Саудия Aрабистони Подшоҳлиги Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги томонидан Касабланка шаҳрида ташкил этилган “Жасур” Ислом кўргазмасини Марокаш халқи катта мамнуният билан қарши олди.
“IQNA” сайтининг “Al Youm” нашрига таяниб хабар беришича, “Жасур” ислом кўргазмаси Саудия Aрабистони Подшоҳлиги Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги томонидан Марокаш Подшоҳлиги Вақф вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган. Ушбу кўргазма ҳозирда Касабланкадаги Ҳасан II масжиди фондида ўтказилмоқда.
Ушбу кўргазмада Макка ва Мадинадан олинган тарихий қўлёзма ва нодир Ислом ёзувлари, фотосурат ва ҳужжатли фильмлар, тарихий масжидлар, Қуръон мусобақалари, Ислом хаттотлиги кўргазмалари ўрин олган. Зиёратчилар виртуал реаллик технологиясидан фойдаланган ҳолда ҳаж зиёратини ҳам адо этиш тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиши мумкин.
Марокаш мактабларининг кўплаб талабалари ҳам ушбу кўргазмага ташриф буюришди ва Саудия Aрабистонидаги ислом маданиятининг турли кўринишлари билан танишишди. Виртуал реаллик технологиясидан фойдаланган ҳолда, бу талабалар Макка шаҳридаги Масжидул Ҳаромга ташриф буюриб, Ҳаж ва Умра маросимлари билан танишди. Бундан ташқари, улар Шаҳада, Саҳиҳ ва Рушд каби махсус диний иловалар билан ишлашни ўрганди.
Ушбу кўргазма иштирокчилари “Қирол Фаҳд” мажмуасининг Қуръони карим нашри стендида ҳам бўлишиб, Қуръони карим нусхаларини совға сифатида олишди.
Мазкур кўргазмага ташриф буюрганлар унинг мутасаддиларининг исломий асарларни танитиш ва Қуръони Каримга хизмат кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳоладилар ва миннатдорчилик билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Илёсхон домла АҲМЕДОВ тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни эрталабки намоздан олдин:
أَسْتَغْفِرُاللهَ الَّذِي لاَ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الْحَيُّ القَيُّومُ وَأَتُوبُ إِلَيْهِ
"Астағфируллоҳаллазий лаа илаҳа илла ҳувал ҳаййул қоййум ва атубу илайҳ", деб уч марта айтса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечириб юборади», дедилар (Ибн Сунний ривоятлари).
Маъноси: Ҳай ва қаййум сифатига эга бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унга истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан.