بسم الله الرحمن الرحيم
ЗАКОТ – МОЛИЯВИЙ ИБОДАТ
Муҳтарам жамоат! Ислом нуқтаи назарида инсонга берилган мол-мулк ҳам синовлардан биридир. Одам молу давлатини Аллоҳ таоло ва Пайғамбари кўрсатганидек сарф қилса, тўғри йўлга ва эзгуликка ишлатса, мол-мулк унга берилган неъмат бўлади. Агар мол-мулкини гуноҳга ва ер юзида бузғунчилик қилишга сарфласа, бу унинг учун азобга айланади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
إِنَّمَا أَمْوَالُكُمْ وَأَوْلَادُكُمْ فِتْنَةٌ وَاللَّهُ عِنْدَهُ أَجْرٌ عَظِيمٌ
яъни: “Сизларнинг мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз фақат бир синовдир. Улуғ мукофот эса Аллоҳнинг ҳузуридадир” (Тағобун сураси 15-оят).
Мол-дунё фитнаси мўмин учун катта синовдир. Бу синовни ҳамма ҳам енгиб ўта олмайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай дейдилар:
﴿إِنَّ لِكُلِّ أُمَّةٍ فِتْنَةً، وَإِنَّ فِتْنَةَ أُمَّتِي الْمَالُ﴾
яъни: “Ҳар бир умматнинг синови бор. Умматимнинг синови молдир” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
اُبْتُلِيْنَا بِالضَّرَّاءِ فَصَبَرْنَا، وَابْتُلِيْنَا بِالسَّرَّاءِ فَلَمْ نَصْبِرْ
яъни: “Қийинчилик билан имтиҳон қилинганда сабр қилдик. Кенгчилик билан синалганда, сабр қила олмадик”.
Динимизда мол-дунёнинг муҳаббати қалбни эгалламаслиги учун турли садақалар ва инфоқ-эҳсон қилиб туришга буюрилади. Мана шу садақаларнинг бошида бойларга фарз бўлган закот туради. Садақалар ичида энг савоблиси ҳам закотдир. Чунки амаллар ичида энг савоби кўпи фарз амаллардир. Нафл садақалар ундан кейин туради.
Закот – Исломнинг беш фарзидан бири, молиявий ибодатдир. Унинг “ўсиш”, “салоҳият” ва “поклаш” каби маънолари бор. Истилоҳда эса, бой киши маълум бир моллардан зиммасига вожиб бўлган миқдорни камбағалга мулк қилиб беришидир. Закот беришда нисоб (бойликнинг энг кам миқдори) ва йил ўтиши эътиборга олинади. Закот бир йилда бир марта берилади.
Закотнинг фарзлигига Қуръони карим, ҳадиси шарифлар ва умматнинг ижмоси далолат қилади. Аллоҳ таоло шундай дейди:
وَأَقِيمُوا الصَّلاَةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ
яъни: “Намозни қоим қилинг ва закотни беринг...” (Бақара сураси 43-оят). Қуръони каримда худди шу буйруқ саккиз марта такрорланган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ислом беш нарса устига қурилганини зикр қилиб уларни ичида закотни ҳам санадилар (Имом Бухорий ривоятлари).
У Зот атрофдаги мусулмонларнинг закот молларини йиғиш учун ходимлар жўнатар эдилар. Жумладан, Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуни Яманга жўната туриб:
﴿ أَعْلِمْهُمْ أَنَّ اللَّهَ افْتَرَضَ عَلَيْهِمْ صَدَقَةً فِي أَمْوَالِهِمْ تُؤْخَذُ مِنْ أَغْنِيَائِهِمْ وَتُرَدُّ عَلَى فُقَرَائِهِمْ ﴾
яъни: “Уларга маълум қилингки, Аллоҳ таоло уларнинг молида бойларидан олиниб камбағалларига қайтариладиган бир садақани вожиб қилган”, деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).
Закотни бермайдиганларни Аллоҳ таоло қаттиқ азоб билан огоҳлантиради:
وَالَّذِينَ يَكْنِزُونَ الذَّهَبَ وَالْفِضَّةَ وَلَا يُنْفِقُونَهَا فِي سَبِيلِ اللَّهِ فَبَشِّرْهُمْ بِعَذَابٍ أَلِيمٍ
яъни: “...Олтин ва кумушларни кон (махфий хазина) қилиб олиб, уларни Аллоҳ йўлида сарф қилмайдиганларга аламли азоб ҳақида «хушхабар» беринг!” (Тавба сураси 34-оят).
Закот берганда нафақат мол покланади, балки бу билан мўминнинг қалби ҳам покланади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِمْ بِهَا وَصَلِّ عَلَيْهِمْ إِنَّ صَلَاتَكَ سَكَنٌ لَهُمْ وَاللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ
яъни: “Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг ва улар (ҳаққи)га дуо қилинг! Албатта, дуоингиз уларга таскин (тасалли)дир. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир” (Тавба сураси 103-оят).
Демак закот берган киши гуноҳлардан покланади.
“Мўминун” сурасида зикр қилинган, Фирдавс жаннатини мерос қилиб олувчи мўминларнинг бир сифати закот берувчи эканидир. Бу ҳақида шундай дейилади:
وَالَّذِينَ هُمْ لِلزَّكَاةِ فَاعِلُونَ
яъни: “Улар закотни адо этувчидирлар” (Мўминун сураси, 4-оят).
Бу закот ибодати биздан аввалги умматларга ҳам фарз бўлган эди. Қуръони каримда Иброҳим, Лут, Исҳоқ, Яқуб, Исмоил, Мусо ва Исо алайҳимуссаломга закот фарз қилингани ҳақида баён қилинади. Демак, закот ҳам қадимий ибодатлардан биридир. Қуръони каримда Исо алайҳиссалом тилидан айтилади:
وَجَعَلَنِي مُبَارَكًا أَيْنَ مَا كُنْتُ وَأَوْصَانِي بِالصَّلَاةِ وَالزَّكَاةِ مَا دُمْتُ حَيًّا
яъни: “Яна мени қаерда бўлсам баракотли қилди ва модомики, ҳаёт эканман, менга намозни ва закотни (адо этишни) буюрди” (Марям сураси 31-оят).
Муҳтарам жамоат! Закот бериш олтин-кумуш, тижорат учун боқилаётган ҳайвонлар, хом ашё, ишлаб чиқарилаётган барча турдаги ярим тайёр маҳсулотлар ва тайёр маҳсулотлар, қоғоз пуллар, дўкондаги сотиладиган атир-упа, кийим-кечак ва бошқа шуларга ўхшаш нарсалардан ўзи ёки қийматини чиқариш билан бўлади. Аслий ҳожатга кирадиган нарсалар закот бериладиган молларга қўшилмайди. Кундалик (аслий) ҳожатига яшаши учун ҳожатини чиқариб турган нарсалар: уй-жой ва уй жиҳозлари, авто-улов, соғин сигир, ҳар бир касб эгасига ўша касб асбоблари, ейиш учун сақлаб қўйилган озиқ-овқат маҳсулотлари киради. Булардан закот берилмайди.
Демак, кимнинг моли нисоб (85 гр тилла ёки қиймати)га етиб, бир йил тўлса, унга закот фарз бўлади. Ана шу молнинг қирқдан бирини ҳақдорга чиқариб беради. Закотни ажратаётганда ёки бераётган пайтида закот беришни ният қилиши фарздир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2022 йил учун нисоб миқдорини 34 млн сўм деб белгилади. Демак, одамнинг зарурий ҳожатларидан ташқари маблағи ва тижорат моллари 34 млндан ошса, у бойлик даражасига етган бўлади. У энди бошқалардан закот ола олмайди. У шу йилнинг ўзида қурбонлик қилиши, ўзи ва балоғатга етмаган болаларига фитр садақаси бериши вожиб бўлади. Бир йил ўтгач эса бойлиги нисобдан камаймаган бўлса, маблағининг қирқдан бирини закот қилиб беради.
Моли биринчи марта нисобга етган бўлса, бир йил ўтса ҳам нисобдан камайиб кетмаса, закот бериши фарз бўлади. Доим закот бериб юрган кишилар, йил давомида қўшилган бойлиги бир йил айланишини кутиб ўтиришмайди. Ўша қўшилган йилининг ўзида қўлидаги бойлигига қўшиб ҳисоблаб, закот чиқаради.
Тижорат учун сотиб олинган ҳар қандай мол мулкни закот ҳисобига қўшилади. Агар мол-мулк сотиш ниятида олинмаган бўлса, қиймати ҳарчанд баланд бўлса-да, ундан закот берилмайди. Масалан, бирор маҳсулот ишлаб чиқарадиган цех – корхона ва ундаги қимматбаҳо ускуналардан закот берилмайди. Балки уларни ишлатиб топган пулидан закот беради.
Кумуш, қоғоз пуллар ва тижорат молларининг закоти бир-бирига қўшиб ҳисобланади. Лекин чорва молларининг закоти буларга қўшилмасдан, алоҳида ҳисобланади.
Закот бериладиган чорва моллари йилнинг кўп қисмида (6 ойдан кўпроқ) даладан ўтлаб юрган бўлиши керак. Қўлда боқиладиган ҳайвонлардан, модомики тижорат мақсадида боқилмаётган бўлса, закот берилмайди. Тижорат мақсадида олиб боқилаётган ҳар қандай ҳайвонларнинг қиймати тилла-кумуш, қоғоз пул ва тижорат моллари қийматига қўшиб ҳисобланади.
Закот бериладиган чорва ҳайвонлари: қўй-эчки, сигир, туя ва от. Бу чорваларнинг турлари ҳам бир-бирига қўшиб ҳисобланмайди. Алоҳида-алоҳида нисобга етиши шарт бўлади. Қўй қирқтага етса, битта қўй; сигир ўттизтага етса, битта бир ёшни тўлдирган бузоқ; туя бештага етса, битта қўй; урғочи ёки эркак-урғочи отлар аралаш бўлганда, отнинг ҳар биттасидан қийматининг 1/40 и закот қилиб берилади. Бу ҳайвонларнинг сони ортиб борган сари закотга бериладиган сони ўзгариб боради. Уларни батафсил билиб олиш учун фиқҳ китобларга мурожаат қилиш керак. Бунда ҳайвоннинг ўзидан ҳам, қийматини ҳам бериш мумкин. Қайси ҳайвон бўлса ҳам, фақат болаларининг ўзи бўлса, ундан закот берилмайди, лекин катталари билан аралаш бўлса, кичикларини ҳам ҳисобга қўшилади.
Муҳтарам азизлар! Закот олишга ҳақдор кишилар асосан камбағал ва мискинлардир. Закот беришни камбағал ака-ука, опа-сингил ва уларнинг фарзандлари, амаки-амма ва уларнинг фарзандлари, тоға-хола ва уларнинг фарзандларидан бошлаш афзалдир. Юқорида саналганлар ичида ҳақлилар топилмаса, ён қўшни, кейин маҳалла аҳолиси, кейин шаҳар аҳлига беради.
Закотни нисоб миқдорича моли бўлган бой кишига, ўзининг ота-онаси, бобо-момосига, ўзининг ўғил-қизларига ва уларнинг фарзандларига, эр-хотин бир-бирига бериш мумкин эмас.
Шуни эслатиб ўтамизки, ҳақдорларни топа олмайдиганлар закот ва фитр садақаларини масжидларда “Вақф” хайрия жамоат фонди учун қўйилган алоҳида закот қутилари орқали адо қилишлари мақсадга мувофиқдир. Закот ва фитр садақаси учун махсус жамғарма ташкил қилинган бўлиб, маблағларнинг ҳақдорларга етиб бориши шаффоф кўринишда олиб борилади.
Азизлар! Қуйида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг милодий 2022 (ҳижрий 1443) йилги закот нисоби, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича қарорини баён қиламиз:
Шунга кўра, зарурий эҳтиёжидан ташқари бир йил давомида 34 000 000 (ўттиз тўрт миллион) сўм ва ундан ортиқ пул маблағи ёки ушбу қийматдаги савдо-тижорат молига эга бўлган мусулмон киши, жами маблағининг қирқдан бири (1/40)ни ажратиб, уни закот ниятида камбағал ва фақирларга беради.
Бугунги кунда мазкур маҳсулотларнинг Тошкент шаҳар бозорларидаги ўртача нархлари 1 кг. буғдой – 5 минг, 1 кг. арпа – 4 минг, 1 кг. майиз – 50 минг ва 1 кг. хурмо – 40 минг сўм эканлигини инобатга олиб, бу йилги ФИТР садақасининг миқдори қуйдагича этиб белгиланди:
Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя қилади.
Эслатма: Мазкур қийматлар Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланди. Ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.
Барчамизга Рамазон ойи муборак бўлсин! Уни ғанимат билиб, яхшиликлар билан ўтказишни барчамизга насиб қилсин! Омин!
Ўзбекистон элчихонаси томонидан Бобур номли халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда ўзбекистонлик тарихшунос ва бобуршунос олимлардан иборат делегациянинг Покистонга ташрифи амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф Бобур ва Бобурийлар даврига оид тарихий-маданий меросни ўрганиш, Покистон ҳудудида сақланаётган мазкур даврга оид тарихий манбалар, қўлёзмалар, экспонатлар ва артефактлар билан танишиш, шунингдек, икки мамлакатнинг илмий-тадқиқот ва маданий муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил эилди.
Делегация аъзолари дастлаб Лаҳор шаҳрида Бобурийлар даврига оид тарихий обидалар ва манзилгоҳларга ташриф буюриб, ўрганишлар олиб борди. Хусусан, Лаҳор музейи, Ислом галереяси ҳамда қатор илмий-тадқиқот муассасаларида бўлиб, мазкур муассасаларда қатор илмий учрашувлар ўтказди ва бобурийлар даврига оид тарихий манбалар билан танишди.
Лаҳор шаҳридаги Панжоб университети раҳбарияти билан илмий ва академик ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Сафар давомида мазкур университет ҳузуридаги Бобурийлар мероси маркази билан ҳамкорликда Бобурийлар сулоласининг 500 йиллигига бағишланган илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Иштирокчилар Бобур ва Бобурийлар тарихи, уларнинг Марказий ва Жанубий Осиё тамаддунидаги ўрни, мазкур даврнинг сиёсий, маданий ва илмий меросини ўрганиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон олимлари Исломобод шаҳрида Покистон Миллий тилни ривожлантириш департаменти раҳбарияти Қуаид-и-Аъзам университети, Аллома Иқбол университети, Покистон Миллий кутубхонаси ҳамда қатор илмий-тадқиқот муассасаларига ташриф буюриб, қўлёзмалар, бобурийлар даврига оид экспонатлар ва бошқа тарихий манбалар билан танишди.
Ўзбекистон вакиллари Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Илмий ва технологик ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси бош координатори Муҳаммад Иқбол Чоудҳари томонидан қабул қилинди.
Унда Бобур ва Бобурийлар меросини чуқур ўрганиш, уни асраш ва мусулмон дунёси илмий доиралари ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Келгусида мазкур ташкилот билан ҳамкорликда Бобурийлар меросига бағишланган йирик халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Ташрифнинг асосий тадбири Исломобод шаҳрида «Заҳириддин Муҳаммад Бобур: муштарак цивилизациявий мерос ва Ўзбекистон-Покистон муносабатлари кўприги» мавзусида ташкил этилган бўлди.
Конференцияда Покистон Миллий мерос ва маданият вазирининг ўринбосари Фараҳ Наз Акбар, Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев, Покистондаги «Бобур форуми» раҳбари Рамзан Муғал ҳамда тарихчи ва бобуршунос олимлар ҳамда ёш тадқиқотчилар иштирок этди.
Дипломатик ваколатхона раҳбари ўз нутқида икки мамлакат ўртасидаги тарихий, маданий, маънавий ва цивилизациявий алоқалар узоқ тарих ва чуқур илдизларга эга эканини қайд этди.
– Ушбу муштарак тарихда Заҳириддин Муҳаммад Бобур Жанубий Осиёда улкан давлатчиликка асос солгани халқларимизни бирлаштирувчи муҳим тарихий омил бўлди, – деди Ўзбекистон элчиси. – Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон-Покистон муносабатлари барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам ва яқин дўстона мулоқот натижасида икки томонлама муносабатларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Алоқаларнинг бундай даражасида умумий тарихий ва маданий меросни ўрганишнинг нақадар муҳимлиги, бу борада яқиндан ҳамкорлик қилиш икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бобур номли халқаро жамоат фонди раиси ўринбосари Рустам Мамасолиев ўз чиқишида Бобур ва унинг илмий-адабий мероси бутун минтақа тарихида алоҳида ўрин тутишини урғулади.
– Ўзбекистонда Бобур ва бобурийлар меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш борасида жуда катта ишлар амалга ошириляпти, – деди у. – Бобурийлар меросини чуқур ўрганишда покистонлик олимлар ва илмий муассасалар билан қўшма тадқиқотлар, илмий анжуманлар, нашриёт лойиҳалари ва академик алмашинувларни кенгайтириш жуда муҳим.
Покистон Миллий мерос ва маданият вазирининг ўринбосари Фараҳ Наз Акбар, ўз навбатида, бобурийларнинг Покистон тарихидаги муҳим ўрнига тўхталди.
– Бобурийларнинг Покистондаги тарихий-маданий меросини асраш ва келажак авлодларга етказишга ҳукумат даражасида эътибор қаратиляпти, – деди Фараҳ Наз Акбар. – Биз Ўзбекистон билан тарихий алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш, илмий ҳамкорлик ва маданий алмашинувларни қўллаб-қувватлашга, буюк аждодларимиз қолдирган меросни биргаликда ўрганиш ва тарғиб қилишга тайёрмиз.
Бобур номли халқаро жамоат фонди делегацияси ташрифи давомида Панжоб вилоятида жойлашган Бобурийлар даврига оид қатор тарихий қадамжоларда ўрганишлар олиб бориши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати