Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Август, 2026   |   10 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:15
Қуёш
05:40
Пешин
12:26
Аср
17:12
Шом
19:15
Хуфтон
20:36
Bismillah
23 Август, 2026, 10 Рабиъул аввал, 1448

Исломда гуруҳ тузиш ҳукми

05.04.2022   1830   3 min.
Исломда гуруҳ тузиш ҳукми

Исломда турли ақидавий-сиёсий фирқа ва гуруҳларни ташкил топтириш, уларга бўлиниш ва Ислом уммати жамоасидан ажралиб чиқиш Қуръон, суннат ва уламолар ижмоъсига биноан ҳаромдир. Бунда уларнинг кўзлаган мақсадларига эътибор қилинмайди!
Бунинг далиллари:
Аввало Қуръон оятларида:
Барчангиз биргаликда Аллоҳнинг арқонини маҳкам ушлангиз ва фирқаланиб кетмангиз” (Оли Имрон 103)
“Уларга очиқ-ойдин баёнотлар келгандан кейин ҳам фирқаланиб ихтилофга тушганлар каби бўлмангиз. Албатта улар учун улкан азоб бордир” (Оли Имрон 105)
“(Эй Пайғамбар) Динларини тафриқа қилиб, ўзлари гуруҳбозлик қилганлар билан ҳеч бир алоқанг йўқ. Албатта, уларнинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Сўнгра қилган ишларининг хабарини берур” (Анъом 159)
Ушбу оятлар тафсирида Имом Насафий раҳимаҳуллоҳ ўзларини “Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил” номли тафсирларида қуйидагиларни айтганлар: “Бўлиниб кетмангиз ва бўлинишни келтириб чиқарувчи ҳолатлардан ҳам узоқда бўлингиз. Ҳақ борасида (яъни Қуръон, ҳадис ва уммат ижмоъси борасида) яҳудий, насронийлар фирқаланиб кетганлари каби ёки Исломдан аввал жоҳилиятда мутаассиб қабилачилик қилганингиз каби бўлиниб олманг”.
Гуруҳга бўлиниш ҳаром бўлгач гуруҳ тузишнинг ҳукми ҳам ҳаром, гуруҳга аъзо бўлишга чақириш ҳам ҳаром бўлади.
Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ Қатода разияллоҳу анҳудан қуйидаги қавлни келтирганлар: “Аллоҳ сизлар учун фирқачиликни ёмон кўрди... сизларни ундан ҳазар қилишга чақирди ва ундан наҳй қилди. У зот сизлар учун .... жамоъатни яхши кўрди ва рози бўлди. Бас, Аллоҳ сиз учун рози бўлган нарсага сиз ҳам рози бўлинг”.
Имом, аллома Замахшарий раҳимаҳуллоҳ ушбу оятлар тафсирида қуйидагича деганлар: “...шунингдек “бу оятлар ушбу умматнинг бидаътчи тоифалари ҳақида нозил бўлган” деб ҳам айтилган”.
Ҳадислардан далиллар:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Яҳудлар етмиш бир фирқага бўлиндилар. Насоролар етмиш икки фирқага бўлиндилар. Умматим эса, етмиш уч фирқага бўлинади. Уларнинг барчаси жаҳаннамда, илло биттаси нажот топади. Ўша нажот топувчиси “буюк қоралик”.
Ҳадисда Ислом умматининг жамоаъси нажот топиши очиқ-ойдин айтилган. Ҳеч бир соғлом ақл эгаси “ҳадисда келтирилган “буюк қоралик” (катта оламон) бу “Ҳизбут-таҳрир” ёки “Салафийлар” ва ё бошқа хусусий лақаблар билан жамоъатдан ажраб чиққан тоифалардир деб айта олмайди. Шунингдек ҳадисда бизлардан аввал динда адашган яҳудий ва насронийларнинг энг катта адашишлари бу—фирқаларга бўлиниб кетганлиги эканига ҳам очиқ ишора бор.
Имом Муслим Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Аллоҳ сизлар учун уч нарсага рози бўлди: ўзигагина ибодат қилиб Унга ҳеч нарсани ширк келтирмаслигингиз, Унинг арқонини (Қуръонни) маҳкам ушлашингиз ва фирқаланиб кетмаслигингиз”. деганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисларида фирқаланиб кетмасликни фарз эканлигида шак-шубҳа йўқ нарсалар бўлган тавҳид ва Қуръонни маҳкам ушлаш билан бир қаторда зикр қилмоқдалар ва Аллоҳнинг розилигини шу нарсаларга боғлиқ эканлигини таъкидламоқдалар.

Толибжон Шарипов.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўзбекистон халқининг 35 та АНЪАНАВИЙ ҚАДРИЯТИ

20.08.2026   25468   42 min.
Ўзбекистон халқининг 35 та АНЪАНАВИЙ ҚАДРИЯТИ

Ўзбекистон халқининг

35 та АНЪАНАВИЙ ҚАДРИЯТИ

 

Бугун азиз Ватанимизнинг ҳар бир фарзандининг юраги ҳапқириб турибди. Негаки, биз Она-юртимизнинг энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрамини, Ўзбекистон Республикаси истиқлолини қўлга киритганининг 35 йиллик шодиёналарини катта тантана қилаяпмиз. 

Жаннатмакон юртимиз, муқаддас Ватанимиз, доно халқимизнинг диний қадриятлари, миллий анъаналари ниҳоятда бисёр, беқиёс ва бетакрор бўлса-да, қутлуғ айём арафасида дориломон кунларга етказгани учун яна ва яна шукр қилиш мақсадида бу йил Мустақиллигимизни 35 йиллигини нишонлаётганимиз учун фақат 35 тасинигина зикр қилмоқчимиз: 

 

1)       Оила муқаддаслиги – жамиятнинг мустаҳкам асоси.

2)       Ота-онага ҳурмат – ота-онани эъзозлаш ва уларнинг хизматларини қадрлаш.

3)       Меҳмондўстлик – меҳмонни очиқ чеҳра ва очиқ кўнгил билан кутиб олиш.

4)       Меҳнатсеварлик – ҳалол меҳнат ва касб-ҳунарни қадрлаш.

5)       Катталарга ҳурмат – оқсоқоллар ва нуронийларни эъзозлаш.

6)       Тинчликсеварлик – тинч-тотув ҳаётга интилиш.

7)       Анъаналарни асраш – миллий урф-одат ва удумларни сақлаш ҳамда давом эттириш.

8)       Маънавият – юксак ахлоқ ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат.

9)       Поклик – уйда, кийимда, танада ва кўнгилда озодаликка риоя қилиш.

10)       Дастурхон саховати – меҳмонни саховат ва меҳр билан кутиб олиш.

11)       Қўшничилик қадриятлари – маҳаллада аҳиллик ва ўзаро ёрдам.

12)       Ёрдамга тайёрлик – яқинлар ва муҳтожларга мурувват кўрсатиш.

13)       Камтаринлик – одобли ва камтарона ҳаёт кечириш.

14)       Ёш авлодга ғамхўрлик – фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор бериш.

15)       Аёлларга ҳурмат – она, рафиқа, опа-сингилларни қадрлаш.

16)       Таълимга интилиш – илм олиш ва билимни қадрлаш.

17)       Ор-номус – ҳалоллик ва виждон билан яшаш.

18)       Маросимларга риоя – миллий маросим ва оилавий удумларни эъзозлаш.

19)       Сўзга содиқлик – ваъдага вафо қилиш.

20)       Матонат ва сабр – қийинчиликларга бардош билан ёндашиш.

21)       Ҳунармандчиликни қадрлаш – миллий ҳунар ва устачилик анъаналарини асраш.

22)       Табиатга меҳр – ер, сув ва атроф-муҳитни авайлаш.

23)       Бағрикенглик – турли миллат, дин ва маданият вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш.

24)       Одоб-ахлоқ – юксак муомала маданиятига амал қилиш.

25)       Миллий байрамларни эъзозлаш – Наврўз, ҳайитлар ва Мустақиллик байрамини қадрлаш.

26)       Адолат – ҳалоллик, тенглик ва қонун устуворлигини қадрлаш.

27)       Миллий мусиқа ва рақслар – аждодлардан мерос бўлган санъатни асраш.

28)       Тил ва маданиятни асраш – ўзбек тили ва миллий меросни эъзозлаш.

29)       Ватанпарварлик – Ватанни севиш ва унинг равнақига ҳисса қўшиш.

30)       Миллатлараро тотувлик – турли миллат ва элат вакиллари ўртасида аҳилликни мустаҳкамлаш.

31)       Жамоавийлик – ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳамкорлик.

32)       Миннатдорчилик – қилинган яхшиликни қадрлаш.

33)       Устозга ҳурмат – устозларни эъзозлаш ва уларнинг меҳнатини қадрлаш.

34)       Миллий кийимлар – миллий маданият ва одоб тимсоли сифатида қадрлаш.

35)       Аждодларга ҳурмат – тарихий мерос ва миллий илдизларни эъзозлаш.

* СИЗ яна қўшишингиз мумкин...

*** ЭНГ муҳими: йўқотиб қўйишдан олдин уларнинг ҚАДРИГА етиш !!!

 

R Қуръони карим ояти карималари;

R Жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадиси шарифлари;

R динимиз асослари;

R шариатимиз аҳкомлари;

R шарқона одобларимиз;

R мазҳабимиз меъёрлари;

R жамиятшунослик алоқалари;

R одамгарчилик муносабатлари;

R инсоний туйғулар;

R руҳшунослик сир-асрорлари;

R юртимиз урф-одатлари;

R ўзбекчилик қоидалари;

R маданиятимиз ахлоқлари;

R инсоний ақл ва ахлоқий нормалар;

R доно мақолларимиз;

R миллий анъаналаримиз;

R диний қадриятларимиз;

R халқимиз онг-тафаккури;

R миллатимиз менталитети,

R анъанавий фалсафаси;

R ўзбек халқининг илғор қадриятлари;

R улуғларимиз ҳикматлари;

R доно халқимиз дунёқараши;

R мусулмончилигимиз кўрсатмалари  

а с о с   в а   н е г и з л а р и д а

 

–     улуғ аждодларимиздан давом этиб келаётган дуру гавҳар ривоятлари ва ноёб ҳикматлари,

–     буюк ота-боболаримиздан эшитиб келаётган тилло билан тенг панд-насиҳатлари ва бетакрор ҳикоялари,

–     меҳрибон ота-оналаримиздан ўрганиб келаётган гавҳар ўгитлари ва мислсиз сўзлари,

–     элимиз таниган ва халқимиз тан олган устозларимиздан таълим олиб келаётган зар тушунчалари ва бебаҳо илмлари,

–     жаннатмакон юртимиз – муқаддас Ватанимиз таълим масканларида таралаётган дурдан аъло фанлар ва беқиёс билимлар,

–     замонавий олимларнинг билимлари, турли соҳа мутахассисларининг ажойиб кашфиётлари,

–     бугунги кунда ва доим керак бўладиган ҳаётий масалалар, долзарб мавзулар, қизиқарли маълумотлар ҳамда халқимиз орасида эътироф этилган мезонлар

дан

улуғ устозларимиз (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)нинг кенг, чуқур ва унумли истифода этиб, бизларга батафсил тақдим этаётган доно халқимизнинг анъанавий қадриятларини асраб авайлаш – ҳам бурчимиз, хам фарзимиз, ҳам қарзимиз!

 

Бу рўйхатни яна кўплаб давом эттириш мумкин... Бироқ фикримизни мухтасар қилган ҳолда Аллоҳдан Ўзбекистон халқининг бундай фазилатлари янада кўпайишини, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимизга сиҳат-саломатлик, оилаларимизга бахт-саодат сўраб қоламиз

 

Аллоҳ таборака ва таоло ҳар бир хонадонга соғлик-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, илоҳий файз-барака, кўпдан-кўп яхшиликлар ато этсин!

Илоҳо жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги учун, муборак динимиз камолоти ҳамда масжиду-мадрасаларимизни ободлиги учун муҳтарам Юртбошимизнинг доно раҳбарликлари остида, ҳукуматимиз томонидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туман раҳбарларининг бошчиликларидаги меҳнаткаш халқимиз олиб бораётган барча хайрли, яхши, савобли ишларда Аллоҳ таоло Ўзи мададкор бўлсин! Турмушимиз обод, хирмонларимиз мўл, оилаларимиз мустаҳкам, болаларимиз ҳар томонлама соғлом, маънавиятимиз юксак бўлсин!

Меҳрибон Парвардигоримиз доно халқимизни доимо турли хил ўринларда ҳар хил шаклларда қилаётган яхши, хайрли, чиройли, савобли ишларини Ўз даргоҳи илоҳийсида қабул айласин! Илоҳо халқимизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, оилаларимизга файзу илоҳий, бахт-саодат, тўкин-сочин дастурхонлар насиб қилсин! Меҳрибон Парвардигоримиз Ўзи – эшитиб турувчи, кўриб турувчи ва билиб турувчи Зот! Ҳаммаларимизнинг дилларимиздаги ниятларимизни, қалбимиздаги орзуларимизни ва барча ҳожатларимизни ўйлаганимиздан ҳам афзали-зиёдаси билан раво қилсин!

Илоҳо деҳқончиликларимизга ва касб-корларимизга хайр-барака бериб, ишларимизда кўпдан-кўп омадлар, муваффақиятлар ва беҳисоб хурсандчиликлар ато этиб, икки дунёда ҳам азизу мукаррам айласин!

 

Иброҳимжон домла ИНОМОВ

Мақолалар