Мотуридий яшаган давр Сомонийлар ҳукмронлик қилган даврга тўғри келади. Самарқанд дастлаб бу давлатнинг пойтахти бўлиб, сўнгра IХ асрнинг охиридан бошлаб пойтахт Бухорога кўчирилди. Бироқ ўша вақтда ҳам Самарқанд Бухоро билан бир қаторда Мовароуннаҳрнинг иқтисодиймаданий маркази бўлиб қолаверди.
Абу Мансур Мотуридий 870 йилда туғилган, Самарқандда 945 йилда вафот этган ва шаҳар чеккасидаги Чокардиза деган қабристонга дафн этилган.
Баъзи манбаларда унинг Самарқанддаги “Иёзий” мадрасасида таълим олгани қайд этилган. Мотуридий Абу Бакр Аҳмад Жузжоний, Абу Наср Аҳмад Иёзий, Имом Аъзам мазҳабидаги буюк олим Наср ибн Яҳё Балхий, Муҳаммад ибн Фазл кабиларни ўзининг устози деб билган.
Мотуридий фиқҳ ва калом масалалари билан қизиқиб, ҳанафий мазҳаби олимларидан дарс олиб ўз билимини оширади. Шу вақт давомида кўплаб машҳур фақиҳлар ва муҳаддислар билан мулоқотда бўлган ва мунозаралар қилган. Бутун умри давомида қуйидаги асарлар ёзиб қолдирган:
“Китоаб ат-Тавҳид” (“Аллоҳни ягона деб билиш ҳақидаги китоб”), “Китоб алМақомат”, “Каъбий залолатларининг бошланишини рад қилишга бағишланган китоб”, “Муътазила ғавғолари ва ундан қўрқмаслик ҳақидаги китоб баёни”, “Қуръон таъвили китоби”.
Абу Мансур ал-Мотуридийнинг “Шариат асослари”, “Китоб ал-жадал”, “Диалектика ҳақида китоб” каби асарлари ҳам бўлган. Булардан ташқари Мотуридийнинг ислом ҳуқуқшунослигига оид “Усул китоби” асари ҳам маълум.
Мотуридийнинг яна бир асари “Таъвилот аҳли сунна” ёки бошқа бир номи “Таъвилот ал-Қуръон” деб номланади. Мотуридий бу асарда сунний ақидага (таъвилда) зид қарашларни рад қилишга ҳаракат қилади ва Имом Абу Ҳанифанинг қарашларига суянган холда иш кўради. Бу асар Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланади...
Муҳаммад Аюб Фахриддинов
Мисрнинг нуфузли оммавий ахборот воситаларида Тошкентда ўтказилган Халқаро медиафорум якунлари ва Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси глобал маркази сифатидаги ролига бағишланган мақолалар чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, “Al Montasaf” нашри форум 40 та мамлакатдан 200 нафардан ортиқ журналист ва ОАВ вакилларини бирлаштириб, Ўзбекистоннинг маданий ва маънавий машъал сифатидаги мақомини намойиш этгани ҳақидаги фикрни кенг ёритмоқда.
Шунингдек, “Eldameer” нашри Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига эътибор қаратган. Марказ қадимий қўлёзмаларни, жумладан, мамлакатда сақланаётган Мусҳафнинг энг қадимий нусхаларидан бирини тадқиқ этиш ва нашр қилишда нашриётларга амалий ёрдам кўрсатмоқда.
Ушбу кенг кўламли маданий ва маърифий юксалиш Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор ва қўллаб-қувватлаш туфайли мумкин бўлгани таъкидланади.
Бундан ташқари, “Eldameer” нашри саҳифаларида содир бўлаётган уйғонишнинг тарихий аҳамияти қайд этилиб, Ўзбекистон раҳбари шафелигида ислом мамлакатлари ёшлари ўртасида илмий-тадқиқот танловини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Тадбирнинг бой дастури, жумладан, иштирокчиларнинг буюк муҳаддис Имом Ал-Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш учун Самарқандга режалаштирилган ташрифи ҳам ёритилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати