натижасида қонли ихтилофлар вужудга келмайди, аммо ушбу тоифа хатти-ҳаракатлари кенг маънодаги зўравонликлар ва ҳатто қонли тўқнашувлар учун сабаб бўлиши мумкин.
“Сохта салафийлар” қаерга қадам босмасин, ўша ерда жаҳолат, ихтилоф ва ташвишлар илдиз отади. Зеро, уларнинг йўли Аҳли сунна вал жамоанинг ҳам, саҳобалар ва тобеинларнинг ҳам йўли эмас.
Муҳаммад Сиддиқ Ҳасан Қиннавжий “сохта салафийлар” ҳақида ўзининг “Тақлидул аимма” асарида бундай ёзади: “Ҳозирги кунда бир риёкор ва шуҳратпараст гуруҳ пайдо бўлди. Бу гуруҳ аъзолари ўзларини энг тақводор ҳисоблаб, бошқаларни мушрикликда айбламоқда. Аслида, уларнинг ўзи энг мутаассиб ва динда чуқур – ғулув кетганлардир. Уларнинг иши диндан эмас”.
Сохта салафийларнинг кирдикорлари шу қадар кўпки, уларнинг кеча пайдо бўлган ишлари бугунга, бугунги ишлари эса эртага тўғри келмайди. Кундан кунга янгидан-янги фитналарни ўйлаб топиб, мўмин-мусулмонлар ўртасида низо чиқаришга тиришадилар.
Сохта салафийларнинг ёшлар онгини заҳарлаш мақсадида ўйлаб топган фитналари қуйидагиларда намоён бўлади:
1) мазҳабларни инкор қилади. Мазҳабсизлик ғояси кўпчилик ғўр ёшларнинг адашиши, ёт ғоялар таъсирига тезроқ тушиши эҳтимолини кучайтиради;
2) ўзларига эргашмаганларни “кофир” санайди. Динимизда 99 амал куфрга, биргина амал имонга далолат қилса, имонга ҳукм қилинади. Бу тоифа вакиллари эса бу ишнинг зиддини қилади. Ўзининг ғояси Аллоҳ ҳузурида энг мақбул ва маъқул эканига аниқ далил бўлмагани ҳолда, қабул қилмаганларни кофир, деб аташ улкан адашиш ва чуқур илмсизлик ҳисобланади;
3) жамиятни иккига: “мусулмон” ва “динсизлар”га ажратади. Бу билан динлараро адоват уйғотишга, жамиятларни нотинч қилишга уринади;
4) бошқа дин вакилларига муросасиз ва ҳатто шариат ҳукмларини улар ўйлагандек тўлиқ бажармаётган мусулмонларга нисбатан ҳам зўравонлик сиёсати олиб боради. Расулуллоҳ “Ла илаҳа иллаллоҳ”, деган инсонни ўлдирган Усома ибн Зайдни қаттиқ танқид қилганлар. Шунда Усома: “Энди ҳеч қачон “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кишини ўлдирмайман”, – деб ваъда берган.
Шу ва шунга ўхшаш динимиз таълимотига мутлақо зид гапларни ёшлар орасида тарқатаётган сохта салафийлар Аллоҳ таолонинг: «Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир» (Бақара сураси, 191-) ояти каримасини билишармикин?! Ваҳоланки, улар фақат ояти карима ва ҳадиси шарифга амал қиламиз, деб даъво қилишади-ку!
Бугун юртимизда диний-маърифий соҳага берилган эркинларни суиистеъмол қилаётган бузғунчи, ғаразли кимсалар масжидларга кириб, атайин сафда оёқлар орасини кериб, намозхонларнинг жиғига тегишмоқда. Аслида диёримизда асрлар оша ҳанафий мазҳабига амал қилиб келинган.
Машҳур аллома Абдулҳай Лакнавий ўзининг “Мажмуатул фатово” китобида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирган: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеий ҳам, ҳанбалий ҳам, моликий мазҳаби ҳам тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи, ижтиҳод даражасига етмаган кишиларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади”.
Хулоса қилиб айтганда, бугун биз ёшларимизни турли ёт ғоялар таъсиридан асрашимиз шарт. Чунки динимиз таълимотида ҳар биримиз қўл остимиздагиларга масъул ва мутасадди эканимиз баён этилган. Шундан экан, келажак авлодни фитналардан, сохта салафийларнинг кирдикорлридан асрайлик!
Эшмурод АХБЎТАЕВ,
Сергели тумани бош имом-хатиби
“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.
“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.
Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.
Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!
Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.
Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.
Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.
Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.
Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:
1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.
2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.
Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.
Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.
Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).
Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).
Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:
⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.
⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.
⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.
⏺ Ғарқ бўлганлар.
⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).
⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.
⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.
⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.
⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.
⏺ Жума кечаси вафот топганлар.
⏺ Сил касалидан ўлганлар.
⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.
⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.
⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.
⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.
⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.
⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.
⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.
⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.
⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.
⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.
⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.
⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.
⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.
⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.
⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.
⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.
⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.
⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.
⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.
Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси