— Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин.
Мусулмонлар шариат аҳкомларига мувофиқ келадиган либос – бу оддий кийиниш эмас, балки ҳар бир мўмин-мусулмоннинг зиммасидаги фарз даражасига кўтарилган. Бошқалар учун ўзларининг турли дунёвий ғаразларини амалга ошириш воситаси бўлган кийим, бизлар учун Аллоҳнинг розилигига эришиш воситаларидан биридир.
Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 31-оятида марҳамат қилади:
“Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг”. Яъни, “Кийимингизни кийинг, авратларингизни тўсинг”..( Нур сурасининг 31-ояти) да эса.
“...зийнатларини кўрсатмасинлар, магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли). Рўмолларини кўксилари узра тушириб олсинлар”.
Эркак кишининг аврати киндиги остидан то икки тиззаси остигача. Аёлларнинг аврати эса, юзи, икки кафти (ва баъзи бир ривоятлдарда икки аёғининг тўпиғидан пасти)дан ташқари бутун бадани авратдир Ушбу ояти карималарга мувофиқ эркагу аёлларга баданидаги аврат жойларини тўсадиган кийим кийишлиги фарздир. Барча ибодатларни қандай амалга ошириш, қай миқдорда, қандай кўринишда бўлишлигини Аллоҳ таоло Қуръони каримда умумий тарзда баён этган.
Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 26-оятида марҳамат қилади:
“Эй Одам болалари! Батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини туширдик. Тақво либоси – ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят(белги)ларидандир. Шоядки, эслатма олсалар» (Аъроф, 26-оят).
Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган аломатлардан бири ҳам либосдир. Одамнинг аврати – айбини беркитиб туриши учун Аллоҳ таоло унга либос ато қилган Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Шу боис либосни шариатга мувофиқ кийган инсонгина зийнатли ҳисобланади. Аммо энг асосий либос, асл либос тақво либосидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятда: «Тақво либоси — ана ўша яхшидир», демоқда. Агар оддий либос баданнинг аврат жойларини тўсиб, жисмни зийнатласа, тақво либоси маънавий авратларни тўсиб, инсон қалбини зийнатлайди. Агар инсоннинг кийим-боши жисмидаги авратларини пинҳон тутиб, унга зийнат бағишласа-ю, тақво либоси йиртилиб, маънавий авратлари очилиб турса, бундан ёмони йўқ. Агар кимнинг тақво либоси ўрнида бўлса, албатта, жисмоний либоси ҳам дуруст бўлади.
Наманган вилояти,
Косонсой тумани,
“Хазрати Умари Одил” жоме масжиди имом-хатиби
Марупов Мансурхон
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ