Жиҳод сўзи луғатда “ғайрат қилмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ”, “зўр бермоқ”, “бор кучини сарфламоқ”, “курашмоқ”, “меҳнат қилмоқ” каби маъноларни ифодалайди.
Ҳозирги вақтда бузғунчи тоифалар ўзлари илгари сураётган ғояга эришиш ва ғўр ёшларни эргаштириш мақсадида янги “жиҳод” турларини ўйлаб топиб, улардан фойдаланишга уринмоқдалар. Улар кўпгина мусулмонларнинг Ислом аҳкомларини билмаслиги, илмий савияга эга эмаслигидан фойдаланиб, “жиҳод – муқаддас уруш” деган тушунчани тарғиб қилиб, ноҳақ қон тўкилишига сабабчи бўлишади. Бунга уларнинг дунёнинг турли чеккаларида “жиҳод” ниқоби остида содир этаётган қўпорувчилик ҳаракатлари мисол бўла олади. Улар нафақат бошқа дин вакиллари, балки мусулмонларга қарши зўравонлик, қўпорувчилик ҳамда босқинчилик хатти-ҳаракатларини асослаш ва оқлаш учун «жиҳод» тушунчасидан фойдаланмоқдалар.
Жиҳод ҳақидаги оятларнинг барчаси ўрганиб чиқилганида шу нарса маълум бўладики, Исломда жиҳод ҳукми шароитга қараб ўзгариб туради.
Жиҳод икки қисмдан иборат: талаб ва мудофаа. Талаб жиҳоди ҳозир йўқлигига уламолар ижмоъ қилишган. Чунки ҳозирда ҳамма давлатлар урушмасликка келишганлар ва ўзаро алоқалар ўрнатиб, элчихоналар очганлар. Мудофаа жиҳоди душманлар мусулмон юртга уруш қилиб, бостириб кирсалар, ҳимоя учун бўлади.
Қуръони каримда бегуноҳ одамларнинг жонига қасд қилиш қораланади. Жумладан, “Нисо” сурасининг 93-оятида бундай марҳамат қилинади: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай”.
Ҳадисларда ҳам бу борада кўплаб хабарлар келган. Жумладан, Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолонинг наздида бир мусулмон кишининг ноҳақ қатл этилишидан кўра, ёруғ дунёнинг барбод бўлиб кетиши енгилроқдир”, дедилар”.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қўли билан ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Аллоҳ йўлида жиҳод қилган кишидир».
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бизнинг ватанимиз Ўзбекистонда бу каби нотўғри фикрларнинг тарқалишининг олдини олишимиз керак. Уламоларимиздан сўраб, ўрганмай туриб интернет тармоғига ишониб қолмаслигимиз керак. Умуман, ғаразгўйларнинг алдовига ёшларимиз илиниб қолмасликлари учун барча чораларни кўришимиз лозим.
Акбарали Юсуфжанов
Учқўрғон туман Саидхон эшон жомеъ масжиди имом хатиби
Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказининг Катта мажлислар залида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» мавзусидаги I илмий-амалий анжумани бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу нуфузли тадбирда Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, шунингдек, диний таълим муассасалари раҳбарлари, бош имом-хатиблар ва ОАВ вакиллари иштирок этмоқда. Анжуманга жами 700 нафарга яқин педагог ва соҳа вакиллари жалб этилган бўлиб, уларнинг 300 нафари бевосита залда, 400 нафари эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашмоқда.
Сўзга чиққан нотиқлар сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий соҳани такомиллаштириш ва замонавий кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга тўхталиб ўтмоқда. Таъкидланганидек, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ислом институти ва мадрасаси ҳамда 4 та халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши илм аҳлига кенг имкониятлар эшигини очди. Тошкент ислом институтида магистратура очилди, тизимдаги 510 нафар педагогнинг 50 нафардан ортиғи PhD ва DSc илмий даражаларига эга бўлди.
Шунингдек, юртимиздаги диний таълим муассасаларига Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси устозлари жалб этилди. 90 та фан дастури ва янги авлод дарсликлари яратилди. Мир Араб, Хадичаи Кубро, Ҳидоя ва Кўкалдош мадрасалари замонавий биноларга эга бўлиб, Иордания, Миср ва Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликлар ривожланмоқда.
Ушбу нуфузли анжумандан кўзланган мақсад ҳам профессор-ўқитувчилар учун илмий-амалий мулоқот майдонини яратиш, педагогларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, таълим жараёнига рақамли ва инновацион усулларни кенг жорий этишдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати