Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Август, 2026   |   9 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:13
Қуёш
05:39
Пешин
12:26
Аср
17:13
Шом
19:16
Хуфтон
20:38
Bismillah
22 Август, 2026, 9 Рабиъул аввал, 1448

Бидъат нима? (2-қисм)

09.04.2022   1238   2 min.
Бидъат нима? (2-қисм)

...Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.


Бидъати саййиа эса – шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, уни шариатимизда рад этилгандир. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:


“مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ” (رَوَاهُ الإمام البُخَارِيُّ وَالإمام مُسْلِمٌ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ).
яъни: “Ким бизнинг динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).


Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадис шарҳида бундай дейдилар: “Бу – динни сохталаштириб, бузишдан асровчи ҳадислар жумласидан бўлиб, муҳим қоидани ўз ичига олган. Яъни, динга зид ва диннинг далиллари, қоидаларига хилоф бўлган ҳар қандай бидъатни рад қилиш лозим эканлигини ифодалайди. Аммо динга зид бўлмаган, шу билан бирга, унинг асосларига таянган ҳолда кейинчалик динни ҳимоялаш учун жорий қилинган амаллар рад этилмайди” (“Фатҳул борий шарҳи саҳиҳил Бухорий” китоби).


Ҳанафий мазҳабининг муҳаққиқ олмларидан Мулла Али Қори шундай дейдилар:
ومعنى الحديث : أن من أحدث في الإسلام رأياً لم يكن له من الكتاب والسنة سند ظاهر أو خفي ، ملفوظ أو مستنبط ، فهو مردود عليه
яъни: “…Ҳадиснинг маъноси, ким Исломда бир “фикр” ўйлаб топса, унга Қуръондан ҳам, суннатдан ҳам, очиқ ойдин ёки махфий, лафзий ёки мустанбат (ижтиҳод қилиб топилган) асос бўлмаса, у (фикр ёки амал) рад қилингандир” (“Мирқотул мафотиҳ” китоби).


Уламоларимиз бидъати ҳасана ва бидъати саййиа ўртасини ажратиб олиш учун асосий мезон бу – шариатимизнинг умумий қоидаларидир, деганлар. Яъни, Пайғамбар алайҳиссалом даврларида кузатилмаган бирор бир амал ушбу шариат қоидаларига мувофиқ келса, залолатга бошловчи бидъат саналмайди. Аксинча, мақталган, яхши бидъат саналади.


Демак, Пайғамбаримиз алайҳиссалом давриларида бўлмаган ҳар бир амал ҳам ёмон бидъат бўлавермайди. Балки, шариатимизнинг умумий қоидаларига зид бўлган ёхуд унга асосланмаган ҳар қандай амал ёки эътиқод залолатга бошловчи бидъат саналади. Ҳар бир мусулмон айнан ушбу бидъатдан сақланиши лозим бўлади.

Авазбек Тўраев

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Озарбайжонлик журналистлар Самарқанддаги Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди

21.08.2026   20816   1 min.
Озарбайжонлик журналистлар Самарқанддаги Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди

"Report" хабарига кўра, ташриф Ўзбекистон бўйлаб медиа-тур доирасида бўлиб ўтди.

Имом Бухорий мақбараси Самарқанд вилоятидаги энг муҳим маънавий ва тарихий обидалардан биридир.

Ташриф давомида Озарбайжон оммавий ахборот воситалари вакиллари Имом Бухорий мақбараси, масжид, музей ва кутубхона вазифасини бажарувчи хонани ўз ичига олган ёдгорлик мажмуаси ҳудуди билан танишди. Журналистларга мажмуанинг яратилиш тарихи, Имом Бухорий ҳаёти ва илмий мероси, шунингдек, унинг ислом илм-фанидаги алоҳида ўрни ҳақида сўзлаб берилди.

Медиа-тур иштирокчилари мажмуанинг музей қисмига алоҳида эътибор қаратди. Бу ерда ислом маданияти ва Имом Бухорий меросига оид қўлёзмалар ва турли тарихий материаллар тақдим этилган. Шунингдек, музейда турли мамлакатлар вакиллари томонидан мажмуага совға қилинган Қуръони карим нусхалари ҳам сақланади.

Иштирокчиларга мажмуа турли мамлакатлардан келган диндорлар учун зиёратгоҳ ва алломанинг маънавий меросини асраб-авайлашнинг муҳим маркази эканлиги ҳақида сўзлаб берилди. Журналистлар мажмуанинг меъморий хусусиятлари ва ташриф буюрувчилар учун яратилган замонавий инфратузилма билан ҳам танишди.

Имом Бухорий энг нуфузли ислом уламоларидан бири ва ислом анъанасидаги энг муҳим ҳадис тўпламларидан бири бўлган "Саҳиҳ ал-Бухорий" ҳадислар тўпламининг муаллифи ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Дунё янгиликлари