Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Сентябр, 2026   |   3 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:42
Қуёш
06:02
Пешин
12:19
Аср
16:44
Шом
18:39
Хуфтон
19:54
Bismillah
14 Сентябр, 2026, 3 Рабиъус сони, 1448

Аҳли cуннат эътиқоди ҳақида

12.06.2022   2956   2 min.
Аҳли cуннат эътиқоди ҳақида

Мусулмон одам аввало аҳли суннат вал жамоат олимлари билдирганидек ишониши лозим. Жаҳаннамнинг абадий азобидан қутулувчилар эътиқоди аҳли суннат бўлган кишилардир.  

“Аҳли суннат” атамаси кўпроқ изофат ҳолида, яъни “Аҳли суннат эътиқоди ёки ақидаси”, “Аҳли суннат мазҳаби”, “Аҳли суннат йўли”, “Аҳли суннат фирқаси”, “Аҳли суннат ва жамоат фирқаси” шаклида ишлатилади.

Энг улуғ олим ва авлиёлардан имоми Раббоний Мужаддиди Алфи Соний Аҳмад Форуқий Сарҳандий (қуддиса сирруҳ) айтдики:

“Ақлли ва балоғатга етган ҳар эркак ва аёлнинг биринчи вазифаси аҳли суннат олимлари ёзган ақоид билимларини, ишониладиган нарсаларни ўрганиш ва буларга мос эътиқод қилишдир. Қиёматда, яъни ўлганидан кейин жаҳаннам азобидан қутулиш, уларнинг билдирганларига ишонишга боғлиқ” [Мактуботи Раббония].

“Мусулмонларнинг биринчи вазифалари эътиқодини тўғрилаб, аҳли суннат вал жамоат олимларининг билдирганларига мос ишонишдир. Иккинчи вазифаси фиқҳ (исломиятнинг амр ва тақиқларига оид) илмларни ўрганиб, ҳар ишини буларга мослаб бажаришдир” [Мавлоно Ҳолид-и Бағдодий, Эътиқоднома/ал-иймон вал-ислом].

Қийматли Усмоний олимларидан Тошкўприкзоданинг айтганидек:

“Аҳли суннатнинг ақоидда иккита тармоғи бор. 1. Мотуридия мазҳаби. Унинг имоми Абу Мансур Мотуридий (раҳимаҳуллоҳ). 2. Ашъория мазҳаби. Бунинг имоми эса Абул-Ҳасан Ашъорийдир (раҳимаҳуллоҳ). Иккаласи ҳам тарғиб қилган иймон асослари бирдай. Ораларида фақат баъзи кичик хусусларга тегишли изоҳ, ифода ва услуб тарзидан келиб чиққан жузъий фарқлар бор”.

“Аллоҳу таоло юборган ҳар бир дин икки қисмдан ташкил топган. Бири қалб билан ишонилиши лозим бўлган илмлар, иккинчиси бадан ёки қалб билан бажариладиган ибодат илмлари. Булардан эътиқод асослари ҳар бир динда бир хил бўлиб диннинг асли ва асосидир. Эътиқод дин дарахтининг танасидир. Амал эса, шу дарахтнинг шохлари ва барглари кабидир. Ҳар бир мусулмоннинг аввало эътиқодини тузатиши, аҳли суннат вал жамоат олимлари билдирганидек ишониши лозим. Жаҳаннамнинг абадий азобидан қутуладиганлар фақат мана шу эътиқодда бўлганлардир” [Имоми Раббоний, Мактуботи Раббония].

“Қалбга келадиган бутун маънавий аҳвол/ҳолларни, кашфларни бизга берсалар, лекин қалбимизни аҳли суннат эътиқоди билан безатмасалар, ўзимни хароб бўлган деб биламан. Бутун фалокатларни устимга тўпласа-ю, лекин қалбимни аҳли суннат эътиқоди билан шарафлантирса, ҳеч қайғурмайман”

 

Ш.Рашидов тумани "Тўптолобод"

жоме масжиди имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Em Insight”: Тошкентдаги халқаро медиафорум ислом цивилизациясининг замонавий қиёфасини намоён этди

28.08.2026   109905   1 min.
“Em Insight”: Тошкентдаги халқаро медиафорум ислом цивилизациясининг замонавий қиёфасини намоён этди

Британиянинг “Em Insight” журналида Ўзбекистонда бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Нашрда ёзилишича, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил этилган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиафоруми хорижлик ОАВда катта қизиқиш уйғотган.

Рақамли платформалар, сунъий интеллект ва ахборот хуружлари авж олган ҳозирги замонда оммавий ахборот воситаларининг мамлакатлар, маданиятлар ва цивилизациялар ҳақидаги тасаввурларни шакллантиришдаги ўрни тобора ортиб бормоқда.

Мақолада таъкидланишича, Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Беруний, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Мирзо Улуғбек каби жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккирлар юрти бўлмиш Ўзбекистон бу каби глобал муҳокамалар учун энг мақбул майдондир.

Қатарнинг “The Peninsula” газетаси масъул муҳаррири Муҳаммад Осмон форумнинг рақамли ахборот асридаги аҳамиятига тўхталиб, Имом Бухорийнинг ҳадисларни тўплаш ва уларнинг ҳаққонийлигини текширишдаги қатъий ёндашувини тилга олди.

У ушбу методологияни манбаларни чуқур ўрганиш ва верификация қилишнинг ўчмас намунаси деб атади ва бу тамойиллар фейк хабарлар ҳамда сунъий интеллект маҳсулотлари кўпайган ҳозирги даврда жуда аҳамиятли эканини билдирди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги муҳаррири Ўткир Алимов форумнинг Мустақилликнинг 35 йиллиги остонасида ўтказилаётганига эътибор қаратган. У 50 мамлакатдан 300 га яқин ОАВ вакилларининг Тошкентда жамлангани Ўзбекистоннинг цивилизациялар чорраҳаси сифатидаги ўрни ортиб бораётганидан далолат беришини таъкидлади.

Мақолада Тошкентдаги халқаро медиафорум журналистика масъулияти, тарихий тадқиқотлар чуқурлиги ва замонавий технологиялар имкониятларини бирлаштирган ҳолда Ислом цивилизациясини янги, замонавий қиёфада дунёга танитишга хизмат қилиши баён этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари