Асли диндан бўлмаган нарсани динга киритиш "бидъат" дейилади.
"Бидъат" сўзи "янги пайдо бўлган нарса" маъносини англатади.
Шаръий истилоҳда эса, дин комил бўлгандан кейин унда пайдо қилинган нарса бидъатдир.
Динга янгилик киритиш харом саналади. Нега десангиз, Ислом дини Аллоҳ таоло кўрсатган йўл-йўриқлардан иборат. Банда ўз ақлига, ҳавойи нафсига суяниб динга бирор нарса киритса, қаттиқ адашибди. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Динда янги пайдо бўлган нарсадан четланинглар. Ҳар қандай янги пайдо қилинган нарса бидъат, ҳар бир бидъат залолатдир".
Яна бир ҳадиси шарифда: "Ким динимизга-унда бўлмаган нарсани қўшса у қайтарилади" дейилган.(бухорий ва муслим ривояти)
Шуни ҳам айтиб ўтиш лозим: мусулмонлар ҳаётида янги пайдо бўлган, Ислом дини асосига тегишли бўлмаган нарсалар бидъат ҳисобланмайди. Яъни динга зид, дин далилларига, қоидаларига хилоф ҳар қандай бидъат рад қилинади. Аммо динга зид бўлмаган, унинг асосларига таянган холда кейинчалик динни химоя қилиш ёки мусулмонлар ҳаётида қулайлик яратиш мақсадида жорий этилган амаллар рад этилмайди.
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Ким Исломда яхши суннат (яъни, йўл) пайдо қилса, унга ўшанинг, ўзидан кейин амал қилганларнинг савоби камайтирилмасдан берилади" (муслим, насоий доримий ривояти).
Бу ерда айтилишича, Ислом шариатига мувофиқ яхши нарсаларни жорий этиш жоиз. Унинг савоби ўша ишни бошлаб берган одамга ёзилади.
Базиларимиз ўйлаганимиздек агар янги пайдо бўлган нарса бидъат бўлаверса, унда мусулмонлар жуда танг ахволда қолишарди. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида Қуръони карим ҳам китоб шаклига келтирилмаган, мадрасалар қурилмаган, турли илмлар алоҳида бўлиб шаклланмаган, ва китоблар ҳам ёзилмаган эди. Албатта буларнинг барчаси кейин пайдо бўлган.
Аллоҳ таоло ҳаммамизни хақ йўлдан адаштирмасин.
Машҳад мозор масжиди имом хатиби А. Турсунов. Манба асосида тайёрлади.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.
Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.
Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати