Ҳижратдан аввалги 13 йил, 1 шаввол, пайшанба куни (нубувватнинг 1 йили / мил. 610 йил август)
– Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга иккинчи ваҳий нозил бўлди ва у Зот нубувват мақомидан рисолат мартабасига кўтарилиб, Расул (Элчи, Пайғамбар) бўлдилар.
Ҳиж.ав. 9 йил, шаввол ойи (нубувватнинг 5 йили / мил. 614 йил июль-август)
– Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бошчиликларида Ҳабашистонга ҳижрат қилган дастлабки муҳожир гуруҳ Ҳабашистондан Маккага қайтиб келди.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Савда бинти Замъа онамизга уйландилар;
Ҳиж.ав. 4 йил, шаввол ойи (нубувватнинг 10 йили / мил. 619 йил май-июнь)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайшдан умидларини узиб, Сақиф қабиласини Исломга даъват қилишга, ҳеч бўлмаса, бошпана бериб қўллаб-қувватлашларини умид қилиб, Тоифга бордилар, бироқ ҳимоячи ҳам, кўмакчи ҳам топмасдан озору азиятлар кўриб ортларига қайтдилар;
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифдан қайтаётиб Нахла водийига тушганларида жинларнинг биринчи гуруҳи мусулмон бўлди.
Ҳиж.ав. 3 йил, шаввол ойи (нубувватнинг 11 йили / мил. 620 йил май-июнь)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг буйруғи билан Оишаи Сиддиқа розияллоҳу анҳога фотиҳаландилар.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убайда ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу бошлиқ олтмиш кишилик муҳожирлар жамоасини ҳарбий амалиёт учун юбордилар (улар Батни Робиғ деган жойда Абу Суфён бошлиқ икки юз кишилик гуруҳга дуч келдилар. Икки тараф бир-бирига камон ўқлари узишди, бироқ жанг бўлмади. Бу Ислом тарихида «Робиғ» сарияси деб аталади);
Ҳижрий 1 йил, шаввол ойи (мил. 623 йил апрель)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оишаи Сиддиқа розияллоҳу анҳо билан оила қуриб, Мадинада бирга яшай бошладилар;
– Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳо туғилди (бу муборак чақалоқ ҳижратдан сўнг Мадинада муҳожирлар ичида туғилган биринчи фарзанддир);
– машҳур саҳоба Асъад ибн Зурора Ансорий розияллоҳу анҳу бетоб бўлиб, Мадинада вафот этди.
– Биринчи рамазон ҳайит намози ўқилди ва бу байрам Бадр ғазотида қозонилган улкан ғалаба ортидан келгани учун янада катта тантана билан нишонланди.
Ҳижрий 2 йил, 1 шаввол (мил. 624 йил 26 март)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бани Сулайм қабиласи яшайдиган Кудр[2] диёрига икки юз отлиқ билан бордилар (сабаби, Бадр жангидан сўнг бани Сулайм ва бани Ғатафон қабилаларининг Мадинага ҳужум қилиш учун куч тўплашаётгани ҳақида у Зотга хабар етиб келган эди. Мусулмонларнинг келаётганларини эшитган қабила аъзолари тумтарақай бўлиб, қочиб қолишди. Бу Ислом тарихида «Кудрдаги бани Сулайм»ғазоти деб номланади);
– ушбу ғазотда Ясор номли бир қул қўлга тушган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни озод қилиб юбордилар.
Ҳижрий 2 йил, шаввол ойининг ўртаси шанба куни (мил. 624 йил апрель)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бани Қайнуқоъ яҳудийларининг қилмишларидан сабр косалари тўлиб, уларнинг қалъаларини қамал қилдилар (қамал ўн беш кун давом этди, натижада, бани Қайнуқоъ яҳудийлари таслим бўлишди).
Ҳижрий 3 йил, 7 шаввол, шанба (мил. 625 йил 22 март)
– Уҳуд ғазоти бўлиб ўтди;
– ўша куни жами етмиш нафар шаҳид Уҳуд майдонига дафн қилинди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қолган олти юз ўттиз нафар саҳоба билан кечки пайт Мадинаи мунавварага қайтиб келдилар.
Ҳижрий 3 йил, 8–11 шаввол ойи (мил. 625 йил 23–26 март)
– Ҳамроул асад[3] ғазоти бўлди (яъни Макка қўшинини таъқиб қилиш амалиёти ўтказилди).
Ҳижрий 3 йил, шаввол ойи (мил. 625 йил март)
– «Аржаҳ» қавлга кўра, Уҳуд ғазотидан кейин хамр (маст қилувчи ичимликлар)ни истеъмол қилиш бутунлай ҳаром қилинди.
Ҳижрий 4 йил, шаввол ойи охирлари (мил. 626 йил март охири)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳога уйландилар.
Ҳижрий 5 йил, шаввол ойи (мил. 627 йил март)
– Аҳзоб (Хандақ) ғазоти бошланди.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Курз ибн Жобир Фиҳрий розияллоҳу анҳу бошчилигидаги йигирма нафар саҳобадан иборат сарияни Урайна қабиласи аъзоларининг кетидан юбордилар (бунга сабаб, Укал ва Урайна қабиласидан бир неча киши мусулмонлик изҳор қилиб, Мадинада яшаб туришди, сўнг касал бўлиб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни туялар боқилаётган яйловга юбордилар ҳамда туяларнинг сутларидан ва сийдикларидан ичишни тавсия қилдилар. Улар соғайиб олгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чўпонларини ўлдириб, туяларни ҳайдаб кетишди, Исломдан сўнг куфрга қайтишган эди);
Ҳижрий 6 йил, шаввол ойи (мил. 628 йил февраль-март)
– Амр ибн Умайя Зомрий билан Салама ибн Абу Салама розияллоҳу анҳумолар Маккага Абу Суфённи ўлдириш учун боришди (чунки Абу Суфён ҳам бир аъробийни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга суиқасд қилиш учун юборганди, лекин ҳар икки тараф ҳам суиқасд қилишга муваффақ бўлмади);
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу бошчилигидаги 30 отлиқдан иборат сарияни Хайбарга юбордилар (улар Абу Рофиъ Саллом ибн Абул Ҳуқайқдан кейин Хайбар яҳудийларига раҳбар бўлиб, мусулмонларга қарши фитналарга бош бўлаётган яҳудий Усайр ибн Зоримни ва унинг шерикларини ўлдириб келишди).
Ҳижрий 7 йил, шаввол ойи (мил. 629 йил февраль)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Башир ибн Саъд Ансорий розияллоҳу анҳу бошчилигидаги 300 кишилик сарияни Ғатафонга қарашли Ямн ва Жаборга (ёки Фазора ва Узрага) юбордилар (ушбу сария Мадина атрофига босқинчилик уюштириш мақсадида жамланган катта қўшинга қарши юборилган эди. Улар етиб борганларида душман бундан хабар топиб, қочиб кетишга улгурди. Башир розияллоҳу анҳу кўплаб туяларни қўлга киритди ва икки кишини асир олиб, Мадинага олиб келди. Улар иккаласи ҳам мусулмон бўлишди).
Ҳижрий 8 йил, шаввол ойи (мил. 630 йил январь-февраль)
– Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Уззо бутини вайрон қилиб келганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни 350 кишилик муҳожир, ансор ва бани Сулаймликлардан ташкил топган жамоа билан бани Хузайма қабиласини Исломга даъват қилиш учун юбордилар.
Ҳижрий 8 йил, 6 шаввол, шанба (мил. 630 йил 26 январь)
– Макка фатҳининг ўн тўққизинчи куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн икки минг аскар билан Маккадан Ҳунайнга қараб йўл олдилар.
Ҳижрий 8 йил, 10 шаввол, чоршанба (мил. 630 йил 30 январь)
– Ҳунайн ғазоти бўлиб ўтди.
Ҳижрий 8 йил, шаввол ойи, (мил. 630 йил февраль)
– Ҳунайн ғазотининг давоми ўлароқ, шиддатли Тоиф ғазоти бошланди.
Ҳижрий 10 йил, 29 шаввол (мил. 632 йил 27 январь)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Иброҳим исмли ўғиллари ўн саккиз ойлигида оламдан ўтди…
“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.
“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.
Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.
Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!
Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.
Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.
Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.
Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.
Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:
1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.
2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.
Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.
Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.
Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).
Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).
Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:
⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.
⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.
⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.
⏺ Ғарқ бўлганлар.
⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).
⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.
⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.
⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.
⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.
⏺ Жума кечаси вафот топганлар.
⏺ Сил касалидан ўлганлар.
⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.
⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.
⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.
⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.
⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.
⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.
⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.
⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.
⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.
⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.
⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.
⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.
⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.
⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.
⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.
⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.
⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.
⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.
⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.
Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси