Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Август, 2026   |   16 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:24
Аср
17:05
Шом
19:05
Хуфтон
20:25
Bismillah
29 Август, 2026, 16 Рабиъул аввал, 1448

Эътиқодимизни ҳимоя қилиш вақти...

23.05.2022   2043   9 min.
Эътиқодимизни ҳимоя қилиш вақти...

Бугунги кун учун ғоят долзарб ҳисобланган сохта салафийлар масаласи ва улар илгари сураётган иддаолар хусусида ўз фикрларимни баён этишни лозим топдим. Сизга маълумки, бидъат аҳлининг энг кўзга кўринган намоёндалари, бу сохта салафийлардир. Бу оқим вакиллари аҳли сунна вал жамоа имомлари, мотурудий ва ашъарий уламоларга таъна тошларини отиш, уларни обрўсизлантириш йўлидан боришмоқда. Оқибатда уммат орасида аҳли сунна вал жамоа уламолари шахсиятларига нисбатан нотўғри таассурот пайдо бўлмоқда.

Аслида бунинг сабаби нимада? Тарихда бу каби ҳаракатларни кимлар, қандай тоифалар амалга оширган? Ҳозирда бўлаётган мазкур бузғунчи ҳаракатларнинг илдизи қаерда?.. Аввало, шулар хусусида айтиб ўтсам...

Ҳа, бундай “тафтишчилик”, дунё тан олган алломалар илгари сурган ғояларни инкор қилишга уринишлар бугун пайдо бўлиб қолган ҳодиса эмас. Унинг илдизлари неча асрлар нарига боради. Масалан, Ислом оламида Ҳужжатул ислом деб тан олинган Имом Абу Хомид Ғаззолийга (1058-1111) қилинган бўҳтонлар ёки Имом Фахридди Розий (1149-1209) ва Имом ибн Фурок (941-1015) раҳимаҳуллоҳларга қилинган ёлғон ва туҳматларни мисол қилиб келтирсак бўлади. Имом Абу Бакр ибн Фурок даврида оддий халқ аҳли бидъат таъсирига тушиб қолмасин учун карромийлар, ҳашавийлар ва мужассималар билан авом халқнинг ҳузурида очиқ баҳслар қилинар эди. Бундай баҳс қилиш аҳли сунна вал жамоа тарафдорларининг услуби ҳисобланади. Ҳозирги замонга келиб эса аҳли сунна вал жамоа уламолари ва уларнинг шогирдларида соф ақидани сақлаш ва уни тарқатишда, аҳли бидъатга раддия беришда сусткашлик сезилмоқда.

Имом Ашъарийнинг аҳли бидъатга қарши қилган ишлари ва айтган сўзлари бизга ибрат бўлиши керак. У зот муътазилий ва карромийлар билан тўғридан-тўғри уларнинг мажлисларига кириб бориб баҳслар қилар ва улардан баҳс қилишни талаб қилар эдилар. Имом Ашъарий: “Ҳозирда бу муътазилийлар минбарларни эгаллаб ҳукмронлик қилиб туришибди, улар ўз минбарларидан токи биз уларни олдига чиқмагунимизгача улар бизнинг олдимизга тушмайди”, деб айтганлар.

Худди шу каби ишни кейинчалик Имом Ашъарийнинг шогирди Ибну Фурок ҳам давом эттиради. Рақиблар Ибну Фурок билан илмий баҳс олиб бора олмасликка кўзлари етгач, унинг устидан ҳукмдор Маҳмуд ибн Субуктекинга шикоят қилиб боришади. Турли хил туҳмат гапларни айтишади. Гўёки  Ибн Фурок Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг нубуввати у Зот бу дунёдан кўз юмганларидан кейин тугаганлиги ва инсонлар унга амал қилмаслиги лозимдур, деб айтган эмиш. Маҳмуд Ибн Субуктекин Ибн Фурокдан ғазабланиб, уни ўз ҳузурига чақиртиради. Ибн Фурок ушбу туҳматларни ашъарий олимлар келтирган далиллар билан пучга чиқаради ва Маҳмуд Ибн Субуктекин томонидан турли хил ҳадялар билан тақдирланади. Аммо шундан сўнг ўша мужассималар унга суиқасд уюштирадилар, олимни заҳарлаб ўлдиришади.

Имом Ибн Фурок муташобеҳ ҳадислар ҳақида ёзган китоблари, усул ва тафсирлари билан машҳурдирлар.

Ҳар бир асрда аҳли сунна вал жамоа уламолари чиқиб, ўшандай бидъат аҳлларига ўзларини илмий раддияларини бериб келишган. Ҳозирда ҳам, айниқса, сохта салафийлар (ваҳҳобийлар) ўтмишда ўтган ва ҳозирда фаолият кўрсатиб келаётган аҳли сунна уламоларини камситиб, одамлар наздида аҳамиятини тушириш учун ҳаракат қилмоқда. Масалан, Имом Ғаззолийни ёзган асарларида, “Иҳё улумуд дин” китобларида заиф ҳадисларни кўп келтирган, деб маломат қилишади.

Хўп, савол туғилади, Имом Ғаззолий мазкур китобларини саҳиҳ ҳадисларни тўплаш учун ёзганмилар ёки китобларини номини “Иҳёдаги саҳиҳ ҳадислар” деб номладиларми? Йўқ, албатта, унда Ҳужжатул Ислом қаердан бунчалик ҳужумга учрайдилар?! Имом Байҳақийнинг “Шуаъбул иймон” саҳиҳ тўпламларида ҳам кўплаб заиф ҳадислар мавжуд. Ундан ташқари, бошқа муҳаддис олимлар ҳам ҳадис тўплашда фақатгина саҳиҳ ҳадисларни эмас, балки заифларини ҳам тўплашни мақсад қилганлар.

Нега энди сохта салафийлар атайин Имом Ғаззолийга ҳужум қилишади?! Жавоб аниқ, чунки бу зот ашъарий олимлардан ҳисобланиб, мужассималарга илмий раддияларга тўла ақидага оид асарлари билан танилганлар.

Шунинг учун ҳам сиз мужассималар тарафдорларини у зотга нисбатан ўз ғазабларини тўкаётганини кўрасиз. Улар “Иҳё улумуд дин” номли китобларини кўп тилга олиб, унда заиф ҳадислар кўп деб гапиришади.

Айтингчи, қайси бир олим ўз асарида фақатгина саҳиҳ ҳадисларни ишлатган, Имом Бухорий ва Имом Муслим каби саноқли олимларгина шу шарт билан ҳадисларни тўплаганлар. Имом Ал-Ироқий ва шу каби бошқа катта муҳаддислар Имом Ғаззолийнинг “Иҳё улумуд дин” китобидаги ҳадисларни тахриж қилганлар. Улар илмий услуб билан асардаги заиф ҳадисларни саҳиҳларидан ажратиб беришган, улар Имом Ғаззолийни камситишни мақсад қилишмаган, чунки бундай камситиш йўли ҳақиқий олимларнинг йўли эмас.

Аслида бир китобнинг муқаддимасида мен бу китобда фақат саҳиҳ ҳадисларнигина келтираман, деб шарт қўйилса ва китоб давомида заиф ва тўқима ҳадислар келтирилса, эътироз ўринли бўлар эди, аммо имом Ғаззолий бундай қилмаганлар. Ул зот мушаббиҳа ва мужассималарга қарши  асарлар ёзганлар, улардан бири “Ал-иқтисод фил эътиқод” номли асарлари. Ундан ташқари адашган фалсафачиларга раддиялар бериб, уларнинг илмий салоҳиятларини  йўққа чиқарганлар.

Ҳозирда баъзи бир замондошларимизни Имом Фахруддин ар-Розий шаънларига ҳам турли хил ёлғон ва туҳматларни ёғдираяётганларини кўрамиз. Бунинг сабаби ҳам оддий, агар бу буюк олимнинг таржимаи ҳолларини ўрганиб чиқадиган бўлсак ҳаммасини тушуниб оламиз.

Имом Субкий айтадилар: “Имом Фахриддин Розий мушаббиҳалар ва карромийларни таъқиб қилиб, улар билан очиқ баҳс қилганлар ва улар бу кишидан қандай қилиб қутулишни билмаганлар, улар ҳаттоки, баҳс асносида йиғлаш даражасига тушиб қолишар эди”.

Имом Розий уларга қарши “Таъсис аттақдис” асарини ёзганлар ва у китобда карромийлар ҳамда мужассималарга илмий раддияларни ёзиб қолдирганлар. У зот қаерга бормасин бу каби аҳли бидъатларни баҳсга чақириб, тинч қўймас эдилар. Улар ҳам ўз навбатида олимга суиқасдлар уюштиришар эди, аммо бу кабиҳ ишлари амалга ошмас эди.

Ҳозирги кунда ҳам сохта салафий намоёндалари Имом Розий даражаларини тушириш, ақлни нақлдан устун қўйган деб ва ҳаттоки куфрда ва динсизликда айблаш даражасига боришмоқда.

Қисқа қилиб айтганда, улар ўзларининг боболари бўлмиш карромий мушаббиҳалардан қолган ғаразли меросларини давом эттириб келмоқдалар. Бу уларнинг услуби ҳисобланади. Улар оддий халқ орасида ушбу ишларини ўзларининг ботил ақидаларини сингдириш мақсадида амалга оширадилар.

Аксари одамлар эса илмсизликлари оқибатида ўзи ишонган мавъизачи имомининг алдовларига лаққа тушаверадилар. Агар сиз шу каби инсоннинг олдига келиб, Имом Розий ё Имом Ғаззолий ҳақида гап бошласангиз, у табийки сесканиб тушиб, биз Қуръон ва суннатга эргашамиз, фалсафа ва каломчиларнинг гапини гапирма деб сиздан нари кетишади.

Мана шундай қилиб, бу сохта салафийлар оддий халқни йўлдан чалғитишади. Бу жудаям катта қабиҳ иш ва услуб ҳисобланади. Мана шу сабаб ҳозир оддий халқ орасида Ашъарий ва Мотуридий каби олимлар хусусида янглиш тушунчалар шаклланмоқда. Бунинг сабаби –  ўша сохта салафийлар ўз даъватларини оддий халққа қаратишгани ва биз илм аҳллари эса етарли даражада уларга раддия беролмаётганимиздир.

Шаръий илмларни ўрганаётган илми толиблар ҳақиқий шахс бўлиб, ўзининг эътиқодида мустаҳкам бўлиши ва ўтмишдаги буюк имомларимиз каби ўзини намоён қилиш керак. Чунки бу эътиқод далил ва ҳужжатга асосланган, салафи солиҳлар унга эътиқод қилган ва ҳозирда кўпчилик эътиқод қилаётган соғлом эътиқоддир, юқорида номи зикр қилинган мужассима ва мушаббиҳаларнинг эътиқоди эмас.

Аммо ҳозирги кунимизда бидъатчи бўлмиш сохта салафийлар таъсирига тушган кўпчилик ёшлар халқ орасида аҳли сунна вал жамоа эътиқодининг асоси бўлган икки мактаб соҳибларини тортинмасдан, уятсизларча камситиб келмоқдалар. Улар ўзларига лойиқ бўлмаган, аслида ҳақиқий олимларга бериладиган минбарни эгаллаб олиб, кўча-кўйда, интернет ижтимоий тармоқларида ўзларини ботил эътиқодларини тарқатиб келмоқда. Ўтмишда уламолар шундай ҳолатлар содир бўладиган бўлса, дарҳол илмий ёндошиб, бу каби фитначиларнинг раддиясини берар эдилар.  

Шундай экан, ҳозир уларга нисбатан жим туриб кузатиб турадиган вақт эмас, минг йилдан бери ота-боболаримиз амал қилиб келаётган эътиқодни, тўрт мазҳаб соҳибларининг ҳақ йўлини ботилдан ҳимоя қилиш, адашган кимсаларни тўғри йўлга қайтариш вақтидир. Ҳар бир илм кишиси ўз оиласи, қавму қариндошларидан бошлаб қўни-қўшни ва ёру дўстларини ҳам ботил ақидадан  ҳимоя қилиши вожиб бўлади.

Аллоҳ таоло бутун дунёдаги мусулмонларни, хусусан, юртимизда яшаб келаётган мўмин-мусулмонларни бундай залолатлардан асрасин, тинчлик ва осойишталикни таъминласин.

Рустам Охунжонов

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти муддариси

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Қарийб 50 мамлакат журналистлари янги Имом Бухорий мажмуаси ва Самарқанднинг асосий ёдгорликларини зиёрат қилади

25.08.2026   51518   2 min.
Қарийб 50 мамлакат журналистлари янги Имом Бухорий мажмуаси ва Самарқанднинг асосий ёдгорликларини зиёрат қилади

«Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафоруми иштирокчилари 27 август куни Самарқандга йўл олади. Улар янгидан бунёд этилган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Имом Бухорий номидаги Инновацион музей билан танишади. Куннинг иккинчи ярмида эса иштирокчилар учун шаҳарнинг тарихий-маданий мерос объектлари, жумладан, ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ёдгорликлар бўйлаб махсус дастур ташкил этилади, хабар бермоқда iccu.uz.

Ёдгорлик мажмуаси Самарқанд вилояти Пайариқ туманида, буюк муҳаддис ва илоҳиётшунос Муҳаммад ал-Бухорийнинг (810–870) дафн этилган жойида жойлашган. У «Саҳиҳи Бухорий» тўплами муаллифи бўлиб, мазкур асар сунний исломдаги энг мўътабар ҳадис тўпламларидан бири ҳисобланади.

Кенг кўламли реконструкциядан сўнг мажмуа 2026 йил баҳорида зиёратчилар учун қайта очилди. Унинг умумий ҳудуди 45 гектарни ташкил этади. Бу ерда 10 минг кишилик масжид, маъмурий ва хизмат кўрсатиш бинолари, 154 устунли айвон, 14 та мовий гумбаз ва баландлиги 75 метр бўлган тўртта минора барпо этилган. Реконструкциядан сўнг мажмуанинг кунлик қабул қилиш қуввати 12 минг нафардан 65 минг нафаргача ошди.

Мажмуанинг марказий қисмларидан бири — тўққизта павильондан иборат янги Имом Бухорий Инновацион музейидир. Экспозиция алломанинг ҳаёти, ҳадисшунослик тарихи ва унинг илмий меросига бағишланган. Шунингдек, музейда Қуръонда зикр этилган пайғамбарлар, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Макка ва Мадинадаги ҳаёти ҳамда ёзма ҳадис тўпламларининг шаклланиш тарихи ҳақида маълумотлар берилган.

Мажмуа яқинида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳам фаолият юритади. Марказ ислом илмий ва қўлёзма меросини, жумладан, Марказий Осиёнинг ўрта аср олимлари асарларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар ва таржималар тайёрлаш, шунингдек, халқаро илмий алмашинувни ривожлантириш билан шуғулланади.

Мажмуага ташрифдан сўнг форум иштирокчилари тарихий Самарқанд билан танишади. Шаҳарнинг асосий меъморий ёдгорликлари қаторига Регистон, Бибихоним масжиди, Шоҳи Зинда мажмуаси ва Гўри Амир мақбараси киради. ЮНЕСКО ушбу тўрт объектни 2001 йилда «Самарқанд — маданиятлар чорраҳаси» номи билан Жаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий шаҳарнинг асосий ёдгорликлари сифатида эътироф этади.

Самарқанд босқичи 24–28 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтадиган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафоруми дастурининг бир қисми бўлади.

Пресс-служба Управления мусульман Узбекистана

Ўзбекистон янгиликлари