Имом Бурҳониддин Марғиноний роҳимаҳуллоҳ «Баёни эътиқоди аҳли суннат вал жамоат» китобининг форсча нусхасининг муқаддимасида айтадилар:
«Имом Нажмиддин Насафий роҳимаҳуллоҳ ушбу ақийда китобини Султон Аҳмад Санжар ибн Маликшоҳ Самарқандга зиёрат ташрифини қилганида ёзганлар. Султон Аҳмад Санжар Систон шаҳри амиридан Самарқанд имомларининг расмий ақийдаси ҳақида сўрайди. (Шоядки, султон Систон шаҳрида Карромия тоифаси пайдо бўлгани учун сўраган бўлса керак). Сўнг Нажмиддин Насафий роҳимаҳуллоҳдан китоб ёзишларини сўрашади. Сўнг ушбу китобга Саййид Носириддин Самарқандий ал-Ҳасаний, Имом Алоуддин Асмандий ва бошқа уламолар тасдиқлаб, имзо қўйишади».
«Баёни эътиқоди аҳли суннат вал жамоат» (форс тилидаги) асаридан 6-бет
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати