Сўнгги йилларда экстремистик ва террорчи гуруҳлар дин ниқоби остида ўз ҳаракатларини "шаръий" деб ҳисоблаш орқали жамиятда турли ҳил қарама-қаршиликларни юзага келтиришга интилмоқда. Улар ўзларини "мужтаҳид" деб эълон қилган ҳолда неча асрлардан буён мусулмонлар жамоаси эргашиб келаётган мазҳаб таълимотларига зид бўлган турли "фатволар" ни чиқармоқда. Бу эса, бир томондан инсонларни адашиб, нотўғри йўлларга кириб кетишларига сабаб бўлса, иккинчи томондан жамиятда ўзаро тушунмовчилик, адоват кайфиятининг пайдо бўлишига замин яратмоқда.
Шундай экан, Қуръон ва суннатга асосланган ҳолда мусулмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, инсон камолати ва жамият фаровонлиги, ижтимоий барқарорлик ва тараққиётни кўзлаб фатво чиқариш алоҳида билим ва малакани талаб этади. Мўътабар манбаларга кўра, араб тили, Қуръон ва ҳадис илмлари, фиқҳ ва ислом тарихини жуда чуқур ва мукаммал биладиган мужтаҳидларгина шундай ҳукм чиқариш ҳуқуқига эгадир. Бироқ тарих ва замонавий воқелик диндан ёвуз мақсадда ҳам фойдаланиш мумкинлигини кўрсатмоқда. Бундай ҳаракатлар муқаддас ислом динидан фойдаланган ҳолда амалга оширилгани ва оширилаётганини ҳам афсус билан қайд этиш лозим.
Иброҳимжон Қосимхўжаев
Бугун, 2 сентябрь чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг мурожаат ва таклифларини атрофлича тинглади.
Очиқ ва самимий руҳда кечган қабул жараёнида Тошкент шаҳри, Наманган, Фарғона, Андижон, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларидан келган фуқароларнинг диний таълим муассасаларига ўқишга кириш, Умра зиёрати тартиби ҳамда масжидлар фаолиятига доир мурожаатлари бирма-бир кўриб чиқилди.
Учрашув давомида билдирилган масалалар юзасидан фуқароларга шаръий ва ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, баъзи муҳим масалалар бўйича тегишли масъул ходимларга мурожаатларни қисқа фурсатларда қонуний ҳамда ижобий ҳал этиш бўйича аниқ топшириқлар юклатилди.
Эслатиб ўтамиз, аҳоли билан очиқ мулоқотни таъминлашга қаратилган бу каби фуқаролар қабуллари Ўзбекистон мусулмонлари идораси, унинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати