Инсон бир манзилдан иккинчи манзилга бормоқчи бўлар экан, албатта, у йўл танлайди. Бир манзилдан иккинчи манзилга боришда йўллар кўп бўлиши мумкин. Баъзи бир йўл кўзланган манзилга тўғридан тўғри борса, баъзи бир йўллар эса эгри, қинғир-қийшиқ йўллардан иборат бўлади.
Мўмин-мусулмон ҳам бу дунёда ҳам яхшилик, охиратда ҳам яхшилик келтирадиган йўлни танлайди. Мўмин-мусулмон юрадиган йўл дўзахга олиб бормайдиган, Аллоҳнинг розилигини топиб, жаннатга элтадиган йўл бўлиши зарур.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз даврларида биз мўмин-мусулмонларга “Аллоҳнинг тўғри йўлини кўрсатиб берганлар. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан бир чизиқни чиздилар ва: “Бу – Аллоҳнинг тўғри йўли”, – дедилар. Чизиқнинг ўнг ва чап томонидан яна (чизиқлар чизиб): “Бу йўллар шундай йўлларки, ҳар бирида шу йўлларга чорлагувчи шайтон туради”, дедилар. Сўнг “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдурки,унга эргашинг ва (турли бошқа) йўлларга эргашмангки, сизларни Унинг йўлидан бўлиб юборур” оятини ўқидилар (Имом Аҳмад ривояти).
Ҳозирги кундаги мусулмонларнинг турли хил ихтилоф қилишлари, бир-бирларини куфрда айблашлари, фитна-фасод тарқатишлари Шайтон чорлаб турган йўллардир. Шайтон чорлаб турадиган йўллардан эҳтиёт бўлиб, Аллоҳ таолонинг ҳақ йўлида ҳаракат қилишимиз лозим.
Аллоҳ таоло барчамизни Шайтон чорлаб турган йўллардан сақланиб, Ўзининг тўғри йўлида бардавом қилсин!
Р, Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими
Жорий йилнинг 2–3 сентябрь кунлари Қоҳира шаҳрида Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти ташаббуси билан нуфузли халқаро анжуман бўлиб ўтади.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этади. Маълумки, жорий йил июль ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Бутунжаҳон Фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти аъзолигига қабул қилинган эдилар.
Халқаро йиғинда дунёнинг таниқли муфтийлари, фатво ва фиқҳ марказлари уламолари, халқаро ташкилотлар вакиллари, Ал-Азҳар дорулфунуни каби нуфузли олийгоҳлар профессорлари ҳамда соҳа мутахассислари жам бўлади.
Кун тартибида сунъий интеллект, жадал рақамлаштириш ва замонавий биоэтика замонида оила институти мустаҳкамлигини таъминлаш, аёллар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, ёшларни зарарли иллатлардан асраш ҳамда маънавий инқирозларга исломий қадриятлар асосида шаръий ва илмий ечимлар топиш масалалари атрофлича муҳокама қилинади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати