Рўзадор киши ҳалим бўлиши, ўзгалар билан уришиб тортишмаслиги, жаҳли чиққан вақтда ҳам ўзини қўлга ола билиши рўзанинг одобларидан ҳисобланади. Бу ҳақида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: » الصِّيَامُ جُنَّةٌ إِذَا كَانَ أَحَدُكُمْ صَائِمًا فَلاَ يَرْفُثْ وَلاَ يَجْهَلْ فَإِنِ امْرُؤٌ قَاتَلَهُ أَوْ شَاتَمَهُ فَلْيَقُلْ إِنِّى صَائِمٌ إِنِّى صَائِمٌ «. رَوَاهُ اَبُو دَاوُدَ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза қалқондир. Қачон бирортангиз рўзадор бўлса ёмон гап гапирмасин, жоҳиллик қилмасин. Агар бирор киши у билан урушса ё уни ҳақорат қилса: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин”, дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.
Ҳадиси шарифдаги “қалқон” дея таржима қилинган “жуннатун” калимаси луғатда “тўсувчи”, “ҳимоя қилувчи” каби маъноларни англатади. Шунга кўра уламолар ушбу калимадан қандай маъно кўзлангани ҳақида қуйидагиларни айтганлар:
– Рўза, гуноҳ маъсиятлардан ҳимоя қилувчидир. Чунки у туфайли рўзадор танасидаги шайтон юрадиган йўллар бўлган таом ва қон йўллари тораяди. Ана шу эътибордан рўза уни гуноҳлардан ҳимоя қилувчи бўлади;
– Рўза, дўзахдан тўсувчидир. Чунки иймон ва савоб умидида тутилган рўза рўзадорнинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўлади. Ана шу эътибордан у дўзахдан тўсувчи бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларининг давомида рўзадорга “ёмон гап гапирмасин”, дея тайинлаганлар. Яъни, бировни ҳақоратлаш, биров устидан кулиш, лаънат айтиш ва фаҳш гапларни гапириш каби шариат ман қилган гаплардан қайтарганлар. Демак, рўзадор киши ҳалим бўлиши, ўзгалар билан уришиб тортишмаслиги, жаҳли чиққан вақтда ҳам ўзини қўлга ола билиши рўзадорнинг одобларидан ҳисобланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадорнинг яна бир сифатини таъкидлаб “жоҳиллик қилмасин”, деганлар. Яъни, рўзадор шариат ман қилган нотўғри сўзларни гапирмасин ва нотўғри ишларни қилмасин. Шунга кўра рўзадор кишини биров уришиб ҳақорат қилган тақдирда ҳам: “мен рўзадорман, мен рўзадорман” дейиши ва унинг ҳақоратига “жавоб” қайтаришдан ўзини тийиши лозим. Ана шунда у рўзанинг ҳурматини сақлаган ҳамда мазкур ҳурмат сабабли ўзига жоҳиллик қилаётган беодоб кимсани ҳам одобга чақирган бўлади.
Демак, рўзадор киши агар мазкур ҳолатларга тушиб қолса, эшитиладиган даражада “мен рўзадорман, мен рўзадорман” дейиши керак. Ана шунда, аввало, ўзининг рўзадор эканини ёдга олиб, шунга муносиб бўлишга ҳаракат қилади. Қолаверса, унга жоҳиллик қилаётган кимсага ҳам рўзанинг ҳурмати туфайли унинг беадабчилигига сабр қилишини, ёмонлигига яраша жавоб бермаслигини билдириб қўяди.
Эътибор бериладиган бўлса аслида рўза бўлмаган пайтларда ҳам уни қилиш мумкин бўлмаган ишлардан рўзада таъкидлаб қайтарилган. Бунинг ҳикмати ҳақида уламолар шундай деганлар: “Инсон бир нарсадан узлуксиз бир ой ўзини сақласа, ўша нарса унинг одатига айланиб мазкур муддатдан кейин ҳам доимо ундан сақланадиган бўлиб қолади”.
Шу маънода ҳозирги кунимизда ҳам айрим муҳим хавфсизликларни инсонларнинг одатларига айлантириш мақсадида баъзи ойларни “ҳаракат хавфсизлиги ойлиги”, ёки “ёнғин хавфсизлиги ойлиги” каби номлар билан аталаётгани барчага маълум бўлган оддий ҳақиқатдир.
Зеро рўзадан кўзланган асосий мақсад бошқа пайт истеъмол қилиш мумкин бўлган ейиш-ичиш каби нарсалардан сақланишдангина иборат эмас, балки нафсни жиловлаш малакасини ҳосил қилишдир.
Демак Рамазон ойида мазкур қайтариқларнинг таъкидланиши фақатгина унинг бошқа ойлардан афзал эканини билдириб қўйиш учун эмас, балки бу ойда одатга айланган ишлар бошқа барча ойларда ҳам бардавом бўлиши учундир. Шунга кўра Рамазонда ўзлаштирилган сифатларни одатларига айлантириб олганларнинг оилаларида ва бундай оилалардан ташкил топган жамиятда тинчлик, тотувлик ва хайру барака бутун йил бўйи давом этади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни дунёда гуноҳлардан, охиратда дўзахдан қалқон бўладиган даржадаги рўза тутиш бахтига муваффақ қилсин.
Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг оилаларию саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин!
Абдулқодир Абдур Раҳим
#Вакилликлар фаолиятидан
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 14 та ҳудудий вакиллиги фаолият юритади. Мазкур ҳудудларда жами 2161 та масжид бўлиб, 3000 дан зиёд имом-хатиб ва имом ноиби хизмат қилади. Вакилликлар фаолиятидан, деб номланган ушбу рукнимизда ҳудудий вакиллар билан туркум суҳбатларни режа қилганмиз. Шу мақсадда Қашқадарё вилоятида бўлдик.
Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби, “Имом Бухорий” ордени соҳиби, Уламолар Кенгаши аъзоси Раҳматуллоҳ домла УСМОНОВ билан суҳбат
– Ассалому алайкум, домла. Суҳбатимизни Сиз вилоят бош имом-хатиби сифатида иш бошлаган даврлардан бошласак. Дастлаб вакиллик фаолиятини таҳлил қилиб, қандай оғриқли нуқталар, тезкорлик билан ҳал этилиши керак бўлган муаммоларни кўрган эдингиз ва бугунги кунда улар қанчалик ҳал этилган?..
– Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ. Бундан роса 14 йил олдин – 2012 йилнинг июль ойида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакили ҳамда вилоят бош имом-хатиби сифатида фаолият бошлаганман. Ўшанда вакилликнинг фаолиятини атрофлича таҳлил қилиб, тизимли ёндашувни талаб этадиган қатор вазифаларни белгилаб олганмиз.
Хусусан, масжидлар фаолиятини ягона тартиб ва талаблар асосида ташкил этиш, имом-хатиблар ва диний соҳа ходимларининг илмий-маърифий салоҳиятини юксалтириш, ижро интизоми ва ҳисобдорликни кучайтириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом диний-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш, жойларда тарғибот-ташвиқот ишларини янада самарали йўлга қўйиш кабиларга алоҳида эътибор қаратдик.
Бугунга келиб вакилликда 22 нафар малакали, ўз ишининг мутахассиси бўлган ходим ишламоқда. Шунингдек, масжидлар билан ишлаш, ҳаж-умра, ахборот медиа, аёл-қизлар, ҳуқуқшунослик, молия-хўжалик каби бўлимлар фаолият юритади. Вакиллигимиз замонавий моддий-техник базага эга бўлиб, рақамли технологиялар ва илғор иш услубларидан самарали фойдаланиб келмоқда.
Масжидларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳужжатлар юритилишини такомиллаштириш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш сифатини ошириш, шунингдек, вакиллик тизимида мазкур йўналишлар бўйича ишларни самарали ташкил этиш, вазифалар ижросини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш мақсадида тегишли бўлимларни ташкил этиш зарурати ҳам бор эди.
Ўтган йиллар давомида мазкур йўналишлар бўйича аниқ режалар асосида тизимли ишлар амалга оширилди. Натижада вилоят вакиллиги ҳамда масжидлар фаолияти янада такомиллаштирилди. Вакиллик тузилмасида тегишли штат бирликлари жорий этилиб, соҳанинг устувор йўналишлари бўйича малакали мутахассислар ишга қабул қилинди. Бу эса фаолиятни самарали ташкил этиш, вазифалар ижросини мувофиқлаштириш, назорат механизмларини кучайтириш ҳамда жойлардаги ишларни сифатли йўлга қўйиш имконини берди.
Имом-хатиблар учун мунтазам малака ошириш ва ўқув-семинарлар йўлга қўйилди, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ва маънавий-маърифий тадбирлар кўлами сезиларли даражада кенгайди. Йилига «Жаҳолатга қарши маърифат» ғоясини кенг тарғиб этиш, экстремизм, терроризм, миссионерлик ва ёт ғояларга қарши курашиш, ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик, гиёҳвандлик, ўз жонига қасд қилиш, эрта турмуш ва ажримларнинг олдини олиш, ёшлар, меҳнат мигрантлари ва ҳарбий хизматчилар билан манзилли ишлаш, соғлом турмуш тарзи, оила мустаҳкамлиги, маънавий қадриятлар, ижтимоий тармоқлардаги виртуал таҳдидлардан ҳимоя, атроф-муҳитни асраш ҳамда маҳаллада тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга қаратилган 35 мингдан ортиқ кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилади.
Ўша даврда имом-хатиб ва диний соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш зарурати бор эди. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ҳамда муфтий ҳазратларининг ташаббуслари ва бевосита бошчиликлари билан масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиблар ва имом-ноиблари ойлик иш ҳақи билан таъминланди. Бу эса уларнинг ижтимоий барқарорлигини мустаҳкамлаш, ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан ва масъулият билан адо этиши учун муҳим омил бўлмоқда.
Таъкидлаш жоизки, муҳтарам Юртбошимиз томонидан берилаётган имкониятлар натижасида вилоятимизда ҳаж зиёрати учун ажратиладиган квоталар йилдан-йилга ошиб, фуқароларнинг муқаддас зиёрат амалини адо этиш имкониятлари кенгайиб бормоқда. Хусусан, 2012 йилда вилоятдан бор-йўғи 150 нафар фуқаро ҳаж зиёратини амалга оширган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич йилига 800 нафардан ошди. Бу эса соҳада амалга оширилган ташкилий ишлар ва зиёратчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифати анчайин ошганини кўрсатади.
– Вилоятдаги 180 дан ортиқ жоме масжидларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, айниқса, тарихий ва меъморий аҳамиятга эга бўлган қадимий масжидларни асл қиёфасини сақлаган ҳолда таъмирлаш ишларида вакиллик маҳаллий аҳоли ва ҳомийлар билан алоқаларни қандай мувофиқлаштирмоқда?
– Вилоятдаги жоме масжидлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг ободлиги ва фаолияти учун муносиб шароит яратиш масаласи доимо эътибор марказимизда бўлиб келмоқда. Бу борада ишлар тизимли, шаффоф ва жамоатчилик билан ҳамкорлик асосида ташкил этилган. Айниқса, тарихий ва меъморий аҳамиятга эга бўлган қадимий масжидларни таъмирлашда уларнинг асл қиёфаси, миллий меъморий услуби ва тарихий қимматини сақлашга алоҳида аҳамият қаратилади. Бундай объектларда ҳар қандай иш тегишли мутахассислар тавсиялари ва белгиланган талаблар асосида амалга оширилади.
Масжидларни ободонлаштириш ва таъмирлаш ишларида маҳаллий аҳоли, саховатпеша ҳомийлар ва жамоатчиликнинг иштироки муҳим ўрин тутади. Вакиллик томонидан ушбу жараёнлар мувофиқлаштирилиб, ҳомийлик ташаббусларининг мақсадли ва самарали йўналтирилиши таъминланмоқда.
Фаолиятимни бошлаган пайтимда вилоятимизда 182 та жоме масжид фаолият юритар эди. Ҳозир уларнинг сони 187 тага етди. Ўтган 14 йил давомида 58 та масжид замон талабларига мос равишда қайта бунёд этилди, 100 дан ортиқ масжидда эса кенг кўламли таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Мисол учун, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида 2 та – Чироқчи туманидаги "Абу Бакр Сиддиқ" ҳамда Китоб туманидаги "Шайх Собир" масжидлари қайта қурилиб, муборак Рамазон ойида масжиднинг янги биноси намозхонларга топширилди.
Шунингдек, намозхонлар учун муносиб ва қулай шароитлар яратиш мақсадида 70 дан ортиқ таҳоратхоналар тўлиқ қайта қурилиб, замонавий талаблар асосида фойдаланишга топширилди.
– Кейинги йилларда вакиллик томонидан имом-хатиблар ва уларнинг ноиблари малакасини ошириш, уларнинг нафақат диний, балки дунёвий, сиёсий-ижтимоий билимларини замон талабларига мослаштириш бўйича қандай тизимли дастурлар ва ўқув семинарлари ташкил этилди?
– Имом-хатиблар ва уларнинг ноиблари малакасини ошириш, уларнинг замон талабларига мос билим ва кўникмаларини шакллантириш Қашқадарё вакиллиги фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси томонидан ташкил этилаётган малака ошириш курслари, ўқув-семинарлар ва қайта тайёрлаш машғулотларида имом-хатиблар ва уларнинг ноиблари мунтазам иштирок этиб келмоқда. Ҳозирги кунга қадар вилоятдаги 187 нафар имом-хатиб ҳамда 91 нафар имом ноиблар Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институтида ҳамда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида малака ва кўникмаларини оширишди.
Айниқса, имом-хатибларнинг олий диний маълумотга эга бўлишини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 2012 йилда вилоятдаги имом-хатибларнинг атиги 16 нафари олий маълумотга эга бўлган бўлса, сўнгги 14 йил давомида бу кўрсаткич кескин ошиб, бугунги кунда имом-хатибларнинг олий маълумотлилари 90 нафардан ошди. Ҳозир ҳам олий маълумотга эга бўлмаган 20 нафар имом-хатиб Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида модул тизими асосида таҳсил олиб, ўз билим ва салоҳиятини оширмоқда. Бу ишлар изчил давом эттирилиб, яқин истиқболда 100 фоиз олий диний маълумотли мутахассислар сифатида шакллантириш мақсад қилинган. Зеро, бугунги кунда имом-хатиблар нафақат диний илм соҳиби, балки кенг дунёқарашга эга, жамият билан самарали мулоқот қила оладиган, замонавий жараёнларни тўғри англайдиган маънавий-маърифий етакчи бўлиши замон талабидир.
– Вилоятдаги Қуръони карим ва тажвид курслари фаолияти ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз...
– Қуръони карим ва тажвид курслари фаолияти аҳоли орасида диний билимларни фақат белгиланган тартиб ва малакали мутахассислар орқали олиш маданиятини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Бу эса ўз навбатида норасмий диний таълим масканлари фаолиятининг олдини олиш, диний саводхонликни ошириш ва соғлом маърифий муҳитни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Вилоят вакиллиги ҳамда Китоб туманидаги "Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом таълим муассасаси қошида фаолият юритаётган Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари орқали ҳар йили жами 1560 нафар тингловчи Қуръон тиловати ва тажвид қоидалари бўйича зарур билим ва кўникмаларга эга бўлмоқда. Бу эса аҳоли диний саводхонлигини ошириш, ёш авлодни илмий-маърифий руҳда тарбиялаш йўлида муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Аёл-қизлар орасида диний-маърифий ишларни юритадиган отинойилар фаолиятини тартибга солиш, уларнинг диний тушунчаларини ўстириш, хотин-қизлар орасида ёт ғоялар тарқалишининг олдини олиш борасида вакиллик қандай натижаларни кўрсата олди?
– Аёл-қизлар ўртасида диний-маърифий фаолият олиб бораётган отинойиларнинг ишини ягона тизим асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган. Илгари бу йўналишда муайян тажриба мавжуд бўлган бўлса-да, фаолиятни мувофиқлаштириш, илмий салоҳиятни мунтазам ошириш ва назорат қилиш механизмларини янада такомиллаштириш зарурати бор эди.
Шу мақсадда ҳар бир отинойининг билим даражаси, фаолият йўналиши ва масъулият доираси қайта кўриб чиқилди. Ҳозирги кунда воҳада фаолият юритаётган жами 284 нафар отинойининг малакасини ошириш мақсадида тизимли ўқув-семинарлар, суҳбатлар ва давра йиғинлари йўлга қўйилди. Таҗрибали уламолар ва мутахассислар иштирокида ақида, фиқҳ, тафсир, ҳадис, миллий қадриятлар, оила мустаҳкамлиги ҳамда замонавий ахборот маконида учраётган мафкуравий таҳдидларга қарши маърифий машғулотлар ташкил этилди. Улар фаолияти мониторинг қилиниб, аҳоли билан ишлаш самарадорлиги доимий таҳлил қилиб борилмоқда.
Бугунги кунда бу ишлар ўзининг амалий натижасини бермоқда. Отинойилар маҳаллаларда хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, уларнинг мурожаатларини ўрганиш, диний саводхонликни ошириш ва соғлом маънавий-маърифий муҳитни шакллантиришда фаол иштирок этмоқда. Айниқса, эрта никоҳ ва ажримларнинг ҳамда ёт ғоялар ва турли бузғунчи қарашлар улар муносиб ҳисса қўшмоқда.
– Дарвоқе, оилавий ажримлар, ўз жонига қасд қилиш ёки жиноятчилик каби оғир ижтимоий муаммолар энг кўп кузатиладиган маҳаллалар билан ишлашда имомларнинг масъулияти ва ҳисобдорлиги қандай бўлмоқда?
– Вакиллик томонидан имом-хатибларнинг маҳалла фаоллари, хотин-қизлар ва ёшлар билан манзилли ишлаш масъулияти янада кучайтирилган. Айниқса, оилавий ажримларнинг олдини олиш, нотинч оилалар билан ишлаш, ёшларни турли салбий таъсирлардан асраш ва жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар ой туманларда сайёр йиғилишлар ўтказилиб, жойлардаги мавжуд ҳолатлар, долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилиб борилмоқда. Мазкур йиғилишларда имом-хатибларнинг масъулияти, маҳаллалар билан ҳамкорлиги ва амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги таҳлил қилинади. Хусусан, ўтган йил якуни бўйича вилоят миқёсида имом-хатиблар томонидан маҳаллаларда мингдан ортиқ оила билан манзилли ишлар олиб борилди. Улар билан ўтказилган суҳбатлар, маънавий-маърифий тадбирлар ва тушунтириш ишлари натижасида бир қатор оилавий низоларнинг олди олиниб, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштиришга эришилди.
Муҳими, имом-хатиблар иши фақат ўтказилган тадбирлар сони билан эмас, балки инсонлар тақдирига ижобий таъсир кўрсата олган амалий натижалари билан баҳоланмоқда. Шунинг учун имомларимиз маҳаллада халқ билан яқин мулоқот қиладиган, оила, жамият барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшадиган маънавий-маърифий раҳнамо сифатида ўз масъулиятини чуқур англаб, фаолият олиб бормоқда.
– Ижтимоий тармоқларда даъват ишларини олиб бориш, nasafziyo.uz сайти ва ижтимоий саҳифаларни юритишда вакиллик қошида махсус медиа гуруҳ ёки замонавий кадрлар жамоаси шакллантирилганми?
– Бугунги ахборот асрида интернет маконидаги диний-маърифий фаолият муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу боис, вакиллик томонидан замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш, ижтимоий тармоқларда аҳоли, айниқса, ёшлар билан мулоқотни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада вакилликда замонавий талабларга жавоб берадиган медиа хонаси ташкил этилиб, зарур замонавий техник жиҳозлар билан таъминланди. Шунингдек, диний-маърифий контентларни тайёрлаш, таҳрир қилиш ва кенг жамоатчиликка етказиш йўналишида фаолият олиб борувчи малакали кадрлар жалб қилинган.
Мазкур тизим орқали ўн бир йилдан буён фаолият юритиб келаётган nasafziyo.uz веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар мунтазам юритилмоқда. Шунингдек, 2017 йилда ташкил этилган Telegram канали бугунги кунда кенг аудиторияга эга бўлиб, аҳолига тезкор ва ишончли диний-маърифий ахборотларни етказишда муҳим ахборот майдонига айланган.
Шунингдек, бугунги кунда вилоятимиздаги ҳар бир масжиднинг Telegram, YouTube, Facebook ва Instagram саҳифалари ҳамда гуруҳлари фаолият юритиб, уларнинг умумий аъзолари сони 310 минг нафардан зиёдни ташкил этади. Жумладан, биргина nasafziyo телеграм каналининг 120 мингдан ортиқ аъзоси бор. Шунингдек, Улар орқали аҳолига долзарб маънавий-маърифий материаллар, диний-маърифий тавсиялар, масжид фаолиятига оид янгиликлар ҳамда эълонлар мунтазам етказиб борилмоқда.
Албатта, рақамли макон доимий равишда янгиланиб бораётгани сабабли бу йўналишдаги ишлар ҳам узлуксиз такомиллаштирилмоқда. Асосий мақсад — замонавий медиа имкониятларидан фойдаланган ҳолда халқимизга, айниқса, ёш авлодга сифатли, ишончли ва таъсирчан диний-маърифий ахборотларни етказиб беришда давомли изланишдамиз.
– Вакилликнинг «Вақф» хайрия жамоат фонди вилоят филиали билан биргаликда кам таъминланган оилалар, етимлар ва ногиронлиги бор шахсларга ёрдам бериш борасидаги фаолияти сўнгги йилларда қанчалик шаффофлашди ва хайрия тадбирлари кўлами воҳа миқёсида қанчалик кенгайди?
– «Вақф» хайрия жамоат фонди вилоят филиали билан ҳамкорликда аҳолига ижтимоий кўмак кўрсатиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва хайрли ташаббусларни амалга ошириш фаолиятимизнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Ёрдамга муҳтож оилалар, етимлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ҳолати ўрганилиб, уларга зарур кўмаклар ўз вақтида етказиб берилмоқда. Жумладан, Рамазон ойи ва Қурбон ҳайити арафасида давлатимиз раҳбари томонидан ажратилган маблағлар белгиланган тартиб асосида эҳтиёжманд оилалар, етимлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга етказиб берилди. Бу хайрли ишлар халқимизга бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Амалга оширилаётган ҳар бир хайрли ташаббус манзиллилик, очиқлик ва адолат тамойиллари асосида ташкил этилиб, воҳамизда хайрия ишларининг кўлами ва самарадорлиги йилдан-йилга ортиб бормоқда. Яқинда кўмакка муҳтож бир оилага уй қуриб беригани ҳам сўзимизнинг бир далилидир.
– Бу заминдан етишиб чиққан улуғ зотларнинг бой илмий мероси, қадамжолари тарихини халқаро ва республика миқёсида тарғиб қилиш борасидаги ишларга ҳам тўхталиб ўтсангиз...
– Бу воҳадан етишиб чиққан Абу Муин ан-Насафий, Абу Бакр ал-Косоний, Абу Ҳафс Насафий, Абу Ҳафс Кеший, Абу Шакур ас-Солимий, Паздавий каби кўплаб алломаларнинг илмий мероси нафақат юртимиз, балки бутун ислом олами маънавий хазинасининг ажралмас қисмидир.
Вакиллик фаолияти давомида ушбу бой илмий-маърифий меросни ўрганиш, тарғиб қилиш ва кенг жамоатчиликка етказишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, алломаларимиз ҳаёти ва илмий фаолияти, улар билан боғлиқ тарихий масканлар ва қадамжоларни ўрганиш, уларнинг маънавий аҳамиятини ёритиш борасида илмий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва тарғибот ишлари амалга ошириб келинмоқда.
Аллоҳ таоло дин равнақи, юрт тинчлиги йўлида хизмат қилаётган барча юртдошларимизни икки дунёда мукофотласин!
ЎМИ Матбуот ва медиа бўлими мутахассиси
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ суҳбатлашди.