...Мотуридийнинг мазкур асари тарих жараёнида кўп алломалар асарларига асос солган, улар ижодига туртки бўлган.
Шулардан бири Алоуддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандийнинг шарҳидир. У “Шарҳ таъвилот аҳли ас-сунна” деб номланган.
Шу билан бирга, Мотуридий номи остида ёзилган бир неча сохта асарлар ҳам маълумдир. Масалан: “Фавоид” (қоидалар), бошқа номи “Панднома”, “Китоб ал-Усул”, “Шарҳ ал-Фиқҳ ал-Акбар” асарлари шулар жумласидандир. Бу Мотуридийнинг диний илмлар намояндалари орасида қанчалик машҳур бўлганлигидан далолат беради. Мотуридий кўп шогирдлар етиштирди, улар орасида ислом оламига машҳур алломалар Абул Ҳасан Рустуғфаний, Исҳоқ ибн Муҳаммад Самарқандий ва Абдул Карим Паздавий, Абу Аҳмад Иёзий каби олимлар бор эди. Шогирдлари ўз устозларининг таълимотини давом эттиришгани натижасида мотуридия таълимоти вужудга келган.
Абу Мансур Мотуридий умри давомида фақиҳлар, муҳаддислар билан мулоқотда бўлган ва мунозаралар олиб борган. У ислом динининг ҳанафий мазҳабини Мовароуннаҳрда тарқатиш ва ўзидан кейинги авлодларга қусурсиз етказиш ишига муҳим ҳисса қўшди.
Мотуридий ўз даврининг исломий илмлари соҳасида энг етук билим соҳиби ҳисобланиб, мусулмон дунёси олимлари томонидан тан олинган ва ҳозирда ҳам турли диний асарларда зўр эҳтиром билан тилга олинади.
Мотуридийни улуғлаб “Имом ал-ҳуда” ва “Имом ал-мутакаллимин”, “Ҳидоят йўли имоми ва мутакаллимлар имоми” каби номлар билан ҳам атаганлар.
Муҳаммад Аюб Фахриддинов
Хабар берганимиздек, 19-20 август кунлари Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда.
Бугун, 19 август куни иштирокчилар кутиб олиниб, уларнинг Ислом цивилизацияси марказига саёҳати ташкил этилди. Ташриф давомида меҳмонлар марказнинг бой экспозициялари, Қуръони карим зали, нодир қўлёзмалар ҳамда буюк аждодларимизнинг илмий меросига бағишланган бўлимлар билан яқиндан танишди. Айниқса, замонавий мультимедиа лойиҳалари ва тарихий экспонатлар уларда чуқур таассурот қолдирди.
Устозлар Марказда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ислом маърифатини тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодни миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этишди.
Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам бўлишди. Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишди.
Оқшомда Ислом цивилизацияси маркази биносида маърифий дастур – mapping намойиш қилинди.
Мазкур тадбирлар ислом цивилизацияси меросини тарғиб этиш, диний таълим тизимини янада такомиллаштириб, янги босқичга олиб чиқишда салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати