Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) имомимиз охирги тобеъинлардан бири, бир қанча саҳобаларни кўриш, озгина бўлса-да, улардан сабоқ олиш шарафига муяссар бўлган зотдир. У ислом умматининг энг кўп қисмини ташкил қилувчи фиқҳий мазҳаб имомидирлар. Бироқ, бу зот хусусларида тарқалган гапларнинг сон-саноғи йўқ. Баъзилар ул зотни жоҳил, баъзилари бидъатчи, яна бирлари куфрга нисбат бердилар.
Маълумки, ҳанафийлар эътиқодда мотуридийликка асосланган бўлиб, унинг асли Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллохи алайҳ ақидасига бориб тақалади. Хуллас, мотуридий ва ҳанафийлар Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ сингари имон тасдиқ ва иқрордан иборат, унга амал кирмайди, дейдилар. Шунингдек, уларда имон яхлит ҳисобланади, имон зиёда ҳам бўлмайди, кам ҳам бўлмайди. Хатиб Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳ “Тарихи Бағдод” асарида айтишига қараганда, Қози Шарик ибн Абдуллоҳ ан-Нахаъий (р.ҳ.): “Абу Ҳанифа Аллоҳ таолонинг икки оятига куфр келтирган эмиш. Бири, “Намозларини барпо қиладилар ва закот берадилар. Ва мана шу мустаҳкам диндир!” (Баййина, 5) ояти каримаси, иккинчиси эса, “Имонни ўз имонлари билан бирга зиёда қилишлари учун ...” (Фатҳ, 4) ояти каримасидир. Абу Ҳанифа имонни зиёда ҳам бўлмади, кам ҳам бўлмайди, деб ўйлаган. Яна у намозни Аллоҳнинг динидан эмас, деб ўйлаган”, деб айблаган Астағфируллоҳ!
Мана, “такфир” натижаси, унинг аянчли оқибати! Мусулмонлар билиб-билмай ўз имомларини, исломнинг энг буюк мужтаҳид имомларини ҳам бидъатчиликда, жоҳилликда, кофирликда айбалаганлар. Лекин, шуни фахр билан айтаманки, бизнинг халқлар – Ўрта Осиё халқлари ўз имомларини хор қилган эмаслар, айблаган эмаслар. Уларга жуда катта ҳурмат ва эҳтиром билан таъзимда бўлганлар. Қаерда олим хор бўлган, айбланган, таъна тошлари отилган бўлса, у бошқа юртларда бўлиб ўтган. Ўз имомларини масжидларда турганида қавми билан биргаликда портлатиб юборганлар ҳам, ўзларини мусулмон деб билган минг-минглаб одамларни оммавий қатл қилиб туриб, “Мана, биз ислом давлати қурдик”, деб оламга жар солганлар ҳам бошқа юрт вакилларидир, бу ҳолатдаги аянчли ҳодисалар бизда бўлган эмас. Бунга шонли тарихимиз гувоҳ!
Манбалар асосида Жамалов Нуруллоҳон тайёрлади
Бугун, 2 сентябрь куни Бухоро шаҳридаги Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасида янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриш, олдинда турган устувор вазифаларни белгилаш ҳамда таълим сифатини янги босқичга олиб чиқишга бағишланган кенгайтирилган мударрислар кенгаши бўлиб ўтди.
Анъанага кўра, тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Тинчлик-осойишталик, илм даргоҳи фаолияти ривожи ҳамда талабаларнинг илм йўлидаги саъй-ҳаракатларига муваффақият ва барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Шундан сўнг таълим муассасаси директори Жалолиддин домла Сабуров, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Нарзилло домла Аҳмедов ҳамда маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Асадуллоҳ домла Нажмиддиновлар кун тартибидаги асосий масалалар юзасидан маъруза қилдилар.
Кенгаш давомида янги ўқув йилида амалга ошириладиган ташкилий ва ўқув-услубий ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан:
Таълим сифатини ошириш: Дарс машғулотларини юқори илмий савияда, замонавий педагогик технологиялар ва интерфаол усуллар асосида ташкил этиш;
Маънавий-маърифий тарбия: Талаба-ёшларни асрий миллий ва диний қадриятларимизга садоқат руҳида камол топтириш, уларда китобхонлик ва илмга бўлган рағбатни янада кучайтириш;
Ижро интизоми ва масъулият: Устоз-мударрисларнинг йиллик режалари, янги ўқув дастурлари талаблари ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш.
Йиғилиш якунида янги ўқув йилида масъулият ва фидойилик билан меҳнат қилиш лозимлиги қайд этилиб, устоз-мураббийларнинг машаққатли ва шарафли фаолиятига улкан зафарлар тиланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати