Бу дунёда инсон яшар экан доимо юзи ёруғ бўлишига интилади. Айниқса, инсоннинг юзи қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида ёруғ бўлиши жуда ҳам муҳим. Мўмин-мусулмон ҳар доим дуосида “Эй Аллоҳ, икки дунёда юзимни ёруғ қил” деб дуо қилади ва шунга мувофиқ ҳаракат қилади.
Инсоннинг динда бидъат ишларни қилиши уни залолатга етаклайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизлар менинг ва тўғри йўлда юрувчи, ҳидоят топган хулафоларимнинг йўлини тутиб, уни озиқ тишларингиз билан тишлагандек маҳкам ушланглар. Динга янгиликлар киритишдан сақланинглар, албатта, ҳар қандай бидъат – залолатдир" – деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Ислом динида тафриқаларни юзага келтириш, турли хил оқимларга бўлиниш, тарафкашлик қилиш каби ишлар залолатга олиб борувчи бидъатлардир.
Залолат эса қиёмат куни инсоннинг юзини қора бўлишига сабабчи бўлади. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Баъзи юзлар ёруғ ва баъзи юзлар қораядиган Кун (қиёмат)ни эсланг..." (Оли Имрон сураси, 106-оят), деган оятни: "Аҳли сунна вал-жамоат"нинг юзи ёруғ бўлади, аҳли бидъат ва залолатнинг юзи қораяди" - деб тафсир қилганлар (Имом Молик, Имом Дайламий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни турли хил залолатлардан асраб, Ўзининг ҳақ йўлида бардавом қилсин!
Р. Акбаров,
Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда юртимиз озодалигига беқиёс ҳисса қўшиб келаётган 2500 нафардан ортиқ ободонлаштириш хизмати ходимларига озиқ-овқат жамланмалари тарқатди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад машаққатли ва шарафли меҳнати ҳар доим ҳам кўзга кўринавермайдиган соҳа ходимларининг меҳнатини эътироф этиш, уларнинг қалбига байрам шукуҳи, хонадонларига қувонч киритишдир.
Инсон қадрини улуғлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби хайрли ишлар шу кунларда янада кенг қулоч ёзиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилди.
Шунингдек, ҳомийлар томонидан Республикамиз бўйлаб 3500 нафарга яқин ана шундай фидойи ходимларнинг кўнгли хушнуд этилди.
Бу каби хайр-саховатга йўғрилган байрам тадбирлари ўлкамизнинг барча гўшаларида давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати