وقال المحققون من أصحابنا رحمهم الله : «إن الإيمان هو التصديق بالقلب، لكن الإقرار شرط لإجراء الأحكام في الدنيا؛ حتى إن من صدق بقلبه ولم يقر بلسانه فهو مؤمن عند الله لوجود التصديق، غير مؤمن في أحكام الدنيا لعدم الإقرار باللسان.
كما أن المنافق لما وجد منه الإقرار دون التصديق فهو مؤمن في أحكام الدنيا لوجود شرطه وهو الإقرار باللسان، وكافر عند الله لعدم التصديق».
وهذا القول مروي عن أبي حنيفة رحمة الله عليه، نص عليه في كتاب العالم والتعلم، وهو اختيار الإمام أبي منصور، والحسين بن الفضل البجلي، وأصح الروايتين عن الأشعري.. أهـ.
? «الكفاية في الهداية» للإمام نور الدين الصابوني رضي الله عنه.
Мутаҳаққиқ асҳобларимиз роҳимаҳумуллоҳ айтадилар: «Иймон - қалб билан тасдиқлашдир. Бироқ, иқрор дунёвий ҳукмларни жорий бўлиши учун шартдир. Ҳатто, ким қалби билан тасдиқ қилиб, тили билан иқрор бўлмаса, тасдиқ қилгани боис Аллоҳнинг наздида мўмин ва тил билан иқрор бўлмагани учун дунёвий ҳукмларда мўмин эмас ҳисобланади. Шунингдек, мунофиқда иқрор топилади-ю, тасдиқ топилмайди. У шарт ҳисобланмиш иқрор топилгани учун дунёвий ҳукмларда мўмин ва тасдиқ топилмагани учун Аллоҳнинг наздида кофир ҳисобланади».
Ушбу калом Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган. «Олим ва матаъаллим» асарида бу борада хужжат келган. Шунингдек бу Имом Абу Мансур роҳимаҳуллоҳ ва Ҳусайн ибн Фазл ал-Бижлий роҳимаҳуллоҳнинг ихтиёри ва Имом Ашъарий роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган икки ривоятдан саҳиҳроғидир».
«Ал-Кифоя фил Ҳидоя» китобидан, Имом Нуриддин Собуний роҳимаҳуллоҳ
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати