Фиқҳий мазҳабларнинг келиб чиқиш тарихи саҳобалар ва Набий алайҳиссалом вафот этгандан кейинги келадиган асрга тақалади.
Ҳижратнинг аввалги иккинчи асридан тўртинчи асрнинг ярмигача ижтиҳоднинг олтин даври бўлди. Бу вақт оралиғида мазҳаблари ёзилиб ва фикрларига эргашиладиган ўн учта мужтаҳид намоён бўлишди. Улар: Маккада Суфён ибн Уяйна, Мадинада Молик ибн Анас, Басрада Ҳасан Басрий, Куфада Абу Ҳанифа ва Суфён Саврий, Шомда Авзоий, Мисрда Шофеъий ва Лайс ибн Саъд, Нийсобурда Исъҳоқ ибн Роҳивайҳ, Бағдодда Абу Савр, Аҳмад, Довуд Зоҳирий ва ибн Жарир Таборийлардир.
Улардан тўрттаси жумҳур мусулмонлар томонидан расмий фиқҳий мазҳаблар, деб тан олинди. Улар: Ҳанафий, Шофеъий, Моликий, Ҳанбалий мазҳабларидир.
Бу ўринда шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, бугунги кунда дунёдаги тахминан 1,3 миллиард мусулмон аҳолисининг 92,5 фоизини суннийлар ташкил этади. Улар мазҳаблар бўйича қуйидаги нисбатда бўлинадилар: Ҳанафийлар 47 фоиз, шофеъийлар 21 фоиз, моликийлар 17 фоиз, ҳанбалийлар 7,5 фоиз.
Бу тўрт мазҳаб ўртасида катта фарқлар кўзга ташланмайди. Жуда кўп масалаларда бир хиллик мавжуд. Ўрталарида фақат жузъий ихтилофлар мавжуд.
Демак, фиқҳий мазҳабларнинг вужудга келиш тарихини ўрганар эканмиз, ҳозирги кундаги баъзи мазҳабсизларнинг ёки сохта “салафийлар”нинг: “Мазҳабга эргашиш бидъат”, “Имомга эргашиш суннатдан юз ўгиришдир” каби даъволари пуч эканини кўрамиз. Аксинча фиқҳий мазҳабларнинг тарихий илдизи буюк саҳобалар ва улуғ тобеинлар асос солган йўл эканига гувоҳ бўламиз.
Абдуллоҳ Саматов
Хабар берганимиздек, 19-20 август кунлари Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда.
Бугун, 19 август куни иштирокчилар кутиб олиниб, уларнинг Ислом цивилизацияси марказига саёҳати ташкил этилди. Ташриф давомида меҳмонлар марказнинг бой экспозициялари, Қуръони карим зали, нодир қўлёзмалар ҳамда буюк аждодларимизнинг илмий меросига бағишланган бўлимлар билан яқиндан танишди. Айниқса, замонавий мультимедиа лойиҳалари ва тарихий экспонатлар уларда чуқур таассурот қолдирди.
Устозлар Марказда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ислом маърифатини тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодни миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этишди.
Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам бўлишди. Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишди.
Оқшомда Ислом цивилизацияси маркази биносида маърифий дастур – mapping намойиш қилинди.
Мазкур тадбирлар ислом цивилизацияси меросини тарғиб этиш, диний таълим тизимини янада такомиллаштириб, янги босқичга олиб чиқишда салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати