Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Январ, 2025   |   1 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:14
Қуёш
07:35
Пешин
12:41
Аср
15:56
Шом
17:41
Хуфтон
18:57
Bismillah
31 Январ, 2025, 1 Шаъбон, 1446

06.05.2022. Фаришталар ҳам ҳаё қилган зот

4.05.2022   7071   11 min.
06.05.2022. Фаришталар ҳам ҳаё қилган зот

بسم الله الرحمن الرحيم

Фаришталар ҳам ҳаё қилган зот

Муҳтарам жамоат! Бугун сиз азизлар билан Ислом тарихида тўғри йўлдаги халифаларнинг учинчиси, тириклигида жаннат башорат берилган буюк саҳоба – Ҳазрати Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу ҳақларида суҳбатлашамиз.

Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу машҳур “Фил ҳодисаси”дан олти йил кейин Тоиф шаҳрида таваллуд топганлар. Демак, у киши Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан олти ёш кичик бўладилар.

Усмон разияллоҳу анҳунинг насаблари Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари билан ҳам ота тарафдан, ҳам она тарафдан бирлашади.

Абу Бакр разияллоҳу анҳу мусулмон бўл­ган кунларининг ўзидаёқ жаннатнинг башоратига сазовор бўлган зотлардан беш кишининг Исломга келишига сабабчи бўлганлар. Ана ўша беш кишининг бири ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу эдилар.

Ибн Асокирнинг ривоят қилишича, Усмон разияллоҳу анҳу ўрта бўйли, чиройли ва оппоқ юзли, яноқлари қизғиш, юзида чечакдан қолган излар бор, соқоли қалин, икки елкаси кенг, болдирлари кичкина, билаклари узун, жингалаксоч, энг гўзал одамлардан эдилар. Расули акрам алайҳиссалом қизлари Умму Кулсумни Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳуга турмушга бераётганларида: 

إِنَّ بَعْلَكِ أَشْبَهُ النَّاسِ بِجَدِّكِ إبْرَاهِيمَ وَأَبِيكِ مُحَمَّدٍ 

(رَوَاهُ الامَامُ الحَاكِمُ فِي المُسْتَدْرَكِ)

яъни: “Сизнинг бўлажак эрингиз инсонлар ичида бобонгиз – Иброҳимга ва отангиз Муҳаммадга энг ўхшаш кишидир”, – деганлар (Имом Ҳоким ривоятлари).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Усмон разияллоҳу анҳуга аввал Руқайя исмли қизларини, унинг вафотидан кейин эса Умму Кулсум исмли қизларини никоҳлаб берганлар. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳуни “Зун-нурайн” – икки нур эгаси деб айтилади. Ушбу фазилатга бошқа саҳобалар етиша олишмаган. Ривоят қилинишича, Сарвари оламнинг Умму Кулсум қизлари вафот этганинида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “Агар яна бир қизим бўлганида, уни ҳам, албатта, Усмонга жуфти ҳалолликка берардим”, – деганлар.

Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу ўта ҳаёли киши эдилар. Бунга Оиша онамиз разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйидаги воқеа ҳам очиқ далилдир: “Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда ёнбошлаб ётган эдилар. Шу пайт Абу Бакр разияллоҳу анҳу изн сўрадилар. У зотга изн берилди. У зот алайҳиссалом эса, ҳалиги ҳолатда ҳазрати Абу Бакр сиддиқ  билан гаплашдилар. Сўнгра Умар разияллоҳу анҳу изн сўрадилар. У зотга ҳам изн берилди. У зот алайҳиссалом яна ҳалиги ҳолатда ҳазрати Умар билан ҳам гаплашдилар. Сўнгра Усмон разияллоҳу анҳу изн сўрадилар. У зот алайҳиссалом ёнбошлаган ҳолатларидан ўтирган ҳолатга ўзгариб, кийимларини тўғрилаб, кейин ҳазрати Усмонни қабул қилдилар. Сўнгра ҳазрати Усмон чиқиб кетганларида мен: “Ё Расулуллоҳ, ҳазрати Абу Бакр кирган эди, ҳолатингизни ўзгартирмадингиз. Сўнгра ҳазрати Умар кирган эди, ҳолатингизни ўзгартирмадингиз. Ҳазрати Усмон кирганда эса, ўтириб, кийимларингизни тўғриладингиз?!” дедим. Шунда Расули акрам алайҳиссалом:

 أَلاَ أَسْتَحِي مِنْ رَجُلٍ تَسْتَحْيِ مِنْهُ الْمَلاَئِكَةُ 

(رواه الامام مسلم)

яъни: “Фаришталар ҳаё қиладиган одамдан мен ҳаё қилмас эканманми?!” дедилар (Имом Муслим ривоятлари).

Усмон разияллоҳу анҳуга Аллоҳ таоло томонидан берилган нодир сифатлардан яна бири чексиз саховат эди. У  зот Исломга кирганларидан бошлаб, умрларининг охиригача ҳар жума куни Аллоҳ таолонинг розилиги учун бир дона қулни озод қилар ва буни ўзларига вазифа қилиб олган эдилар. Агар озод қилгани қул топа олмасалар, кейин топиб, бўлса ҳам озод этар эдилар.

Мадинаи мунавварада сув тақчиллиги вужудга келиб, кишилар ичгани сув топа олмай қолди. Бу ҳолатдан бир ғайридин киши фойдаланиб қолмоқчи бўлди. Унинг Рума номли бир қудуғи бор эди. Ўша қудуқнинг сувини қиммат нархда сота бошлади. Бойроқ кишилар унинг сувидан сотиб олиб, ичдилар, лекин кўпчилик сувсизлик машаққатини чека бошлади. Ана шу чоғда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:  

مَنْ يَشْتَرِي بِئْرَ رُومَةَ فَيَجْعَلَ دَلْوَهُ مَعَ دِلَاءِ المُسْلِمِينَ بِخَيْرٍ لَهُ مِنْهَا فِي الْجَنَّةِ

(رواه الإمام الترمذي)

яъни: “Ким “Рума” қудуғини сотиб олиб, ўз челагини мусулмонлар челаги билан бирга қилса, унга жаннатда яхшироқ қудуқ берилур”, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари). Шунда ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу қарийб ўттиз беш минг дирҳамга сотиб олдилар. (Бу ҳозирги кунда тахминан 350 та ўртача туя қийматига тенг бўлади).  

Бугунги кунда ушбу қудуқ атрофида боғ бўлиб, ундаги хурмолар сони 15500 тупдан кўпроқ. Расмий маълумотга кўра, қудуқнинг чуқурлиги тахминан 37 метрни, кенглиги тахминан 4 метрни, сувнинг баландлиги тахминан 29 метрни ташкил этади. Аллоҳ таолонинг фазли билан ушбу вақфнинг савоби 14 асрдан бери Усмон разияллоҳу анҳуга бориб турибди. Модомики, ушбу қудуқ мавжуд экан, ундан мусулмонлар манфаат олишар экан, Усмон разияллоҳу анҳуга савоб бориб туради.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳуни мақтаб шундай деганлар:

لِكُلِّ نَبِيٍّ رَفِيقٌ وَرَفِيقِي فِي الجَنَّةِ عُثْمَانُ بْنُ عَفَّانَ

(رواه الإمام الترمذي)

яъни: “Ҳар бир набийнинг ҳамроҳи бордир. Менинг жаннатдаги ҳамроҳим Усмон ибн Аффондир”, – деганлар (Имом Термизий ривоятлари).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг саҳобаи киромларидан ўн кишига бир пайтнинг ўзида жаннатнинг башоратини берганлар. Ана шу саодатманд зотлар рўйхатида Абу Бакр разияллоҳу анҳу ва Умар разияллоҳу анҳудан кейин, учинчи сирада ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу турадилар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳудан рози ҳолда вафот этдилар. Сарвари олам алайҳиссалом Рафиқи Аълога интиқол қилишларидан олдин қуйидагиларни эълон қилганлар: “Эй одамлар! Албатта, мен Умардан, Усмондан, Алидан, Тол­ҳа ибн Убайдуллоҳдан, Зубайр ибн Аввомдан, Саъд ибн Абу Ваққосдан, Абдурраҳмон ибн Авф­дан ва аввалги муҳожирлардан розиман. Бас, уларнинг қадрини билинглар”, – дедилар.

Шундай қилиб, Усмон разияллоҳу анҳу яна бир катта бахтга эришдилар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам рози бўлиб ўтган саодатманд кишилар рўйхатининг аввалги қисмидан ўрин олдилар.

Ҳазрати Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу ибодатда ва тақвода ҳам пешқадам саҳобалардан эдилар. Ривоят қилинишича, у зот ҳаж кунлари Каъбанинг олдида бир ракъатда Қуръонни тўлиқ хатм қилар эканлар. Бошқа кунлари ҳар жума куни Қуръонни хатмини бошлаб, пайшанба куни тамомлар эканлар. Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу Қуръон тиловати ҳақида шундай дер эканлар:

إِنِّي لَأَكْرَهُ أَنْ يَأْتِيَ عَلَيَّ يَوْمٌ لَا أَنْظُرُ فِيهِ إِلَى عَهْدِ اللهِ يَعْنِي الْمُصْحَفَ

(رواه الامام البيهقي)

яъни: “Мен бирор кунимни Аллоҳнинг бу аҳди (яъни, Қуръон)га қарамасдан ўтказишимни ёқтирмайман” (Имом Байҳақий ривоятлари).

Бошқа ривоятда:

حُبِّبَ إليَّ مِنَ الدُّنْيَا ثَلاثٌ: إِشْبَاعُ الجَوْعَانِ، وَكِسْوَةُ العُرْيَانِ، وَتِلاَوَةُ القُرْآنِ

яъни: “Менга дунёдаги учта нарса яхши кўрсатилди: Очларни тўйдириш, кийимсизларни кийинтириш ва Қуръонни тиловат қилиш”.

Дарҳақиқат, ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу ушбу хайрли ишларни канда қилмас эдилар. Тобеинлардан Шураҳбил ибн Муслим у зотнинг тақвоси ва саховати ҳақида сўз кетганда шундай дер эди: “Усмон разияллоҳу анҳу одамларга амирларнинг таомини едирар эди. Ўзи эса уйига кириб, сирка билан зайтун ер эди”.

Шунингдек, таҳажжуд намози билан тунларини бедор ўтказиш, кундузлари узлуксиз рўза тутиш у зотнинг одатлари ҳисобланган эди. Ибодатга бўлган бу олий ҳимматларини кўрган кишилар бундан қаттиқ таъсирланишарди. Саҳобалардан Ибн Умар разияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг:

 أَمَّنْ هُوَ قَانِتٌ آنَاء اللَّيْلِ سَاجِدًا وَقَائِمًا يَحْذَرُ الآَخِرَةَ وَيَرْجُو رَحْمَةَ رَبِّهِ

яъни: Ёки кечалари сажда қилган ва тик турган ҳолда ибодат қилувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвадигорининг раҳматидан умид қиладиган киши (билан бошқалар баробарми?!) (Зумар сураси, 9-оят) ояти ҳақида “Бу ҳазрати Усмон ибн Аффон ҳақларидадир”, – деганлар.

Ҳазрати Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу халифаликлари даврида ўзларидан аввалги халифаларнинг ишларини давом эттириб, мусулмонлар оммаси учун фойдали бўлган катта ишларни амалга оширдилар. Жумладан, Қуръондан нусхалар кўчиртириб, барча ўлкаларга тарқатиш, Масжиди Набавийни кенгайтириш, мусулмонлар учун денгиз флотини ташкил этилиши, Жума намозида биринчи азоннинг зиёда қилиниши, қўриқхоналар ташкил қилиш, масжидларни хушбўй қилиш ва муаззинларга маош белгилаш каби ислоҳатларни жорий қилдилар.

Муҳтарам жамоат! Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётлик пайтларида ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу фитначилар томонидан шаҳид қилинишини айтган эдилар. Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳунинг умрларининг охирида айрим мунофиқ кимсалар фитна қўзғаб, одамларни халифага қарши қайрадилар. Иш катталашиб, фитначи тўдалар Мадинага бостириб келиб, ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳунинг ҳовлиларини қамал қилишганида, Мадинадаги низом бузилди, Усмон разияллоҳу анҳу беҳуда қон тўкилмаслиги учун саҳобалардан уруш қилмасликни талаб қилдилар. Бошқа вилоятлардан Усмон разияллоҳу анҳунинг ҳимоясига мададлар етиб келишига оз қолганида қўзғолончилар қўрқиб, девордан ошиб тушиб, ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳунинг ҳовлиларига киришди. Уша пайтда у зот Аллоҳ таолонинг

   الَّذِينَ قَالَ لَهُمُ النَّاسُ إِنَّ النَّاسَ قَدْ جَمَعُوا لَكُمْ فَاخْشَوْهُمْ فَزَادَهُمْ إِيمَانًا وَقَالُوا حَسْبُنَا اللَّهُ وَنِعْمَ الْوَكِيلُ

яъни: “Кишилар уларга: “Одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар”, деганда бу уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: “Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли, У қандай яхши вакил!” дедилар” оятини қироат қилиб ўтирар эдилар (Оли Имрон сураси, 173-оят).

У киши уларга эътибор ҳам бермасдан тиловат қилавердилар. Фитначилар ўзларининг жирканч жиноятларига қўл уришганида ҳам ҳеч қаршилик қилмай, Аллоҳнинг Китобини ўқийвердилар. Фақат хиёнат қиличининг бир зарбаси қўлларини кесганида: “Аллоҳга қасамки, бу қўл Қуръон оятларини биринчи бўлиб ёзган қўл эди”, дедилар, холос. Қон отилиб, мусҳаф саҳифаларига тушаётганини кўриб, дарҳол қўлларини ўзларига тортиб олдилар. Шундай қилиб икки нур соҳиби – ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу ҳижрий 35 йил 18 зулҳижжа, жума куни фитначилар томонидан шаҳид қилиндилар.

Аллоҳ таоло Усмон разияллоҳу анҳудан рози бўлсин. Бу зотни Ислом уммати учун қилган улкан хизматларини қабул айлаб, Ўзи мукофотласин! Омин!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ибодатга сарф қилинган пул қачон исроф ҳисобланади?

31.01.2025   1049   7 min.
Ибодатга сарф қилинган пул қачон исроф ҳисобланади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Келинг, ўзимизга бир неча саволлар берайлик. Исроф нима? Ибодатга сарф қилинган пул қачон исроф ҳисобланади? Умрага бораётган инсон садақа қилишга мажбур, Туркияга бораётганларга бу шарт эмасми? Тўйда минг долларга мебел олиш зарурат, қайта-қайта ҳажга бориш ортиқча иш бўлиб қолдими? Ўзи нафл ҳаж ва умраларга салафи солиҳларимиз қандай қарашган? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт марта умра қилганларида Мадинадаги барча эҳтиёжларни раво қилиб, кейин кетганларми? Энг муҳим савол: Динга адовати бор кимсалар, мусулмонларнинг иймоний эҳтиёжларини қачон эҳтиёж ўрнида қабул қиласиз?

Ушбу кичик мақоламизда, қайта-қайта умра қиладиган инсонларни бошқа эҳтиёжларга пул ажратмаганликда айблашни шаръий мезонда таҳлил қиламиз. Ҳақиқатан ҳам ислом динида кўп бора умра қилиш хуш кўрилмайдими? Бу муборак сафарга муккасидан кетиш умрни ва маблағни исроф қилишга кирадими? Аввало, исроф нималигига бироз тўхталсак.

Исроф нима? Исрофга бир қанча таърифлар берилган. Шулардан асосий учтасини келтирамиз:

Исроф – тўхташ талаб этиладиган чегарани бузиб ўтишдир (Тафсиру ғарибил Қуръан, 3/147)

Исроф – шариатда ман қилинган ҳар қандай ишни қилишдир (Таъвилоту аҳли сунна, 3/25)

Имом Журжоний: Арзимаган ишга кўп пул сарфлаш исрофдир, деган (Мавсуъатул ахлақил исламия, 2/109)

Демак, нафл умра қилувчиларни исрофгарликда айблайдиганлар наздида умра арзимаган иш экан. Дарвоқе, бир танишим икки марта Тайланд давлатига бесабаб бориб, бир нечта умранинг пулини ишлатиб келганда биронта одам уни исроф қилганликда айбламади, аксинча, дам олиб келади-да, дейишди. Энди ўйлаб кўринг, соҳил бўйида дам олиш эҳтиёжу, иймоний ҳирсини қондириш эҳтиёж эмасми?

Юқоридаги таърифлардан маълум бўладики, тўхташ талаб этилган чегарадан нариси исроф ҳисобланар экан. Шариатда умранинг чегараси борми? Бирон китобда фалон ададдан кейинги умра макруҳ дейилганми? Истинжода кўпроқ тош ишлатишнинг ҳукмига тўхталиб ўтган шариат умранинг ададига ҳам тўхталиши керак эди. Бироқ нега сукут қилди. Чунки Аллоҳнинг наздида бу ибодатнинг исроф адади йўқ. Аксинча, умрани қайта-қайта қилишга ишора қилувчи ҳадис бор: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умра кейинги умрага қадар орадаги гуноҳларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир” деганлар. (Муттафақун алайҳ).

Такрор ҳаж ёки умра қилиш ўрнига муҳтожларга ёрдам бериш борасида салафи солиҳларнинг муносабатлари қандай бўлган?

Абдураззоқда келади: Товусдан сўрашди: Нафл ҳаж афзалми ё садақами? У киши ҳажнинг афзал эканига ишора қилиб: “Сафар, бедорлик, тик оёқда юриш, Байтни тавоф қилиш, Байт олдида намоз ўқиш қаерда-я” деди.

Бу масалага мазҳаббоши мужтаҳидлар хулосаси қуйидагича бўлган:

  1. Шайх Тақийюддин: Ҳаж садақа қилишдан афзалдир. Аҳмаднинг қавли ҳам шу”, деган (Ал-инсоф, 7/315).
  2.  Абу Ҳанифа: “Нафл ҳаж садақадан яхшидир” деган. (Уъюнул масоил, 332). Ибн Обидин: “Абу Ҳанифа ҳаждаги машаққатларни кўриб, нафл ҳаж садақадан афзал деган сўзга қайтган. Шунинг учун садақа қилмоқчи бўлган пули эвазига ҳаж қилгани афзал” (Раддул муҳтор, 6/662).
  3. Молик айтди: Ҳаж садақадан афзал, илло очлик етган даврда садақа афзал. (Захира, 2/290)

(Бу қавлларда нафл ҳаж ҳақида гап кетмоқда. Зотан, фарз ҳажнинг садақадан устун экани кундек равшан).

Нафл ҳажнинг садақадан афзал экани барча уламолар бир овоздан айтган қавл эмас, албатта. Баъзи олимлар наздида нафл умра ёки ҳаж ўрнига садақа қилиши мустаҳаб. Бироқ шуни унутмангки, садақа қилмай умра қилаётган инсон узоғи борса, мустаҳаб амални тарк қилаётган бўлади. Ҳолбуки, бир киши мустаҳаб амални тарк қилгани учун биров унга танбеҳ бериш мумкин эмас, илло қўл остидаги кишиларга мумкин (Анваршоҳ Кашмирий, Файзул Борий, 2/406).

Албатта, очарчилик келса, бошқаларга ёрдам бериш ҳатто фарз ҳаждан ҳам афзал бўлиши мумкин. Бироқ бизнинг жамиятимиздаги ҳолат очарчилик замонига тушмайди. Қанчадан қанча оилалар оч-ку, дейишингиз мумкин. Бироқ бу ҳолат доим бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Қолаверса, нега ўша оч оилалар ўзингиз тансиқ таомларни пайдар-пай еганингизда эсингизга келмай, биров ибодатга бормоқчи бўлганда тинчингизни бузади?!

Иброҳим алайҳиссалом аҳли ва фарзандини Маккага ташлаб келиб, Аллоҳ таолога шундай дуо қилади: “Бас, Сен Ўзинг одамларнинг дилларини уларга моил қилиб қўйгил” (Иброҳим сураси, 37-оят).

Айтингчи, баъзи мусулмонларнинг Маккага муҳаббати қаттиқ бўлса, ҳар йили умра қилиб келмаса қалби хотиржам бўлмаса, бу Иброҳим алайҳиссаломнинг айни дуоларига мос ҳолат эмасми?  Оят тафсирида Суддий: “Оят мусулмонларнинг қалбларини Маккага талпинадиган қилгин, деган маънода” деган.

Ҳа, бизнинг Маккага муккамиздан кетишимиз Иброҳим алайҳиссаломнинг дуоси ижобатидир. Иброҳим ўша дуода қайта-қайта боришни эмас, балки шунчаки муштоқ бўлиб яшашимизни сўраган, десангиз, унда Иброҳим бизга азобни сўраган эканда. Зотан, висолсиз иштиёқ азобдан бошқа нарса эмас.

Исломнинг устуни бўлган зотлар неча марта умра ва ҳаж  қилишганини бир сира кўриб чиқиб, мақоламизни якунлаймиз.

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 4 марта умра, бир марта ҳаж қилганлар (Бухорий ривояти).
  2. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ ҳаётлик пайтларидаёқ икки марта ҳаж қилган.
  3. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўн марта, баъзи қавлларга кўра тўққиз марта ҳаж қилган.
  4. Усмон розияллоҳу анҳу ҳам тўққиз марта ҳаж қилган.
  5. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу минг марта умраолтмиш марта ҳаж қилган (Ан-нажмул ваҳҳаж, 10/462)
  6. Жаннат райҳони, Расулуллоҳнинг набиралари Ҳасан ибн Алий розияллоҳу анҳу йигирма марта ҳаж қилганлар
  7. Амр ибн Маймун (Абу Бакр ва Умардан ҳадис ривоят қилган катта тобеъин) юз марта умра қилган.
  8. Ёсин ибн Абдуллоҳ йигирма марта ҳаж қилган.

Бу рўйхат шунчалик узунки, йиғсангиз китоб бўлади. Ундан кўра, нафл ҳаж ва нафл умра қилмаганларни санаш осонроқ бўлса керак. Энди ўйлаб кўринг, уларнинг замонида жамиятда пулга муҳтожлар йўқмиди? Фақирлар тугаганмиди? Йўқ, албатта. Лекин бирон олим уларни бировга пул бермаслигда айблаган эмас.

Биродарлар! Бу таҳлилимиздан мақсад бировни қайта-қайта умрага боришга тарғиб қилиш эмас. Балки умрага бораётганларни танқид қилаётганларни огоҳлантириш. Ҳар ким ўзи топган пулига ўзи хўжайин. Ўзингиз зарур бўлмаган нарсаларга пул сарфлаб туриб, кўзингизга бировнинг умра пули кўринмасин. Буни инсон ўзи илғамаса-да, тагида ҳасад ва адоват ётади. Қалбингизни кенг қилинг. Қалби Макка ёки Мадинага боғланиб қолганлардан кир изламанг, аксинча, “Муҳаббати кучли-да”, деб қўйинг бас. “Одамлар бошқа ниятда умра қилишга ўтиб кетишяпти” деган важҳ ҳам ўтмайди. Бу муаммо одамларни умрадан совутиш билан ҳал бўлмайди, балки уларга ихлосни ўргатиш керак. Зотан, ёмон ниятда намоз ўқийдиган одамни намозни тарк этишга чақирилмаганидек, бошқа ибодатлардан ҳам турли баҳоналар билан одамларни қайтариш жоиз эмас.
 

Абдулбосит Абдулвоҳид

Мақолалар