Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг ҳузурига бир йигит кириб келади. У аҳли илмлар ила тортишишни касб қилиб олган бир муллавачча, сўзамол фитначи эди. Тортишиш ниятида эканлигини ва Имом Аҳмаддан бошқа ҳаммани доғда қолдирганини айтади. Имом унинг даъвосини эшитгач, дарҳол сўрайдилар:
- Қанча ҳадис биласан?
- 500 га яқин...
Бу жавобни эшитгач, "Мен сенга мотман!" дейдилар.
Йигит чиқиб кетгач, шогирдлар бу жавобнинг ҳикматини сўрайдилар ва Аҳмад ибн Ҳанбалдан шундай жавоб эшитадилар: - “Илмсиз одамни мот қилиб бўлмайди”.
«ҲИКМАТЛАР ХАЗИНАСИ»
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Бухоро вилоятида жамиятда миллий-диний қадриятларни мустаҳкамлаш, эл-юрт маънавияти ва осойишталигини таъминлаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган диний-маърифий соҳа ходимларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонларига мувофиқ, диний соҳада самарали фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари юксак давлат мукофотлари билан тақдирландилар. Маросимда Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Азизбек Қаландаров иштирок этиб, йиғилганларни қутлуғ айём билан самимий қутлади ва давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
Шунингдек, байрам муносабати билан вилоят ҳокимлиги ташаббуси асосида соҳа фидойиларига махсус ваучерлар тақдим этилди. Тадбирда сўз олганлар давлатимиз томонидан маънавий-маърифий соҳа ходимларига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирдилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов томонидан вилоят вакиллиги тасарруфида самарали хизмат кўрсатиб келаётган бир гуруҳ диний соҳа ходимларига ташаккурномалар топширилди.
Кўтаринки руҳда ўтган маросимларда бундай юксак эътибор ва эҳтиром соҳа фидойиларини эл-юрт фаровонлиги ва динимиз софлигини тарғиб этиш йўлидаги хайрли фаолиятга янада куч-ғайрат билан киришишга руҳлантириши таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати