Ота-она учун энг муҳим вазифалардан бири – фарзанд тарбиясидир. Ушбу масъулиятни чуқур ҳис этган ота-оналар фарзандлари тарбиясига жиддий эътибор бериб, ҳар қандай шароитда ҳам жигарбанди билан шуғулланишга вақт топади.
Ҳадислардан бирида: “Ота – она фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”,— деб айтганлар. Чунки, эътиқоди ва дунё қараши соғлом фарзанд ота — она хизматини қилиб, юртига садоқатли, комил инсон бўлиб вояга етади.
Бугунги кунда ақийдаси, дунё қараши ҳали шаклланиб улгурмаган ёшларимиз пуч, ялтироқ шиорларга алданиб, ўнлаб адашган оқим ва йўналишларнинг мафкуравий хуружлари таъсирига тушиб қолмоқдалар. Шунинг учун бугунги кундаги энг долзарб масалалардан бири соф исломий ақийдамизни ўрганиш ва ўргатиш, ёшларимиз онгига бузуқ ақийдалар суқилиб киришининг олдини олишдир.
Афсуски, бугунги кунда баъзилар исломий илмни халқаро ахборот тармоқларида, интeрнeтда тарқалган турли китоблар, овозли ва тасвирли манбалардан ўрганишнинг ўзи етарли деб ўйлаб юрибди. Азизлар, нафақат интернетдаги турли шубҳали манбаларнинг, ҳатто энг саҳиҳ китобнинг ҳам ўзи ҳақиқий илм олиш учун, чинакам исломий дунё қарашни шакллантириш учун етарли бўлмайди. Динга бир ёқлама ёндашиб, уни кўр-кўрона ўрганиб бўлмайди. Бунинг учун албатта муаллим керак.
Эътиқод борасида ёшлар онгини тўғри шакллантириш ва жамият маънавиятини бузғунчи ақидалардан ҳимоялаш доимо энг долзарб вазифалардан бўлиб келган. Албатта бунда ота-оналар асосий ўрин тутади. Афсуски, айрим ота-оналар бола тарбиясида бепарволик қиладилар. Улар шахсий юмушлари, кўча-куйдаги улфатлари, моддий маблағ тўплашни биринчи ўриндаги вазифаю, оила аъзоларининг ахлоқий ва маърифий тарбиялари билан шуғулланишни иккинчи даражали иш ўрнига қўйишади.
Қадимдан солиҳ инсонлар фарзанд тарбиясига катта эътибор қаратишган. Чунки, миллатнинг тараққиёти ёки заволи ёшларнинг тарбиясига боғлиқ. Агар ёш авлодга яхши тарбия берилса, келажакнинг пойдевори мустаҳкам бўлади, бордию бунинг акси бўлса миллат залолатга юз тутади. Ўтган асрдаги мутафаккир олимимиз Абдулла Авлоний таъбири билан айтганда, “Тарбия бизучун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ўтган улуғ зотларга эргашган ҳолда биз ҳам келажагимиз бўлган фарзандларимиз таълим-тарбиясига эътиборли бўлишимиз лозим. Айниқса, уларнинг тарбиясида аждодларимизнинг буюк ҳаётлари ҳамда ёзиб қолдирган маънавий мерослари муҳим ўрин касб этади.
Келаж акавлод тарбияси барча замонларда халқимиз олдида турган асосий вазифалардан бири бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.
Нозиржон Қўчқаров,
Наманган тумани “Умарбой хожи” жоме
масжиди имом-хатиби
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати