بسم الله الرحمن الرحيم
Фаришталар ҳам ҳаё қилган зот
Муҳтарам жамоат! Бугун сиз азизлар билан Ислом тарихида тўғри йўлдаги халифаларнинг учинчиси, тириклигида жаннат башорат берилган буюк саҳоба – Ҳазрати Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу ҳақларида суҳбатлашамиз.
Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу машҳур “Фил ҳодисаси”дан олти йил кейин Тоиф шаҳрида таваллуд топганлар. Демак, у киши Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан олти ёш кичик бўладилар.
Усмон разияллоҳу анҳунинг насаблари Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари билан ҳам ота тарафдан, ҳам она тарафдан бирлашади.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу мусулмон бўлган кунларининг ўзидаёқ жаннатнинг башоратига сазовор бўлган зотлардан беш кишининг Исломга келишига сабабчи бўлганлар. Ана ўша беш кишининг бири ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу эдилар.
Ибн Асокирнинг ривоят қилишича, Усмон разияллоҳу анҳу ўрта бўйли, чиройли ва оппоқ юзли, яноқлари қизғиш, юзида чечакдан қолган излар бор, соқоли қалин, икки елкаси кенг, болдирлари кичкина, билаклари узун, жингалаксоч, энг гўзал одамлардан эдилар. Расули акрам алайҳиссалом қизлари Умму Кулсумни Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳуга турмушга бераётганларида:
إِنَّ بَعْلَكِ أَشْبَهُ النَّاسِ بِجَدِّكِ إبْرَاهِيمَ وَأَبِيكِ مُحَمَّدٍ
(رَوَاهُ الامَامُ الحَاكِمُ فِي المُسْتَدْرَكِ)
яъни: “Сизнинг бўлажак эрингиз инсонлар ичида бобонгиз – Иброҳимга ва отангиз Муҳаммадга энг ўхшаш кишидир”, – деганлар (Имом Ҳоким ривоятлари).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Усмон разияллоҳу анҳуга аввал Руқайя исмли қизларини, унинг вафотидан кейин эса Умму Кулсум исмли қизларини никоҳлаб берганлар. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳуни “Зун-нурайн” – икки нур эгаси деб айтилади. Ушбу фазилатга бошқа саҳобалар етиша олишмаган. Ривоят қилинишича, Сарвари оламнинг Умму Кулсум қизлари вафот этганинида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “Агар яна бир қизим бўлганида, уни ҳам, албатта, Усмонга жуфти ҳалолликка берардим”, – деганлар.
Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу ўта ҳаёли киши эдилар. Бунга Оиша онамиз разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйидаги воқеа ҳам очиқ далилдир: “Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда ёнбошлаб ётган эдилар. Шу пайт Абу Бакр разияллоҳу анҳу изн сўрадилар. У зотга изн берилди. У зот алайҳиссалом эса, ҳалиги ҳолатда ҳазрати Абу Бакр сиддиқ билан гаплашдилар. Сўнгра Умар разияллоҳу анҳу изн сўрадилар. У зотга ҳам изн берилди. У зот алайҳиссалом яна ҳалиги ҳолатда ҳазрати Умар билан ҳам гаплашдилар. Сўнгра Усмон разияллоҳу анҳу изн сўрадилар. У зот алайҳиссалом ёнбошлаган ҳолатларидан ўтирган ҳолатга ўзгариб, кийимларини тўғрилаб, кейин ҳазрати Усмонни қабул қилдилар. Сўнгра ҳазрати Усмон чиқиб кетганларида мен: “Ё Расулуллоҳ, ҳазрати Абу Бакр кирган эди, ҳолатингизни ўзгартирмадингиз. Сўнгра ҳазрати Умар кирган эди, ҳолатингизни ўзгартирмадингиз. Ҳазрати Усмон кирганда эса, ўтириб, кийимларингизни тўғриладингиз?!” дедим. Шунда Расули акрам алайҳиссалом:
أَلاَ أَسْتَحِي مِنْ رَجُلٍ تَسْتَحْيِ مِنْهُ الْمَلاَئِكَةُ
(رواه الامام مسلم)
яъни: “Фаришталар ҳаё қиладиган одамдан мен ҳаё қилмас эканманми?!” дедилар (Имом Муслим ривоятлари).
Усмон разияллоҳу анҳуга Аллоҳ таоло томонидан берилган нодир сифатлардан яна бири чексиз саховат эди. У зот Исломга кирганларидан бошлаб, умрларининг охиригача ҳар жума куни Аллоҳ таолонинг розилиги учун бир дона қулни озод қилар ва буни ўзларига вазифа қилиб олган эдилар. Агар озод қилгани қул топа олмасалар, кейин топиб, бўлса ҳам озод этар эдилар.
Мадинаи мунавварада сув тақчиллиги вужудга келиб, кишилар ичгани сув топа олмай қолди. Бу ҳолатдан бир ғайридин киши фойдаланиб қолмоқчи бўлди. Унинг Рума номли бир қудуғи бор эди. Ўша қудуқнинг сувини қиммат нархда сота бошлади. Бойроқ кишилар унинг сувидан сотиб олиб, ичдилар, лекин кўпчилик сувсизлик машаққатини чека бошлади. Ана шу чоғда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
مَنْ يَشْتَرِي بِئْرَ رُومَةَ فَيَجْعَلَ دَلْوَهُ مَعَ دِلَاءِ المُسْلِمِينَ بِخَيْرٍ لَهُ مِنْهَا فِي الْجَنَّةِ
(رواه الإمام الترمذي)
яъни: “Ким “Рума” қудуғини сотиб олиб, ўз челагини мусулмонлар челаги билан бирга қилса, унга жаннатда яхшироқ қудуқ берилур”, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари). Шунда ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу қарийб ўттиз беш минг дирҳамга сотиб олдилар. (Бу ҳозирги кунда тахминан 350 та ўртача туя қийматига тенг бўлади).
Бугунги кунда ушбу қудуқ атрофида боғ бўлиб, ундаги хурмолар сони 15500 тупдан кўпроқ. Расмий маълумотга кўра, қудуқнинг чуқурлиги тахминан 37 метрни, кенглиги тахминан 4 метрни, сувнинг баландлиги тахминан 29 метрни ташкил этади. Аллоҳ таолонинг фазли билан ушбу вақфнинг савоби 14 асрдан бери Усмон разияллоҳу анҳуга бориб турибди. Модомики, ушбу қудуқ мавжуд экан, ундан мусулмонлар манфаат олишар экан, Усмон разияллоҳу анҳуга савоб бориб туради.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳуни мақтаб шундай деганлар:
لِكُلِّ نَبِيٍّ رَفِيقٌ وَرَفِيقِي فِي الجَنَّةِ عُثْمَانُ بْنُ عَفَّانَ
(رواه الإمام الترمذي)
яъни: “Ҳар бир набийнинг ҳамроҳи бордир. Менинг жаннатдаги ҳамроҳим Усмон ибн Аффондир”, – деганлар (Имом Термизий ривоятлари).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг саҳобаи киромларидан ўн кишига бир пайтнинг ўзида жаннатнинг башоратини берганлар. Ана шу саодатманд зотлар рўйхатида Абу Бакр разияллоҳу анҳу ва Умар разияллоҳу анҳудан кейин, учинчи сирада ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу турадилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳудан рози ҳолда вафот этдилар. Сарвари олам алайҳиссалом Рафиқи Аълога интиқол қилишларидан олдин қуйидагиларни эълон қилганлар: “Эй одамлар! Албатта, мен Умардан, Усмондан, Алидан, Толҳа ибн Убайдуллоҳдан, Зубайр ибн Аввомдан, Саъд ибн Абу Ваққосдан, Абдурраҳмон ибн Авфдан ва аввалги муҳожирлардан розиман. Бас, уларнинг қадрини билинглар”, – дедилар.
Шундай қилиб, Усмон разияллоҳу анҳу яна бир катта бахтга эришдилар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам рози бўлиб ўтган саодатманд кишилар рўйхатининг аввалги қисмидан ўрин олдилар.
Ҳазрати Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу ибодатда ва тақвода ҳам пешқадам саҳобалардан эдилар. Ривоят қилинишича, у зот ҳаж кунлари Каъбанинг олдида бир ракъатда Қуръонни тўлиқ хатм қилар эканлар. Бошқа кунлари ҳар жума куни Қуръонни хатмини бошлаб, пайшанба куни тамомлар эканлар. Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу Қуръон тиловати ҳақида шундай дер эканлар:
إِنِّي لَأَكْرَهُ أَنْ يَأْتِيَ عَلَيَّ يَوْمٌ لَا أَنْظُرُ فِيهِ إِلَى عَهْدِ اللهِ يَعْنِي الْمُصْحَفَ
(رواه الامام البيهقي)
яъни: “Мен бирор кунимни Аллоҳнинг бу аҳди (яъни, Қуръон)га қарамасдан ўтказишимни ёқтирмайман” (Имом Байҳақий ривоятлари).
Бошқа ривоятда:
حُبِّبَ إليَّ مِنَ الدُّنْيَا ثَلاثٌ: إِشْبَاعُ الجَوْعَانِ، وَكِسْوَةُ العُرْيَانِ، وَتِلاَوَةُ القُرْآنِ
яъни: “Менга дунёдаги учта нарса яхши кўрсатилди: Очларни тўйдириш, кийимсизларни кийинтириш ва Қуръонни тиловат қилиш”.
Дарҳақиқат, ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу ушбу хайрли ишларни канда қилмас эдилар. Тобеинлардан Шураҳбил ибн Муслим у зотнинг тақвоси ва саховати ҳақида сўз кетганда шундай дер эди: “Усмон разияллоҳу анҳу одамларга амирларнинг таомини едирар эди. Ўзи эса уйига кириб, сирка билан зайтун ер эди”.
Шунингдек, таҳажжуд намози билан тунларини бедор ўтказиш, кундузлари узлуксиз рўза тутиш у зотнинг одатлари ҳисобланган эди. Ибодатга бўлган бу олий ҳимматларини кўрган кишилар бундан қаттиқ таъсирланишарди. Саҳобалардан Ибн Умар разияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг:
أَمَّنْ هُوَ قَانِتٌ آنَاء اللَّيْلِ سَاجِدًا وَقَائِمًا يَحْذَرُ الآَخِرَةَ وَيَرْجُو رَحْمَةَ رَبِّهِ
яъни: “Ёки кечалари сажда қилган ва тик турган ҳолда ибодат қилувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвадигорининг раҳматидан умид қиладиган киши (билан бошқалар баробарми?!)” (Зумар сураси, 9-оят) ояти ҳақида “Бу ҳазрати Усмон ибн Аффон ҳақларидадир”, – деганлар.
Ҳазрати Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу халифаликлари даврида ўзларидан аввалги халифаларнинг ишларини давом эттириб, мусулмонлар оммаси учун фойдали бўлган катта ишларни амалга оширдилар. Жумладан, Қуръондан нусхалар кўчиртириб, барча ўлкаларга тарқатиш, Масжиди Набавийни кенгайтириш, мусулмонлар учун денгиз флотини ташкил этилиши, Жума намозида биринчи азоннинг зиёда қилиниши, қўриқхоналар ташкил қилиш, масжидларни хушбўй қилиш ва муаззинларга маош белгилаш каби ислоҳатларни жорий қилдилар.
Муҳтарам жамоат! Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётлик пайтларида ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу фитначилар томонидан шаҳид қилинишини айтган эдилар. Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳунинг умрларининг охирида айрим мунофиқ кимсалар фитна қўзғаб, одамларни халифага қарши қайрадилар. Иш катталашиб, фитначи тўдалар Мадинага бостириб келиб, ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳунинг ҳовлиларини қамал қилишганида, Мадинадаги низом бузилди, Усмон разияллоҳу анҳу беҳуда қон тўкилмаслиги учун саҳобалардан уруш қилмасликни талаб қилдилар. Бошқа вилоятлардан Усмон разияллоҳу анҳунинг ҳимоясига мададлар етиб келишига оз қолганида қўзғолончилар қўрқиб, девордан ошиб тушиб, ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳунинг ҳовлиларига киришди. Уша пайтда у зот Аллоҳ таолонинг
الَّذِينَ قَالَ لَهُمُ النَّاسُ إِنَّ النَّاسَ قَدْ جَمَعُوا لَكُمْ فَاخْشَوْهُمْ فَزَادَهُمْ إِيمَانًا وَقَالُوا حَسْبُنَا اللَّهُ وَنِعْمَ الْوَكِيلُ
яъни: “Кишилар уларга: “Одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар”, деганда бу уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: “Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли, У қандай яхши вакил!” дедилар” оятини қироат қилиб ўтирар эдилар (Оли Имрон сураси, 173-оят).
У киши уларга эътибор ҳам бермасдан тиловат қилавердилар. Фитначилар ўзларининг жирканч жиноятларига қўл уришганида ҳам ҳеч қаршилик қилмай, Аллоҳнинг Китобини ўқийвердилар. Фақат хиёнат қиличининг бир зарбаси қўлларини кесганида: “Аллоҳга қасамки, бу қўл Қуръон оятларини биринчи бўлиб ёзган қўл эди”, дедилар, холос. Қон отилиб, мусҳаф саҳифаларига тушаётганини кўриб, дарҳол қўлларини ўзларига тортиб олдилар. Шундай қилиб икки нур соҳиби – ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу ҳижрий 35 йил 18 зулҳижжа, жума куни фитначилар томонидан шаҳид қилиндилар.
Аллоҳ таоло Усмон разияллоҳу анҳудан рози бўлсин. Бу зотни Ислом уммати учун қилган улкан хизматларини қабул айлаб, Ўзи мукофотласин! Омин!
Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾
“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.
Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.
«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.
“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.
«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).
Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.
“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ
فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.
Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).
Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.
Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар
﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾
“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.
Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.
Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.
Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.
Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси