Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Сентябр, 2026   |   2 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:41
Қуёш
06:01
Пешин
12:19
Аср
16:45
Шом
18:40
Хуфтон
19:56
Bismillah
13 Сентябр, 2026, 2 Рабиъус сони, 1448

Шайтон чорлаб турган йўллар

06.06.2022   2095   1 min.
Шайтон чорлаб турган йўллар

Инсон бир манзилдан иккинчи манзилга бормоқчи бўлар экан, албатта, у йўл танлайди. Бир манзилдан иккинчи манзилга боришда йўллар кўп бўлиши мумкин. Баъзи бир йўл кўзланган манзилга тўғридан тўғри борса, баъзи бир йўллар эса эгри, қинғир-қийшиқ йўллардан иборат бўлади.

Мўмин-мусулмон ҳам бу дунёда ҳам яхшилик, охиратда ҳам яхшилик келтирадиган йўлни танлайди. Мўмин-мусулмон юрадиган йўл дўзахга олиб бормайдиган, Аллоҳнинг розилигини топиб, жаннатга элтадиган йўл бўлиши зарур.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз даврларида биз мўмин-мусулмонларга “Аллоҳнинг тўғри йўлини кўрсатиб берганлар. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан бир чизиқни чиздилар ва: “Бу – Аллоҳнинг тўғри йўли”, – дедилар. Чизиқнинг ўнг ва чап томонидан яна (чизиқлар чизиб): “Бу йўллар шундай йўлларки, ҳар бирида шу йўлларга чорлагувчи шайтон туради”, дедилар. Сўнг “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдурки,унга эргашинг ва (турли бошқа) йўлларга эргашмангки, сизларни Унинг йўлидан бўлиб юборур” оятини ўқидилар (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳозирги кундаги мусулмонларнинг турли хил ихтилоф қилишлари, бир-бирларини куфрда айблашлари, фитна-фасод тарқатишлари Шайтон чорлаб турган йўллардир. Шайтон чорлаб турадиган йўллардан эҳтиёт бўлиб, Аллоҳ таолонинг ҳақ йўлида ҳаракат қилишимиз лозим.

Аллоҳ таоло барчамизни Шайтон чорлаб турган йўллардан сақланиб, Ўзининг тўғри йўлида бардавом қилсин!

 

Р, Акбаров,

ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ходими

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Бир гуруҳ диний-маърифий соҳа фидойиларига "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги" эсдалик нишонлари топширилди

28.08.2026   62561   2 min.
Бир гуруҳ диний-маърифий соҳа фидойиларига

27 август куни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан диний-маърифий соҳада самарали меҳнат қилиб келаётган фидойи юртдошларимизни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов кириш сўзи билан иштирок этди.

Кириш нутқида мамлакатимизда мустақиллик йилларида, айниқса, сўнгги йилларда диний-маърифий соҳани ривожлантириш, жамиятда тинчлик-тотувлик, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, соҳада фаолият юритаётган уламолар, имом-хатиблар, мударрислар ва фидойи ходимларнинг муносиб ҳиссаси ҳақида алоҳида таъкидланди.

Тантанали тадбир давомида диний-маърифий соҳада кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб, юртимизда маънавий барқарорликни таъминлаш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, аҳоли ўртасида маърифий тушунтириш ишларини олиб боришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фидойи юртдошларга "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги" эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди.

Эсдалик нишонларини топшириш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдуҳаликов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Орифхон Зокировлар иштирок этдилар.

Тақдирлаш маросимида таъкидланганидек, мазкур эсдалик нишони мамлакатимиз тараққиётига, унинг тинчлиги ва барқарорлигига, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган фидойи инсонларга билдирилган юксак эҳтиром ва эътироф рамзидир.

Тадбир якунида тақдирланганлар ўзларига билдирилган юксак ишонч ва эътибор учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимиз тинчлиги ва равнақи йўлидаги эзгу фаолиятларини янада сидқидилдан давом эттиришларини таъкидладилар.

 Барча мукофот соҳибларини самимий муборакбод этамиз!

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муборак бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати