Рўзадор киши ҳалим бўлиши, ўзгалар билан уришиб тортишмаслиги, жаҳли чиққан вақтда ҳам ўзини қўлга ола билиши рўзанинг одобларидан ҳисобланади. Бу ҳақида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: » الصِّيَامُ جُنَّةٌ إِذَا كَانَ أَحَدُكُمْ صَائِمًا فَلاَ يَرْفُثْ وَلاَ يَجْهَلْ فَإِنِ امْرُؤٌ قَاتَلَهُ أَوْ شَاتَمَهُ فَلْيَقُلْ إِنِّى صَائِمٌ إِنِّى صَائِمٌ «. رَوَاهُ اَبُو دَاوُدَ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза қалқондир. Қачон бирортангиз рўзадор бўлса ёмон гап гапирмасин, жоҳиллик қилмасин. Агар бирор киши у билан урушса ё уни ҳақорат қилса: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин”, дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.
Ҳадиси шарифдаги “қалқон” дея таржима қилинган “жуннатун” калимаси луғатда “тўсувчи”, “ҳимоя қилувчи” каби маъноларни англатади. Шунга кўра уламолар ушбу калимадан қандай маъно кўзлангани ҳақида қуйидагиларни айтганлар:
– Рўза, гуноҳ маъсиятлардан ҳимоя қилувчидир. Чунки у туфайли рўзадор танасидаги шайтон юрадиган йўллар бўлган таом ва қон йўллари тораяди. Ана шу эътибордан рўза уни гуноҳлардан ҳимоя қилувчи бўлади;
– Рўза, дўзахдан тўсувчидир. Чунки иймон ва савоб умидида тутилган рўза рўзадорнинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўлади. Ана шу эътибордан у дўзахдан тўсувчи бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларининг давомида рўзадорга “ёмон гап гапирмасин”, дея тайинлаганлар. Яъни, бировни ҳақоратлаш, биров устидан кулиш, лаънат айтиш ва фаҳш гапларни гапириш каби шариат ман қилган гаплардан қайтарганлар. Демак, рўзадор киши ҳалим бўлиши, ўзгалар билан уришиб тортишмаслиги, жаҳли чиққан вақтда ҳам ўзини қўлга ола билиши рўзадорнинг одобларидан ҳисобланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадорнинг яна бир сифатини таъкидлаб “жоҳиллик қилмасин”, деганлар. Яъни, рўзадор шариат ман қилган нотўғри сўзларни гапирмасин ва нотўғри ишларни қилмасин. Шунга кўра рўзадор кишини биров уришиб ҳақорат қилган тақдирда ҳам: “мен рўзадорман, мен рўзадорман” дейиши ва унинг ҳақоратига “жавоб” қайтаришдан ўзини тийиши лозим. Ана шунда у рўзанинг ҳурматини сақлаган ҳамда мазкур ҳурмат сабабли ўзига жоҳиллик қилаётган беодоб кимсани ҳам одобга чақирган бўлади.
Демак, рўзадор киши агар мазкур ҳолатларга тушиб қолса, эшитиладиган даражада “мен рўзадорман, мен рўзадорман” дейиши керак. Ана шунда, аввало, ўзининг рўзадор эканини ёдга олиб, шунга муносиб бўлишга ҳаракат қилади. Қолаверса, унга жоҳиллик қилаётган кимсага ҳам рўзанинг ҳурмати туфайли унинг беадабчилигига сабр қилишини, ёмонлигига яраша жавоб бермаслигини билдириб қўяди.
Эътибор бериладиган бўлса аслида рўза бўлмаган пайтларда ҳам уни қилиш мумкин бўлмаган ишлардан рўзада таъкидлаб қайтарилган. Бунинг ҳикмати ҳақида уламолар шундай деганлар: “Инсон бир нарсадан узлуксиз бир ой ўзини сақласа, ўша нарса унинг одатига айланиб мазкур муддатдан кейин ҳам доимо ундан сақланадиган бўлиб қолади”.
Шу маънода ҳозирги кунимизда ҳам айрим муҳим хавфсизликларни инсонларнинг одатларига айлантириш мақсадида баъзи ойларни “ҳаракат хавфсизлиги ойлиги”, ёки “ёнғин хавфсизлиги ойлиги” каби номлар билан аталаётгани барчага маълум бўлган оддий ҳақиқатдир.
Зеро рўзадан кўзланган асосий мақсад бошқа пайт истеъмол қилиш мумкин бўлган ейиш-ичиш каби нарсалардан сақланишдангина иборат эмас, балки нафсни жиловлаш малакасини ҳосил қилишдир.
Демак Рамазон ойида мазкур қайтариқларнинг таъкидланиши фақатгина унинг бошқа ойлардан афзал эканини билдириб қўйиш учун эмас, балки бу ойда одатга айланган ишлар бошқа барча ойларда ҳам бардавом бўлиши учундир. Шунга кўра Рамазонда ўзлаштирилган сифатларни одатларига айлантириб олганларнинг оилаларида ва бундай оилалардан ташкил топган жамиятда тинчлик, тотувлик ва хайру барака бутун йил бўйи давом этади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни дунёда гуноҳлардан, охиратда дўзахдан қалқон бўладиган даржадаги рўза тутиш бахтига муваффақ қилсин.
Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг оилаларию саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин!
Абдулқодир Абдур Раҳим
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бугунги ахборотлашган жамиятда интернет ва ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши натижасида маълумот алмашиш жараёни сезиларли даражада тезлашди. Шу билан бирга, турли мазмундаги ёлғон хабарларнинг тарқалиши ҳам кучайди. Айниқса, диний мазмундаги ёлғон хабарлар жамиятнинг маънавий муҳитига, диний бағрикенгликка ва ижтимоий барқарорликка салбий таъсир кўрсатадиган омиллардан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Диний мазмундаги ёлғон хабарлар деганда диний манбаларга асоссиз равишда нисбат берилган, бузиб талқин қилинган ёки ҳақиқатга мос келмайдиган маълумотлар тушунилади. Бундай хабарлар кўпинча Қуръон оятлари, ҳадислар, машҳур уламолар фикрлари ёки диний воқеалар билан боғлиқ ҳолда тарқатилади. Уларнинг асосий мақсади инсонларнинг диний ҳиссиётларига таъсир қилиш, маълум ғояларни тарғиб этиш ёки жамиятда турли қарама-қаршиликларни юзага келтиришдан иборат бўлиши мумкин.
Ёлғон диний ахборотларнинг кенг тарқалишига бир қатор омиллар сабаб бўлади. Аввало, айрим фуқароларнинг диний билимлари ва медиасаводхонлиги етарли даражада шаклланмагани туфайли улар ҳар қандай маълумотни текширмасдан қабул қиладилар ва бошқаларга тарқатадилар. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда ахборотнинг тезкор тарқалиши ҳам бундай хабарларнинг оммалашишига хизмат қилади. Кўплаб фойдаланувчилар маълумотнинг манбаси ва ишончлилигини текширмасдан уни улашишга мойил бўладилар.
Диний мазмундаги ёлғон хабарларнинг энг салбий оқибатларидан бири жамиятда ишончсизлик муҳитининг шаклланишидир. Асоссиз маълумотлар турли ижтимоий гуруҳлар ўртасида тушунмовчиликларни келтириб чиқариши, диний масалаларда баҳс ва зиддиятларнинг кучайишига сабаб бўлиши мумкин. Натижада жамиятдаги ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат тамойиллари заифлашади.
Бундай хабарлар маънавий ҳаётга ҳам жиддий зарар етказади. Диний масалалар бўйича нотўғри маълумотларни мунтазам қабул қилган инсонларда диннинг асл моҳияти ҳақида хато тасаввурлар шаклланади. Бундай ҳолат диний қадриятларнинг нотўғри тушунилишига, айрим ҳолларда эса мутаассиблик ёки бефарқлик кайфиятларининг юзага келишига олиб келади.
Ёлғон диний ахборотлар мафкуравий хавфсизлик учун ҳам муҳим таҳдид ҳисобланади. Айрим радикал гуруҳлар ва экстремистик оқимлар интернет орқали сохта диний маълумотларни тарқатиш орқали ўз тарафдорларини кўпайтиришга ҳаракат қиладилар. Улар диний манбаларни контекстдан узиб талқин қилиш ёки сохта маълумотларни ҳақиқат сифатида тақдим этиш орқали ёшлар онгига таъсир кўрсатишга уринадилар. Бундай ҳолатлар жамият барқарорлигига ва фуқаролар хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Мазкур муаммонинг олдини олиш учун, аввало, аҳолининг медиасаводхонлигини ошириш зарур. Фуқаролар ахборотни танқидий таҳлил қилиш, унинг манбасини текшириш ва ишончли маълумотларни ёлғон хабарлардан ажрата олиш кўникмаларига эга бўлишлари лозим. Шу билан бирга, диний билимларни фақат ишончли манбалар ва малакали мутахассислардан олиш муҳим аҳамият касб этади. Таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари ва диний-маърифий ташкилотларнинг ҳамкорлиги бу борадаги самарадорликни янада оширади.
Хулоса қилиб айтганда, диний мазмундаги ёлғон хабарлар замонавий ахборот маконининг жиддий муаммоларидан бири ҳисобланади. Улар жамиятнинг маънавий муҳитига, ижтимоий барқарорлигига ва мафкуравий хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли ҳар бир фуқаро ахборотларни қабул қилиш ва тарқатишда масъулиятли бўлиши, диний масалаларда эса фақат ишончли манбаларга таяниши зарур.
Абдулазиз Абдуваҳидов,
Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими