Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ихтилоф қилманглар, яна қалбларингиз ихтилофли бўлиб қолмасин”, деб мархамат қилганлар.
Ўтган уламо домлаларимиз динда шариат аҳкомларини бажаришда мусулмонларни турли ихтилофлардан қайтариб, бирдамликка чақирганлар.
Таажжубки, ҳозирги замонда, диндорларга қараб динларга баҳо бериладиган бўлиб қолган. Шу сабабли, бошқалар, тирноқ ичидан кир қидириб, булар мусулмонлик даъвосини қилишар эди, мусулмонлик шу экан-да, дейишлари мумкин.
Турли омилларга кўра динимиздан узоқлашган халқимиз, ўтмишда турли бало-офатларга гирифтор бўлди, динимиздан узоқлашгани сари қолоқликка учради, заифликка юз тутди ва ниҳоят, мустамлака асоратида қолди. Алалоқибат халқимизнинг бир қисми худосизликка юз тутди. Даҳрий тузум худди шулар ёрдамида юртимизда динимиздан асар ҳам қолдирмасликка жон-жаҳдлари билан курашдилар.
Асрлар оша турли шароитларга қарамай, мужтаҳид уламоларимиз томонидан Қуръони Карим ва Суннати Набавийядан олиб, халқ оммасига имкон қадар улаб келмоқдалар.
Улар кўпчилик мусулмон халқлари қатори ислом шариатини Ҳанафий мазҳаби орқали ўрганиб, Ҳанафий мазҳаби бўйича ҳаётига татбиқ қилиб келдилар.
Лекин охирги пайтга келиб, “бемазҳаб” атамаси аҳли суннанинг сўзи эътиборли олимлари томонидан тўрт ҳақ мазҳабдан бирида собитликни инкор этиб, ижтиҳод даъвоси билан ўртага чиққан ва оммани ҳам шунга ундовчи кишиларнинг “биз мазҳабга қарамаймиз, мазҳабни бидъат деймиз, ўзимиз Қуръон ва ҳадисдан ижтиҳод қиламиз, мазҳаб аҳлидан эмасмиз, биз саҳобалар давридаги каби ибодат қиламиз“ деб жар солувчи бемазҳаблар пайдо бўлди.
Сизу-биз этиқодий бетайин кимсаларга эргашмасдан, бутун дунё тан олган тўрт буюк имомларнинг бирига эргашишлигимиз, мазҳабпараст ёки мутаасиб бўлмаслигимиз керак. Улуғ уламоларимиз, доно аждодларимиз меъросини ўрганиб, буни келгуси авлодларимизга етказишга харакат қилмоғимиз керак
Муҳаммадхон Нуриддинов манбалар асосида тайёрланди
Саудия Арабистонининг туризм ва саёҳатларга ихтисослашган “Arab Tourist” электрон нашрида “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган ва Буюк ипак йўли билан боғланган мамлакат” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада Буюк ипак йўли тарихида ўзбек шаҳарларининг тутган ўрни алоҳида эътироф этилади. Хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо, фан ва маданият марказлари сифатида хизмат қилгани таъкидланади. Регистон майдони, Ичан-қалъа ва Бухородаги меъморий обидалар ислом цивилизацияси ҳамда жаҳон маданий меросининг бебаҳо дурдоналари сифатида тилга олинади.
Бундан ташқари, нашр Ўзбекистоннинг ранг-баранг табиати ва географик рельефига тўхталиб ўтган. Қизилқум чўли, серҳосил Фарғона водийси, Тянь-Шань ва Помир-Олой тоғ тизмалари аҳоли жойлашуви ва қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим ўрин тутиши қайд этилади.
Нашр, шунингдек, Буюк Мирзо Улуғбек каби донишмандларнинг астрономия ва математика соҳасидаги буюк кашфиётларини алоҳида эътироф этган.
Хулосада таъкидланганидек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Андижон каби шаҳарлар бугунги кунда нафақат маъмурий ва иқтисодий, балки жадал ривожланаётган йирик маданий-туристик марказлар сифатида дунё сайёҳлари эътиборини ўзига жалб этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати